Консуллик рўйхати
Консуллик рўйхати
Белгиланган тартибда хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетган, шунингдек, олти ойдан ортиқ муддат давомида хорижда вақтинчалик турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинчалик консуллик рўйхатига туришлари лозим.
Хорижга доимий яшаш учун чиққан ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан рўйхатдан ўчирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий консуллик рўйхатига олинадилар.
Хорижга хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, ишга ва ўз оиласи билан бирлашиш учун чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинчалик консуллик рўйхатига олинадилар.
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси борган мамлакатида қонуний тарзда яшаётган бўлса ва мамлакатга олти ойдан ортиқ муддатга борган бўлса вақтинчалик консуллик рўйхатига олинади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари доимий яшаш жойини, шунингдек, иш, ўқиш ёки хизмат сафари жойини олти ойдан ортиқ муддатга ўзгартирганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасига қарашли бошқа консуллик муассасасининг консуллик округи ҳудудига кўчиб ўтган тақдирда олдинги яшаш жойидаги консуллик рўйхатидан (доимий, вақтинчалик) чиқишлари ҳамда янги келган жойларида консуллик рўйхатига олинишлари лозим.
Вақтинча консуллик рўйхатига туриш учун консуллик йиғимлари олинмайди. Доимий консуллик рўйхатига олиш учун 40 Евро миқдорида консуллик йиғими ундирилади. Ушбу тўлов элчихонанинг банк ҳисоб рақамига (Ambassade d’Ouzbékistan, Banque KBC, IBAN CODE: BE 83 7340 2844 1015 EUR, BIC: KREDBEBB, Avenue F.Roosevelt 99, 1050 Bruxelles) пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Фуқаро ўзи яшаб турган мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда, мазкур мамлакат Ўзбекистон Республикасининг хориждаги қайси консуллик округига кирса ўша консуллик округининг консуллик муассасасига мурожаат қилади.
Хорижда доимий яшаётган ва Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш жойига қайтиб келишни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасидаги консуллик рўйхатидан чиқишлари лозим.
Агар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлсалар, улар консуллик рўйхатидан чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қиладилар.