-
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг “Референдум – халқ хоҳиш-иродасининг ёрқин ифодаси” сарлавҳали таҳлилий мақоласи юборилмоқда.
729Референдум – халқ хоҳиш-иродасининг ёрқин ифодаси
Тизимли ишлар
Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – Конституциямизни ислоҳ қилиш борасида ўз вақтида бошланган ва собит давом эттирилаётган ишлар янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Буни амалга оширилаётган тизимли ишлар жараёнидан ҳам кўриш мумкин.
Ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Президентимиз парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этганини халқимиз улкан мамнуният билан кутиб олди.
Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижодкори – халқимиз. Халқимиз томонидан сайланган вакиллар – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат Конституциявий комиссия томонидан аҳолининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тўплангани ва мутахассислар иштирокида пухта ўрганиб чиқилгани фикримиз далилидир. Икки босқичда амалга оширилган халқ фикрини ўрганиш жараёнида пухта такомиллаштирилган Конституция лойиҳаси билан 5 миллиондан ортиқ юртдошимиз танишгани, 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ва лойиҳа олти турдаги экспертизадан ўтказилгани бунинг ёрқин далилидир. Бу фаоллик – халқимизнинг ўз келажагига, эл-юртимиз, мустақил Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғуси сўнгги йилларда нақадар юксалганининг амалдаги ифодаси.
Конституциямизга биноан, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади. Ушбу ваколатлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала батафсил муҳокама қилинди ва референдум санаси белгиланди.
Конституциявий суд Қонунчилик палатасининг конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказишга доир қарорини Конституцияга мувофиқ деб топди. Олий Мажлис Сенатининг 14 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида референдум санасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга кўра, референдумга қўйилаётган масаланинг матни ҳам референдум тайинланганда Олий Мажлис томонидан маъқулланади. Олий Мажлис палаталарининг қарорларида белгиланганидек, жорий йилнинг 30 апрель, якшанба куни бўлиб ўтадиган референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади.
Бир сўз билан айтганда, шу йил 15 март куни матбуотда эълон қилиниб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси том маънода халқ Конституцияси сифатида яратилди.
Масъулиятли жараён
Ўзбекистон Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга биноан, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш Марказий сайлов комиссияси зиммасига юклатилган. Айни кунларда бу масъулиятли жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан референдумга оид қонунчиликда белгиланган тартиб-тамойиллар асосида изчиллик билан мувофиқлаштириб борилмоқда. Аввало, Марказий сайлов комиссиясининг 16 март куни бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси тасдиқланди ва ижросига жадал киришилди.
Марказий сайлов комиссиясининг шу муносабат билан тасдиқланган ва расмий веб сайтида ўша куниёқ эълон қилинган қарорларида бўлажак референдумга тайёргарлик кўришга оид энг муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида референдум округлари тузилиб, мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланди, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малака оширишини ташкил этиш концепциясининг кейинги босқичларини амалга ошириш чоралари белгиланди. Матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган референдум ўтказувчи ўн тўртта округ комиссияси таркибига сайлов ҳамда референдум ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, жумладан, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ва бошқа касб вакиллари киритилди. Референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 аъзодан иборат бўлиб, шулардан аёллар 112 нафарни, яъни 42 фоизни ташкил этди. Округ комиссиялари раҳбарлик (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида фаолият юритаётган аёллар салмоғи эса 38 фоиздир. Округ комиссиялари раислигига илк бор икки аёл тасдиқланди.
Эзгу мақсад
Референдум ўтказувчи 10 минг 758 участка комиссияси аъзолари таркибидан қарийб 117 минг фуқаро жой олди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга кўра, референдум участкалари референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади. Референдум ўтказувчи участка комиссиялари аъзоларининг умумий сифат таркиби таҳлил қилинганда, жами аъзолардан қарийб 80 фоизи сайловларда иштирок этган, тажрибали фуқаролар экани аён бўлади.
Участка комиссиялари аъзолари сафида аёллар иштироки 49,7 фоиз. Айни пайтда комиссиялар раисларининг 37,7 фоизини, раис ўринбосарларининг 40,6 фоизини, котибларнинг 53,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бошқача айтганда, референдум ўтказувчи участка комиссиялари раҳбарлари сафида аёллар ҳар қачонгидан кўп – ўртача 44 фоиз. Референдум ўтказувчи участка комиссиялари таркибида 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари 50,7 фоизни, ногиронлиги бўлган ижтимоий фаол фуқаролар вакиллари салмоғи эса 2129 нафарни ташкил этади.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда гендер тенгликни ва хотин-қизлар ҳуқуқларини амалда таъминлаш, ёшларнинг, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик самарасидир. Шу билан бирга, ушбу рақамлар мамлакатимизда инсон қадри устувор бўлган жамиятга хос юксак маънавиятнинг амалдаги яна бир рўёбидир.
Тайёргарликдаги такомил
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас, албатта. Бу референдум ўтказувчи участка комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги референдум комиссиялари, референдумнинг барча ташкилотчилари ўз ишини миллий қонунчилик ва энг илғор демократик принциплар асосида ҳамда юксак ташкилий даражада амалга оширишини тақозо қилади. Бунда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этиши, табиий.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясига мувофиқ, ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилди. Мазкур концепция асосида ташкил этилган семинар-тренингларда жами 120 мингдан зиёд референдум ташкилотчиси малака оширди.
Ўқув-методик материаллар асосида ўтказилган машғулотларда мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти, референдумни ташкил этиш ва ўтказишда округ ва участка комиссияларининг ўрни, овоз берувчи фуқаролар рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда округ ва участка комиссиялари олдида турган вазифалар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш каби муҳим мавзуларда тушунчалар берилди.
Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳудудларга бириктирилган республика тренерлари тасдиқланган дастур бўйича малака оширган бўлса, кейин уларнинг ўзи 977 ҳудудий тренер учун Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида машғулотлар ўтказди.
Референдум ўтказувчи участка комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмасини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган семинар-тренинглар ҳам замонавий бинолар ва аудиторияларда интерактив усулларда – маъруза, симуляция, референдум жараёнларини моделлаштириш, видеодарс, видеоролик, референдумга оид қўлланмалардан кенг фойдаланган ҳолда ўтказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Машғулотларда тингловчилар сони 21 нафардан кўп бўлмагани малака ошириш сифати ва самарадорлигини юқори даражада таъминлаш имконини берди.
Буни семинар-тренинг машғулотлари якунида тингловчилар топширган тест синовлари ҳам яққол кўрсатди. Синовда иштирокчиларнинг 27 фоизи энг юқори – 100 балл, 73 фоизи 90 ва ундан юқори балл олган бўлса, 0,2 фоиз тингловчининг тўплаган балли 70 дан ошди.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда яратилган “Referendum2023” мобил иловасидан нафақат референдум ташкилотчилари, балки ҳар бир фуқаро референдум мавзусида ўзи истаган қонунни, қарору низомни, йўриқномаю дастурни, илмий, оммавий мақолаларни, қўлланмаю рисолаларни, ҳатто зарур телефон рақамларидан то интерактив харитагача осонгина топиши мумкин.
Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида фаол иш бошлаган Call-марказга 1200 қисқа ва бепул телефон рақами орқали ҳар куни фуқаролардан кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Саволларга референдум қонунчилиги ва амалиёти бўйича малакали экспертлар ва мутахассислар тезкорлик билан жавоб бермоқда.
Янги қулайлик – AR технологиялар орқали овоз бериш куни, овоз бериш участкасини аниқлаш ҳамда референдумга оид бошқа кўплаб маълумотларни ўзбек, қорақалпоқ, рус ҳамда инглиз тилларида олиш мумкин. Яратилаётган бундай қулайликлар самарасида эгалланган билим, орттирилган малака ва амалий тажриба референдумни юқори ташкилий даражада ўтказишга хизмат қилади.
Юксак мақсадларни кўзлаб
Замонавий ахборот технологиялари ҳаётнинг барча соҳаларига, жумладан, миллий сайлов тизимига ҳам дадил кириб бормоқда. Сайлов жараёнларига ахборот технологиялари жорий этиш кўлами ва сифати муттасил ошиб, эришилган натижалар такомилига етказилмоқда.
Жумладан, жорий йилда бўлиб ўтадиган референдум куни овоз бериш жараёнини мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача референдум участкасида ўрнатилган видеокамералар орқали амалга ошириладиган видеотрансляциядан реал вақт режимида (онлайн) кузатиб бориш мумкин бўлади. Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларда, saylov.uz расмий веб сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston-24” ва бошқа телеканаллари орқали ҳам овоз бериш жараёнини узлуксиз кузатиш имконияти яратилади.
Мухтасар айтганда, овоз бериш видеотрансляция қилинадиган референдум участкаларидаги барча жараёнларни нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки хорижда ҳам минглаб одамлар кузатиб бориши мумкин.
Референдум ўтказувчи 14-Тошкент шаҳри округ комиссияси тавсиясига биноан, пойтахтимиз туманларида жойлашган айрим референдум участкаларида референдум куни овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Шу кунларда мазкур тизим жорий этиладиган референдум ўтказувчи элликта участка ҳудудида фуқаролар биометрик идентификация қилиниши ва уни амалга ошириш тартиби борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Референдум жараёнларига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилиши ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг энг юксак халқаро демократик тамойиллар асосида, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтишида муҳим аҳамият касб этади.
Янги имкониятлар
Муддатидан олдин овоз бериш – фуқароларнинг референдумда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим воситаси. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга кўра, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаро муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Жорий йилда референдумда муддатидан олдин овоз бериш 19 апрель куни, яъни эртадан бошланиб, 26 апрель куни якунланади.
Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу референдум участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар амалга оширилади.
Аввалги референдумлар ўтказилган даврда қонунчилигимизда фуқаролар учун бундай қулай имкониятлар назарда тутилмаган эди. Юртимизда референдум охирги марта бундан 20 йил аввал – 2002 йил 27 январда ўтказилган. Ўтган давр мобайнида, айниқса, сўнгги олти йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида, жумладан, миллий сайлов тизимида ғоят улкан ўзгаришлар юз берди.
Инсон қадрини амалда юксалтириш тамойили давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланди. Буни фуқароларнинг сайлов ва референдумга оид ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлаш борасида собитқадамлик билан амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самаралари ҳам кўрсатиб турибди.
Президентимиз 2022 йил 16 июнь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан, референдумга доир қонунга зарур ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши бунинг ёрқин мисолидир.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, мамлакатимиз тарихида биринчи марта референдумда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар иштирок этади. Бу бўлажак референдум жараёнларини умумий ҳисобда 50-60 минг маҳаллий кузатувчи расман кузатиб боради, дегани. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, барча овоз бериш участкаларида уларнинг ва халқаро кузатувчиларнинг референдумни кузатишини эмин-эркин амалга ошириши учун қонунчиликда назарда тутилган барча шароитлар яратилмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлда бўлиб ўтган мажлисида тасдиқланган Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларнинг ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар фаолияти тартиби тўғрисидаги низомда қонундаги мазкур норманинг ижросига оид тартиб-қоидалар батафсил баён қилинган. Шунингдек, қонунга киритилган ўзгартишларга биноан, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида уч кун олдин хабардор қилиши керак.
Сиёсий партиялар аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органлари, судларлар мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади. Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда фақат судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.
Марказий сайлов комиссиясининг жорий йилда бўлиб ўтадиган референдум жараёнларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни референдумга доир қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан, халқаро стандартлар ҳамда амалиётдан келиб чиқиб янада такомиллаштириш, шу жумладан, референдумга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилди.
Доимий эътибор
Мамлакатимизда барча фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ва референдумда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида мустаҳкамланган. Марказий сайлов комиссияси сайловлар ва референдумларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига доимий эътибор қаратиб келади. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси брайль алифбосида чоп этилди.
Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар референдум бюллетенида ўз хоҳиш-иродасини мустақил ифода эта олиши учун ҳар бир референдум участкаси трафарет билан таъминланади. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларини телеканаллар ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифалар орқали сурдотаржимада бевосита кузатиб бориш имконияти яратилди.
Мамлакатимизда биноларни, айниқса, уларнинг кириш ва чиқиш жойларини барпо этиш бўйича халқаро стандартлар жорий этилган. Референдум округлари ва участкалари учун биноларни танлашда ана шундай андазалардан келиб чиқиб, жисмоний имкониятлари чекланган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжлари инобатга олинган. Буларнинг барчаси ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Қўллаб-қувватланаётган интилиш
Жамият ҳаётида демократик тамойилларни мустаҳкамлашда, айниқса, сайловлар ва референдумларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикасининг референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ишлари изчил давом этмоқда. Шу кунгача хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг миссияларидан 80 дан ортиқ кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг референдумга бағишланган барча мажлислари ва бошқа тадбирлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг бевосита ҳозирлигида, очиқ-ошкора ўтаётганини ҳамда кенг ёритилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ҳозиргача маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 651 вакили аккредитациядан ўтказилди. Улар орасида “Reuters” (Буюк Британия), “Цзинцзи Жибао”, “Синьхуа”, CGTN (Хитой), TRT (Туркия), “France-Presse” (Франция), “The Daily Ittehad” (Покистон), “Казинформ”, “Хабар”, “Atameken Business Media Holding”, “Курсив” (Қозоғистон), “Кабар” (Қирғизистон), “Жумҳурият” (Тожикистон) каби нуфузли ахборот агентликлари ва нашрлар бор.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилаётган мажлислар, семинарлар, брифинглар ва бошқа тадбирлар ҳақида ижтимоий тармоқларидаги саҳифалар орқали олдиндан эълон қилиб борилиши яхши самара бермоқда. Эълонда бўлажак тадбирнинг қачон ва қаерда ўтказилиши ҳамда унда қандай масалалар кўриб чиқилиши аниқ айтилиши журналистларнинг ишида жуда қўл келмоқда.
Комиссиямизнинг референдумга бағишланган барча мажлислари тафсилотлари қатор телерадиоканаллар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ҳамда YouTube платформаси орқали бевосита ва мунтазам ёритиб борилмоқда.
Дахлдорлик туйғуси билан
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари қизғин паллага кирганини шундан ҳам билса бўладики, Марказий сайлов комиссия шу кунларда ҳафтасига икки-уч мартадан мажлис ўтказмоқда. Сабаби маълум, референдум кунигача муддат тобора оз – саноқли қолмоқда. Қолаверса, бу – “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуни ва календарь режада белгиланган вазифалар талаби. Ушбу ҳужжатларда тайёргарлик даврида амалга ошириладиган ишлар кунма-кун аниқ белгилаб қўйилган.
Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқланди. Бюллетенга “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга асосан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларида кўрсатилган масаланинг матни (“Конституцияни қабул қиласизми?”) киритилди ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари “Ҳа” ёки “Йўқ” деб кўрсатилди. Шунингдек, бюллетенда уни тўлдириш тартиби тўғрисида ҳам тушунтириш берилди.
Референдум куни овоз бериш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқаронинг референдум участкасига бориб, Ватанимиз, халқимиз ва фарзандларимизнинг келажаги тақдирига дахлдорлик туйғуси билан шахсан овоз бериши – юксак фуқаролик бурчи.
Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” эзгу ғояси негизида барпо этилмоқда. Ушбу улуғвор мақсад халқимизни янгидан-янги марралар сари руҳлантирмоқда. 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум ана шундай буюк мақсадга эришишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Зайниддин Низомхўжаев,
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
-
Мамлакатимизда жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик жараёни ва тарғибот тадбирларида фойдаланиш учун “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан тайёрланган қуйидаги мақолалар тақдим этилмоқда: 1) Элдор Туляков. “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш – устувор вазифа” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида); 2) Элдор Туляков. “Конституцияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлайдиган нормалар назарда тутилган” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида); 3) Анваржон Миркомилов. “Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кучайтирилмоқда” (ўзбек ва инглиз тилларида); 4) Фаррух Хакимов. “Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг ўрни” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида); 5) Жамшид Шарипов. “Демократик ижтимоий давлат барпо этиш – бош мақсад” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида); 6) Фурқат Юнусов. “Монопол фаолиятни чеклаш Конституция билан мустаҳкамланмоқда” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида); 7) Авазбек Холбеков. “Мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатланади” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида). Илова: https://drive.google.com/drive/folders/1H3dFFoFPDWAoG95TzdYdgD-GDWolk2_T?usp=share_link
553Мамлакатимизда жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик жараёни ва тарғибот тадбирларида фойдаланиш учун “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан тайёрланган қуйидаги мақолалар юборилмоқда:
1) Элдор Туляков. “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш – устувор вазифа” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида);
2) Элдор Туляков. “Конституцияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлайдиган нормалар назарда тутилган” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида);
3) Анваржон Миркомилов. “Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кучайтирилмоқда” (ўзбек ва инглиз тилларида);
4) Фаррух Хакимов. “Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг ўрни” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида);
5) Жамшид Шарипов. “Демократик ижтимоий давлат барпо этиш – бош мақсад” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида);
6) Фурқат Юнусов. “Монопол фаолиятни чеклаш Конституция билан мустаҳкамланмоқда” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида);
7) Авазбек Холбеков. “Мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатланади” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида).
Илова: https://drive.google.com/drive/folders/1H3dFFoFPDWAoG95TzdYdgD-GDWolk2_T?usp=share_link
-
Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари! Сизларни 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лоиҳасини қабул қилиш бўйича умумҳалқ референдумида қатнашишга ва овоз беришга таклиф этамиз.
816Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари!
Сизларни 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лоиҳасини қабул қилиш бўйича умумҳалқ референдумида қатнашишга ва овоз беришга таклиф этамиз.
Референдумга овоз бериш участкаси Ўзбекистон Республикасининг Брюссель шаҳридаги Элчихонаси биносида соат 8:00 дан 20:00 гача ташкил этилади.
Референдумда муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 19-26 апрель кунлари cоат 09.00 дан 18.00 гача Ўзбекистон Республикасининг Брюссель шаҳридаги Элчихонаси биносида ўтказилади.
Манзил: Брюссель шаҳри, av. F.Roosevelt 99, 1050 Bruxelles.
Нидерландияда Референдумда муддатидан олдин овоз бериш жорий йил 23 апрель куни cоат 12.00 дан 16.00 гача Роттердам шаҳрида қуйидаги манзилда ўтказилади: Gruttostraat 9, 3083 KZ Rotterdam.
-
Ўзбекистон Президенти хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
568Ўзбекистон Президенти хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
12.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар - Фаластин Давлатидан Жавад Аввад, Япониядан Такаши Хатори, Қатар Давлатидан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакия Республикасидан Виктор Борецки ва Покистон Ислом Республикасидан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади.
Президентимиз ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади. Мамлакатимизда янги элчихоналар очилмоқда, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари географияси ҳам кенгаймоқда. Яқинда юртимизнинг Швеция ва Венгрияда элчихоналари очилди, Тошкентда Қатар Давлатининг дипломатик миссияси ўз ишини бошлади.
Мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёни тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда “инсон – жамият - давлат” тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадларига алоҳида тўхталди.
Бундай кенг кўламли ўзгаришлар мамлакатни тубдан ислоҳ қилишни, комплекс сиёсий, иқтисодий ва маъмурий янгиланишларни изчил олиб боришни талаб этади. Конституциямизни Янги Ўзбекистон воқелигига мос равишда янгилаш жараёни бу йўлдаги катта қадамдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Асосий қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда. Ўндан зиёд йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
- Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор, - деди Президент.
Маросим давомида давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Фаластин – Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради.
Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлиги таъкидланди.
Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Япония элчисига мурожаат қилар экан, давлатимиз раҳбари Токио Ўзбекистоннинг вақт билан синалган стратегик шериги эканини, ушбу мамлакат билан муносабатлар ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бораётганини қайд этди.
Япония юртимиз иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан таъкидланди. 2019 йил декабрь ойида ўтган ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратган Ўзбекистон-Япония саммити тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.
Олий даражадаги ва вазирликлар ўртасидаги мунтазам мулоқотлар томонларнинг амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги юқори эканини кўрсатмоқда. Режалаштирилган кўп томонлама тадбирлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти икки мамлакат ўртасидаги шерикликни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қатар Давлати биз учун яқин дўст, нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфуз ва таъсирга эга мамлакат.
Президентимиз Қатар Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Таний раҳбарлигида эришаётган катта муваффақиятларни юксак баҳолади, футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Дохада БМТнинг энг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ҳамкорлик истиқболларини баҳолар экан, давлатимиз раҳбари бу борада катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Бўлажак Ўзбекистон-Қатар саммити икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш сари тарихий қадам бўлишига ишонч билдирилди.
Таъкидланганидек, энергетика, қазиб чиқариш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, экологик туризм ва фармацевтика соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади.
Президентимиз дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Словакия муносабатлари янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойиб, изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони 2 баравар кўпайгани бундан далолат беради.
Ўзбекистон инвестиция соҳасида, шу жумладан тиббиёт, фармацевтика ва кимё тармоқларининг етакчи компаниялари билан биргаликда аниқ лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти муттасил ошиб бораётган Покистон билан муносабатлар икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқотлари туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 1 миллиард долларга етказиш бўйича йўл харитаси қабул қилинган.
Афғонистонда иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, шу жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини тезда бошлаш Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Покистон томонига БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Тадбир доирасида ҳар бир элчи билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Чет эллик дипломатлар улар вакиллик қилаётган мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистон раҳбари ва халқига самимий саломи ва эҳтиромини етказди. Юртимизда уларнинг дипломатик фаолиятига яратилган шароитлар ҳамда бугунги тадбирда кўрсатилган илиқ қабул ва алоҳида эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Элчилар Президентимиз томонидан илгари сурилган аниқ таклиф ва ташаббуслар ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришда улкан амалий аҳамиятга эга эканини ҳамда Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва самарали шерикликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайрати ва тажрибасини ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.
-
Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган тарқатма материалларни ўзбек ва рус тиллардаги матни, овоз берувчи фуқаролар учун референдум жараёнларига оид нормалар қуйидаги ҳаволада тақдим этилмоқда.
546Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган тарқатма материалларни ўзбек ва рус тиллардаги матни, овоз берувчи фуқаролар учун референдум жараёнларига оид нормалар қуйидаги ҳаволада тақдим этилмоқда.
https://drive.google.com/drive/folders/1_1spO_l9EsTQs2o5mednRZvbNUOcqx6z?usp=sharing