Ўзбекистон ва Хитой: Ипак йўли меросини тиклашда ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Бунда, икки мамлакат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, икки халқ манфаатларига қаратилган кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, Хитой билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналишларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барқарор юқори суръатни намойиш этиб, ўз тарихидаги энг намунали даврни бошидан кечирмоқда. Ўйлайманки, бу ҳар томонлама асосланган. Зеро, “қадим тарихга эга буюк цивилизациялар доим бир-бирига ўхшайди, бир-бирини тушунади ва руҳан бир-бирига яқиндир”. Ўзбекистон ва Хитой халқларининг маданияти ва қадриятлари ўхшаш. Тарихий ришталаримиз жаҳон савдосининг аксарият қисмини таъминлаган Буюк ипак йўлининг вужудга келиш даврига бориб тақалади.
Ҳақиқатан, давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқалари қадимдан Буюк ипак йўли орқали мавжуд бўлган.
Буюк ипак йўли – асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган.
Шу ўринда Хитой ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар тарихига тўхталиб ўтсак. Эрамиздан аввалги II асрларда Хитойнинг Хань сулоласи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик ва савдо муносабатлари ўрнатилган. Бу муносабатлар орқали ипак, қоғоз, чой каби маҳсулотлар Шарқдан Ғарбга, турли қимматбаҳо тошлар, отлар, зираворлар эса Ғарбдан Шарққа олиб борилган.
Хитойдан қоғоз ишлаб чиқариш технологияси Марказий Осиё орқали Ислом дунёси ва Европага кириб борган. Мусиқа, рақс, амалий санъат, кулолчилик ва ипакчиликда икки йўналишнинг ўзаро таъсири юз берди.
Ўша замонлардаёқ ўз даврининг икки буюк цивилизациялари бўлмиш мамлакатларимиз нафақат маҳсулотлар, балки билимлар билан алмашган. Ўрта Осиёлик олимлар, математиклар, астроном ва табиблар хитой илми тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. Уларнинг кўпи қадимги Хитойнинг атоқли давлат арбоблари ва олимларига айланган. Маълумки, бухоролик Саид Ажал Умар Юньнань музофотининг биринчи давлат арбоби бўлган. Буюк Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари китоби” ва бошқа асарлари хитой тилига таржима қилинган, “Хуэйхуэйяофан” (“Мусулмон дорилари”) ва “Бэньцаоганму” (“Доривор ўсимликлар тўғрисида рисола”) асарлари яратилишида фойдаланилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой "Ипак йўли мероси" доирасида маданий ҳамкорликни кучайтирмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Хитой шаҳарлари ўртасида илмий конференциялар, кўргазмалар ва санъат фестиваллари ўтказиб келинмоқда. "Бир макон, бир йўл" ташаббуси маданий дипломатия ва туризм алоқаларини янада ривожлантирмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Буюк Ипак йўли Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги маданий, маънавий ва илмий алоқалар учун улкан кўприк бўлиб хизмат қилган ва бу алоқалар ҳозирги кунда ҳам янги мазмун билан давом этмоқда.
Ўзбекистон ва ХХРнинг узоқ йиллик муносабатларининг институционал асослари стратегик ҳужжатларда ўз аксини топган. Масалан, 2013 йилдаги “Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация”, 2016 йилдаги Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув битими ва бошқа ҳужжатларни айтиш мумкин.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон–Хитой шериклигининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастурини имзолаган.
Ўзбек ва хитой халқлари маданий-гуманитар соҳада ҳам анъанавий яқин ришталар билан боғланган. Шу маънода ҳозирги икки томонлама стратегик ҳамкорлик муносабатлари янги форматга кўчди. Бу форматдаги ўзгаришларнинг асосий мазмуни ноёб маданият ҳамда улкан интеллектуал салоҳиятни намоён этишга қаратилган.
Хусусан, маданий мерос ва археологияни сақлаш бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2014 - 2019 йилларда Хитой мутахассислари билан ҳамкорликда Ичан-Қалъада таъмирлаш ва реставрация ишлари олиб борилди. Лойиҳа доирасида 20 га яқин тарихий иншоот тикланди.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) доирасида маданий меросни асраб-авайлаш ва Ипак йўли тарихини тиклаш масалаларига доимий эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон ва Хитойнинг Ипак йўли меросини тиклашга қаратилган ҳамкорлиги кенг қамровли бўлиб, у нафақат тарихий обидаларни сақлаш, балки иқтисодий инфратузилма, савдо йўналишлари ва маданий алмашувлар орқали янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда.
2025 йил Хитойда Ўзбекистон Туризми йили деб эълон қилинди. Бу доирада Ўзбекистоннинг маданий ва туристик потенциали Хитойда амалга оширилган бир қатор тадбирлар орқали намоён этилди.
Гуанчжоу халқаро туризм ярмаркасининг 2025 йилги кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильонида кўплаб маданий ва туристик маҳсулотлар, регионларнинг анъанавий санъати намойиш этилди.
Ўзбекистон -Хитой маданий шериклиги доирасида Beijing Forbidden City (Гугун) музейида илм-фан ва археология ҳамкорлигига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди.
Икки давлат ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, кун тартибида турган масалаларни муҳокама этиш, истиқболи лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси ташкил этилган. Ушбу қўмита ҳар йили икки давлат тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида мажлислар ташкил этиш орқали ўз фаолиятини олиб бормоқда.
“Марказий Осиё – дунё цивилизациялари чорраҳасида” Халқаро маданият форуми, “Лазги” халқаро рақс фестивали, Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали каби йирик маданий тадбирларда Хитой вакиллари доимий равишда иштирок этиб келмоқда.
Хитойда ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида, Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Инсоният цивилизациялари хилма-хиллигини асраш – жаҳон тинчлиги ва тараққиёти учун” номли халқаро анжуманда Ўзбекистон делагацияси иштирок этган.
2023 йил 27 октябрь – 1 ноябрь кунлари Ўзбекистонда “Хитой маданияти кунлари” ташкил этилди. Ўз навбатида, 2024 йил 20-26 январь кунлари Хитойда “Ўзбекистон маданияти кунлари” муваффақиятли ўтказилган.
2024 йил 27-30 июнь кунлари Зомин туманида ўтказилган Иккинчи халқаро мақом санъати анжуманида Хитой вакиллари қатнашиб, Хитойнинг “Шинжон” бадиий театри жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
2025 йил 3-7 июль кунлари Хитойнинг Чонгчинг шаҳрида ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар кинофестивалида риежиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг "Баҳорни қувиб" фильмида суратга тушган Раъно Шодиева "Энг яхши актриса" номинациясида ғолиб бўлди.
Икки дўст ва стратегик шерик мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун икки давлат маданият вазирликлари ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастурини қабул қилиш режалаштирилган.
Маданий таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг маданият ва санъат олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабаларига Хитойнинг грант ва стипендия дастурларини ажратиш, Хитойнинг саноат кўнгилочар соҳасидаги (entertainment business) тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистон шароитида қўллаш мақсад қилинган.
Келгуси йилда икки мамлакатда маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш режалаштирилган.
Яқиндагина Тошкент фотосуратлар уйида “Ажойиб Хитой, гўзал Шинжон” тасвирий санъат ва фотосуратлар кўргазмаси очилди. Кўргазма Хитой бадиий санъатини ўзбек халқига намойиш этишга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди ҳамда бу икки давлатнинг бир-бири билан узоқ муддатли стратегик ҳамкор эканлигидан далолат беради. Бу эса, икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига ва ҳозирги замон талабларига тўла мос келади.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.