Термиз майдони – Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги мулоқот

Азал-азалдан Марказий ва Жанубий Осиё савдо, маданий ва сиёсий жараёнлар доирасида бир-бири билан чамбарчас боғланган. Географик яқинлик ва қадимий савдо йўллари халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги фаол мулоқотга, товарлар ва маданият алмашинувига, минтақанинг умумий тарихий-маданий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилган. Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, Жанубий Осиёга нисбатан ўз ташқи сиёсий ва иқтисодий стратегияларини босқичма-босқич амалга ошира бошладилар.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг стратегик жойлашуви, табиий ресурсларга бойлиги, демографик салоҳияти ва тарихий мероси билан белгиланадиган аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, бу минтақалар илмий тадқиқот мавзуси бўлиб қолмоқда. Хусусан, минтақавий хавфсизлик комплекси нуқтаи назаридан олимлар Марказий ва Жанубий Осиёни иккита мустақил ва тенг ҳуқуқли минтақа сифатида кўриб чиқадилар. Бунда Афғонистоннинг Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги
ва босқичма-босқич яқинлашувини таъминлайдиган минтақавий хавфсизлик комплексининг асосий элементи сифатидаги роли трансформация қилинаётганини таъкидлаш лозим[1].
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу ўринда, мамлакат минтақада тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган конструктив ташқи сиёсий ташаббусларни фаол илгари суриб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида кўприк бўлишга интилмоқда. Минтақалар ўртасидаги ўзаро алоқаларга бўлган қизиқишни инобатга олган ҳолда, 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамасига киритиш таклиф этилди[2]. Натижада, 2022 йил июль ойида БМТга аъзо давлатлар ушбу резолюциянинг қабул қилинишини бир овоздан маъқуллагани мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки, резолюцияда давлатларга Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, транспорт инфратузилмаси ва ахборот-коммуникация технологияларини кенгайтириш, шунингдек, денгиз портларига қулай, барқарор, тижорий жиҳатдан фойдали, арзон, инклюзив ва хавфсиз йўлларни очадиган янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш орқали минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш таклиф этилган[3].
Бу жараёнларда Термиз ҳам минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан икки минтақани боғлайдиган ўзига хос майдонга айланиши мумкин. Шу ўринда тарихан халқлар ва цивилизациялар мулоқоти, савдо-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантириш марказларидан бири ҳисобланган Термиз шаҳри кўп асрлар давомида минтақада стратегик жиҳатдан муҳим ўрин тутганлигини қайд этиш жоиз. Жумладан, Кушонлар империяси даврида Термиз турли цивилизациялар фаол ҳамкорлик қилган муҳим маданий марказларидан бири бўлган. Шаҳар Марказий ва Жанубий Осиёда кенг тарқалган буддавийлик санъати ва адабиётини етказувчи муҳим боғловчи нуқта вазифасини бажарган. Бундан ташқари, географик нуқтаи назардан Термиз Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи шаҳар ҳисобланган. У Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталаридан бири ҳам бўлган.
Замонавий босқичда шаҳар “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиялари каби бир қатор транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилмоқда. Умуман олганда, Термиз майдонининг аҳамияти қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:
Биринчидан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш кесимида Термиз шаҳри ҳар доим марказий ўринни эгаллаб келган. 11/09/2001 воқеаларидан сўнг бу ерда 2002 йилдан 2015 йилгача фаолият юритган
ва Афғонистондаги Халқаро хавфсизлик кучлари учун гуманитар юклар логистикасини таъминлаган “Термиз стратегик ҳаво-транспорт пункти” жойлаштирилди. Бу тажриба шаҳарнинг ҳарбий беқарорлик шароитида хавфсиз кесишиш ва таъминот пункти сифатидаги аҳамиятини янада кучайтирди.
Бундан ташқари, Термиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлар билан терроризм, ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш бўйича қўшма ташаббуслари доирасида фаол фойдаланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Афғонистонни боғловчи “Дўстлик кўприги” нафақат одамлар ва юклар ҳаракатини назорат қилишни таъминлашда, балки минтақавий хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Афғонистондан келаётган гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишини олдини олишда ҳам муҳим роль ўйнайди (масалан, Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара божхона пости ходимлари
2022 йилнинг март ойида умумий оғирлиги 154 кг ва жорий йилнинг февраль ойида 612 кг бўлган гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб киришга уринишнинг олдини олишган) [4].
Бир вақтнинг ўзида, Термиз чегара масалаларини конструктив ҳал этиш майдони ҳам ҳисобланади. Хусусан, 2024 йил 22-28 август кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон-Тожикистон қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди[5]. Учрашув давомида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг лойиҳа демаркация чизиғидан ўтишини келишиш бўйича қўшма ишлар давом эттирилди, унинг якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди.
Иккинчидан, Термиз шаҳрининг Марказий ва Жанубий Осиёда узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг моддий асоси сифатидаги савдо-иқтисодий ва логистика аҳамияти унинг стратегик жойлашуви ва замонавий логистика инфратузилмаси билан белгиланади. Жумладан,
2022 йилда “Термиз карго маркази” терминали Афғонистон ва Жанубий Осиё мамлакатларига юк оқимларига хизмат кўрсатувчи халқаро кўп функцияли логистика хаби мақомини олди. Бу ўз навбатида, унинг халқаро гуманитар инфратузилмадаги мавқеини оширди (2025 йилдан бошлаб у БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг Глобал таъминот тармоғига интеграция қилинди) ва гуманитар ёрдам етказиб бериш географиясининг кенгайишига ҳисса қўшди (2022 йилда Термиздан Покистондаги сув тошқинидан жабрланганларга гуманитар ёрдам ҳаво йўллари орқали етказилган, 2021-2022 йилларда БМТ ҚБОКнинг Термиздаги минтақавий гуманитар логистика маркази Афғонистонга 217 та юк машинасини энг зарур нарсалар билан жўнатди)[6]. Таъкидлаш жоизки, Термиз инфратузилмаси халқаро ташкилотлар томонидан Жанубий Осиёга озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериш учун фаол жалб этилмоқда, бу эса ижтимоий кескинликни камайтириш ва гуманитар инқирозлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган можаролар кучайишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, 2024 йил август ойида қулай ишбилармонлик
ва логистика муҳитини яратиш, маъмурий жараёнларни соддалаштириш
ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитларни яратишга мўлжалланган “Термиз” халқаро савдо марказининг очилиши, бир томондан, шаҳарнинг иқтисодий жозибадорлигини оширса, иккинчи томондан, Марказий
ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ўсишини рағбатлантиради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 3 мингта савдо нуқталари жойлашган ушбу Марказ ҳудудида (Афғонистон билан чегарадан 500 метр узоқликда жойлашга ва 37 гектар майдонда жойлашган) ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий этилган.
Бу йўналишда Термиз икки томонлама иқтисодий алоқалар учун мақбул майдон ҳам ҳисобланади. Хусусан, жорий йилнинг март ва апрель ойларида Афғонистон савдо вазири Н.Азизий бошчилигидаги афғон делегацияси вакиллари ва Балх вилояти ишбилармон доиралари Термиз шаҳрига ташриф буюриб, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш
ва қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати каби соҳаларда кооперацияни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон томони билан учрашув ўтказди.
Учинчидан, Термиз шаҳрининг маданий-гуманитар салоҳияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ташкил этилди. Мазкур таълим муассасаси 17 та олий таълим йўналиши ҳамда 16 та ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими йўналиши бўйича фақат афғонистонликларга таълим берадиган дунёдаги ягона таълим муассасаси ҳисобланади. Унинг фаолияти давомида Афғонистоннинг 700 га яқин фуқароси ўқитилиб, улардан 200 дан ортиғини қизлар ташкил этади[7].
Муассаса БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи, Германия, Словакия, Ҳиндистон каби донор мамлакатлар ва хорижий ташкилотлар билан халқаро алоқалар ва ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлайди. Жумладан,
2023 йил январь ойида ушбу таълим муассасаси негизида Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва тайёрлаш учун “ЕИ билим маркази” очилди (бу ҳамкорликда ишлаш, ўз-ўзини ўқитиш ва касбий алоқаларни ўрнатиш учун платформа тақдим этувчи коворкинг майдони ҳисобланади). Умуман олганда, Термиз шаҳрида Афғонистон учун таълим марказининг ташкил этилиши ушбу мамлакат фуқаролари учун сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, касбий тайёргарлик учун таълим муҳити
ва технологияларни таъминлаш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, барқарор иқтисодий ўсиш ва янги ривожланиш имкониятларига эга бўлган, жадал ривожланаётган Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси ўзининг бой ресурслари, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириши, демографик салоҳияти, умумий вазифалари ва географик яқинлиги билан катта салоҳиятга эга. Бу борада Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар икки минтақани ягона ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш макони доирасида бирлаштиришга қаратилган.
Ушбу жараёнларда “Термиз майдони” нафақат Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича конструктив механизм, балки минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини ривожлантиришда қўшимча восита бўлиши мумкин. Шу билан бирга, хавфсизлик масалалари, жумладан, терроризм, экстремизм
ва наркотрафикка қарши курашиш, шунингдек, транспорт, туризм ва таълим соҳаларидаги муносабатларни ривожлантириш ҳар икки минтақа учун ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади.
[1] Арипов Э.Т. Афганистан: время для диалога // Россия в глобальной политике. 2024. Т. 22. № 6. – С. 169-176.
[2] Выступление Президента Республики Узбекистан Шавката Мирзиёева на международной конференции «Центральная и Южная Азия: региональная взаимосвязанность. Вызовы и возможности». 16.07.2021 // https://president.uz/ru/lists/view/4484
[3] Резолюция Генеральной Ассамблеи ООН № 76/295 «Укрепление взаимосвязанности между Центральной и Южной Азией» от 11 июля2022 года // https://docs.un.org/ru/A/RES/76/295
[4] Таможенники обнаружили более 154 кг наркотиков, спрятанных в картошке. 29.03.2022 // https://yuz.uz/ru/news/tamojenniki-obnarujili-bolee-154-kg-narkotikov-spryatannx-v-kartoshke; В Сурхандарье пресечена попытка ввоза более 600 кг наркотиков, спрятанных в вениках. 10.02.2025 // http://m.xabar.uz/ru/huquq/supurgi-orasidagi-qoradori-surxondaryoda
[5] Встреча рабочих групп правительственных делегаций Таджикистана и Узбекистана по демаркации государственной границы. 28.08.2024 // https://mfa.tj/ru/main/view/15609/vstrecha-rabochikh-grupp-pravitelstvennykh-delegatsii-tadzhikistana-i-uzbekistana-po-demarkatsii-gosudarstvennoi-granitsy
[6] ООО «Termez cargo centre» присвоен статус международного транспортно-логистического хаба. 23.06.2022 // https://old.mintrans.uz/ru/news/termez-cargo-centre-mchzhga-halqaro-transport-logistika-habi-maqomi-berildi
[7] Саида Мирзиёева: «Узбекистан готов продолжить обучение афганских женщин необходимым профессиям». 10.09.2024 // https://yuz.uz/ru/news/saida-mirziyoeva-uzbekistan-gotov-prodoljit-obuchenie-afganskix-jenin-neobxodimm-professiyam