Ўзбекистон ва БАА ўзаро манфаатли ҳамкорлик уфқларини кенгайтирмоқда
Давлатимиз раҳбари амирликлар пойтахтида БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан икки томонлама музокаралар ўтказади, мамлакатнинг етакчи давлат ташкилотлари, компания ва банклари раҳбарлари билан учрашади, шунингдек, "Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" халқаро саммитида иштирок этади.
Дубай шаҳрида БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
"Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" халқаро саммити “Барқарор инновацияларни қўллаб-қувватлаш” мавзусига бағишланган. Тадбирларда Амирликнинг “Мasdar” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириб келаётган 10 дан ортиқ мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек йирик халқаро компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
“Мasdar” компанияси Ўзбекистонда 2019 йилдан буён 100 МВт қувватга эга “Nur Navoi Solar” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Бу мамлакатимизда муваффақиятли молиялаштирилган биринчи мустақил қуёш энергияси лойиҳаси ҳисобланади. “Мasdar” компаниясининг Ўзбекистондаги ўсиб бораётган лойиҳалар портфелига Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлган 500 МВт қувватга эга Зарафшон шамол электр станцияси киради. Компания, шунингдек, 2023 йилда Жиззах, Самарқанд ва Шерободдаги умумий қуввати тахминан 900 мегаватт бўлган учта қуёш энергияси лойиҳаларини молиялаштиришни якунлади ва бу Марказий Осиёдаги қуёш энергетикасини ривожлантириш дастурига айланди.
Ушбу ҳамкорлик икки давлатнинг ўзаро манфаатдорлик ва декарбонизация мақсадларига эришишга интилишидан далолат беради. Бу Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги 1992 йил 25 октябрда ўрнатилган муносабатларнинг асосий таркибий қисмларидан биридир.
Умуман олганда, бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларда сезиларли даражада кенгайди.
Олий даражадаги учрашувлар Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2019 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи давомида ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олган қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган шартномалар имзоланган эди.
2023 йил 2 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “ЭКСПО Доҳа – 2023” бутунжаҳон кўргазмасининг очилиш маросимидаги иштироки доирасида БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йил 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари амалий ташриф билан Дубайда бўлиб, бу ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этди.
Ўз навбатида, юқори даражадаги алмашинув фаоллашди.
2022 йил 10 июнь куни БАА ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергавий Ўзбекистон Президенти ва Бош вазири томонидан қабул қилинди. Мамлакатимизга амалга оширилган ушбу ташриф чоғида икки давлат ҳукуматлари ўртасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида Меморандум ҳам имзоланди.
2023 йил 4 апрель куни БАА ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ аль-Гергавий Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилиниб, “Ўзбекистон-БАА ўртасида кўп қиррали муносабатларни чуқурлаштиришга қўшган ҳиссаси ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун” “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
2023 йил апрель ойида Тошкентда Ўзбекистон ва БАА ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 3-давраси муваффақиятли ўтказилди.
Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат аъзолари бошчилигидаги вакиллик делегациялари ҳар йили ўтказиладиган Тошкент халқаро инвестиция форумининг доимий иштирокчиларига айланди.
Икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида самарали ва конструктив мулоқот ўрнатилди. 2023 йил июнь ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ташриф билан Абу-Даби шаҳрида бўлди.
2024 йил 27 сентябрь куни БАА Бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири, Дубай Амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Амирликлар делегацияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди, шунингдек, ҳукуматлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш форумида иштирок этди. Ташриф якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон билан БАА ўртасида изчил ривожланиб бораётган савдо-иқтисодий муносабатлар янги суръат касб этмоқда.
Ўзбекистонда Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокида амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард долларга етди.
2024 йил декабрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда БАА капитали иштирокидаги 337 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
2024 йил 3 май куни Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Икки давлат ҳам ўзаро муносабатларни рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва таълим каби янги соҳаларда янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори. Мамлакатларимиз барқарор ривожланиш ва фаровонликка йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Давлатларимиз ўртасида ҳафтасига 55 та рейсни ўз ичига олган мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани, ўз навбатида, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига, ўзаро сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон БАА билан халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилади. Хусусан, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши билан муносабатлар янги суръатга кўчди. 2024 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокамасига қаратилган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, БАА Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси каби ташкилотларнинг етакчи давлатларидан бири, мамлакатларимиз фаол ҳамкорлик қилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотида мулоқот бўйича ҳамкор ҳисобланади.
Икки давлат маданий алоқалар ва гуманитар алмашинувларни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Ўзбекистон ва БАА халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида маданий тадбирлар, кўргазма ва фестиваллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган мақом санъати, Термиз шаҳридаги халқаро бахшичилик санъат фестивалларида Амирликларнинг фольклор жамоалари доимий иштирок этмоқда.
2019 – 2023 йилларда Ўзбекистон делегацияси Абу-Даби шаҳрида ўтказилган Бирлашган Араб Амирликлари асосчиси Шайх Зайднинг маданий меросига бағишланган фестивалида миллий павильон билан иштирок этди.
2023 йил март ойида “Dubai Opera” мажмуасида “Баҳор” рақс ансамбли дастурининг халқаро премьераси ўтказилди, ўзбек рақс санъати араб томошабинлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Бугунги кунда давлатлар Ўзбекистон ва Абу-Даби музейларида қўшма кўргазмалар ташкил этиш, маданий мерос соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш, маданий меросни асраб-авайлаш, музейларни бошқариш, реставрация ва бошқа соҳаларда кўникма ва тажриба алмашиш, шунингдек, таълим йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали маданий мулоқотни ривожлантирмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги алоқалар ҳамкорликнинг тобора кўпроқ йўналишларини қамраб олиб, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи юксак йўлда ривожланишда давом этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 январь куни бошланган БААга ташрифи, шубҳасиз, ўзаро муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлиб, икки давлатнинг иқтисодиёт, энергетика, инвестиция ва маданий-гуманитар каби асосий ҳамкорлик йўналишларидаги алоқаларини янада кенгайтиришга бўлган интилишини тасдиқлайди. Мазкур ташриф, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, давлатларнинг барқарор юксалиши ва фаровонлигига кўмаклашишга ҳам хизмат қилади.
«Дунё» АА