Аҳоли ҳамда табиий ва техноген ҳудудлар муҳофазаси — Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш омили
Бугун дунё табиатида кечаётган табиий ҳамда техноген офатлар мамлакатлардан уларга қарши курашиш чораларини янада жадаллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишга тайёрлаш борасида замонавий талаб даражасидаги дастурлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни тизимли равишда амалга оширишни талаб қилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам 2017 йилдан бошлаб, мамлакатда Фуқаро муҳофазасини таъминлаш, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини тубдан янгилаш, бу борада яхлит, ихчам ва замонавий механизмни яратиш ҳамда ишга тушириш бўйича тарихий ишларга киришилди.
Ислоҳотлар давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси тизимлари ўзаро интеграция қилиниб, эндиликда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда унинг мувофиқлаштируви остида фаолият юритувчи Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими юртимизда ёнғин ва бошқа тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, содир бўлганда оқибатларини тезкор бартараф этиш вазифалари билан шуғулланади.
Қайд этиш керакки, янгиланишлар даврида соҳа бўйича ҳуқуқий асос – пойдеворни яратишга биринчи галдаги вазифалардан бири сифатида қаралди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 апрель кунидаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифатли янгича тизимини тадбиқ этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий тадбирлар тўғрисида”ги қарор, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 13 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 15 декабрдаги “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунлари соҳа истиқболини белгилаб берувчи ҳужжатлардан бири бўлди, десак, хато бўлмайди.
Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда ўтказилган кенг кўламли ислоҳотлар давомида республикадаги 208 та шаҳар, туманларни ёнғин-қутқарув бўлинмалари билан қамраб олиш орқали ҳудудларда фавқулодда вазиятлардан ва ёнғинлардан муҳофаза қилиш тадбирларининг самарадорлиги оширилди.
Жумладан:
2021 йилда Тошкент ва Жиззах вилоятлари ФВБлари таркибида “Бўстонлиқ” ҳамда “Зомин” Ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув отрядлари;
2022 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ФВ бўлими тугатилиб, унинг негизида Ихтисослашган кўп тармоқли бошқарма;
Қашқадарё вилоятида ФВБга бўйсунувчи хўжалик ҳисобидаги бўлинмалар таркибида “Uzbekistan GTL” МЧЖ объектларини муҳофаза қилувчи Ёнғин хавфсизлиги бўлими ва унга бўйсунувчи Ёнғин-қутқарув қисми;
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ФВ бўлими ҳамда унга бўйсунувчи касбийлаштириган ёнғин-қутқарув қисми;
Самарқанд вилояти “Silk Road” туристик марказида ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув отряди;
“Uzbekistan Airports” АЖ объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими;
2023 йилда Бухоро вилоятининг Ромитан тумани Газли шаҳарчасида Касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисми;
Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлими ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофазани ташкил этиш бўлимлари таркибида Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлинмалари;
Тошкент вилояти ФВБга бўйсунувчи хўжалик ҳисобидаги бўлинма таркибида “Uzbekistan GTL” МЧЖга қарашли “GTL Чиноз терминали” объектининг ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлинмаси ва унинг таркибида ёнғин-қутқарув қисми ташкил этилди.
Бу каби янгиланишлар, ўз навбатида, республикамиз аҳолиси ва корхона, ташкилотлари сони ўсиши кузатилаётган бир вақтда ёнғинлар ва фавқулодда вазиятлар ҳамда уларда жабрланиш ва ҳалок бўлиш кўрсаткичларининг ўтган йилларга нисбатан камайишига олиб келди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш билан боғлиқ ислоҳотларни амалга ошириш доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 98-мақсад билан фавқулодда вазиятлар ва глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ аҳоли ҳаётига хавф солувчи офатларнинг олдини олиш борасида учта йўналиш белгилаб берилди. Улар қуйидагиларни ташкил қилади:
1. Халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизими билан интеграциялашув асосида Республикада кучли зилзилалар ҳақида барвақт огоҳлантириш миллий тизимини жорий қилиш.
2. Сув омборлари ва бошқа хавф даражаси юқори бўлган объектларда фавқулодда вазиятлар мониторинги ва уларни олдиндан прогноз қилиш тизимини яратиш.
3. Ягона глобал хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш салоҳиятини кучайтириш ва минтақанинг барча давлатлари билан тезкор ахборот алмашиш, қўшма ўқув машғулот ўтказиш каби йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш.
Ҳозирда ушбу устувор мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, тизим фаолияти ташкиллаштириб келинмоқда. Қайд этиш керакки, мамлакатимизда аҳоли ва ҳудудларни ёнғин ва бошқа тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (бундан кейинги ўринларда – ФВДТ)нинг фаолиятини изчил йўлга қўйиш, огоҳлантириш тизимларининг натижадорлигига эришиш, соҳа бўйича халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш ва тизимга фаол татбиқ қилиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, техник модернизация ишларини юқори даражада ташкил этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
ФВДТ фаолияти ҳақида гап кетганда, унинг таркибига кирувчи 40 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотларнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мувофиқлаштируви остида табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, юзага келганда бартараф этишдаги назарий ва амалий саъй-ҳаракатларини тушунамиз.
Бугунги кунга қадар ушбу тизим томонидан Тошқинга қарши Ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссияларнинг Йиғма манзилли дастурларига мувофиқ,
30 дан ортиқ сув объектида муҳандислик-ҳимоя ишлари амалга оширилиб, ўтказилган 230 та махсус-тактик ўқув машқлари давомида 70 минг 800 м.куб тупроқ, 139 минг м.куб тош-шағал, 22 000 м.куб бетон ишлари бажарилган. 108 км.дан ортиқ масофада ички ариқ ва магистрал каналлар тозаланган. Бунинг натижасида, кўплаб ҳудудларда муқаррар сув тошқинлари билан боғлиқ ҳодисаларнинг олди олиниб, аҳоли ва ҳудудлар муҳофазаси таъминланган.
Вазирлик, идоралар ҳамда вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларининг
1 714 нафар, муҳим аҳамиятга эга бўлган иқтисодиёт объектларининг 432 нафар раҳбар ва мутахассислари Фуқаро муҳофазаси институтида, ҳудудий Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказларида 23 655 нафар вилоят, туман (шаҳар) даражасидаги корхона, ташкилотлар раҳбарлар таркиби ўқув дастурлари асосида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича тайёргарликдан ўтказилган.
Республиканинг туман (шаҳар)ларида бошқарув органлари ҳамда куч
ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишга шайлигини баҳолаш бўйича 45 та қўмондонлик-штаб, корхона ва ташкилотларда 1266 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилган.
Фуқаро муҳофазасини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда мониторинг ва башоратлаш тадбирлари, истаймизми-йўқми, ишларнинг натижадорлиги ёки тамоман самарасизлигини амалда намоён этади. Шунинг учун бу борадаги тадбирларни ўз вақтида, изчил ҳамда самарали ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Ўтган йил мобайнида 1 та йиллик, 5 та чораклик ва 12 та ойлик “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар прогнози” маълумотлари тайёрланиб, ФВДТнинг функционал қуйи тизими таркибига кирувчи вазирлик, идора ва ташкилотларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига жойларда амалга ошириладиган комплекс профилактик тадбирларни ташкиллаштириш учун юборилган.
Мониторинг йўналишида зилзилалар бўйича мониторинг ишлари алоҳида аҳамият касб этади. Чунки юзага келиши ва етказадиган талофатлари бўйича энг юқори ўринларни забт этувчи ушбу офатга олдиндан тайёргарлик кўриш давлат ва жамият иқтисодиёти, фаровонлигида муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон ҳудудида кузатилган 3 024 та сезиларли зилзилалар бўйича мониторинг маълумотлари сейсмик вазиятни баҳолаш ва прогнозлаш мақсадида Фанлар Академиясига тақдим этилиб, идоралараро эксперт комиссиясининг йиғилишларида 52 маротаба кўриб чиқилган.
Фанлар Академияси бошчилигида вазирлик Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ҳамда Қирғизистоннинг 8 та (Каджи Сай, Фрунзе, Пржевалск, Манас, Ананево, Ала-Арча, Суфи-Курган, Баткен), Тожикистон (Симиганж)
ва Афғонистоннинг 1 тадан (Қобул) сейсмик станцияларини Сейсмология бўйича илмий-тадқиқот муассасалари глобал тармоғи орқали СейсКомп3 дастурига интеграция қилинди.
Ёнғинлар ва бошқа тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда аҳолига хабар бериш ва маълумот етказиш масаласи – ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки бой берилган кичик бир лаҳзанинг ўзиёқ кетидан улкан талофатлар ҳамда вайронагарчиликларни олиб келиши мумкин.
Бугунги кунда хабар бериш ва маълумот етказишда рақамлаштириш ҳамда автоматлаштириш имкониятларидан оқилона фойдаланиш кутилган натижаларни беради, албатта.
Шу маънода айтиш керакки, бугунги кунда аҳолига хабар бериш ва маълумот етказишнинг автоматлаштирилган тизимини рақамлаштириш бўйича республика даражасида I-босқичдаги 15 комплект замонавий қурилмалар ўрнатилди. У тизим орқали зарур бўлган ҳолларда ФВДТ раҳбар ходимлари ва навбатчи диспетчерлик хизматларига ўз вақтида овозли ва СМС хабарлари етказилмоқда.
Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш бўйича ягона ахборот тизими жорий этилган бўлиб, биринчи босқичда 25 та вазирлик ва идоралар тизимга интеграция қилинган.
Албатта, ушбу ташаббуслар билан чекланиб қолингани йўқ. Фикримизга мисол қилиб, бугунги кунда тизимда фаолият юритиб келаётган “Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатга олиш”, "Ёнғин хавфсизлиги аълочиси" каби ахборот тизимларини, “Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчиси” мобиль иловасини, Геоахборот тизими (ГАТ) технологиялари ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда етиб бориш имконияти чекланган объектларни огоҳлантириш ҳамда вазиятларни таҳлил қилиш имкониятини берувчи кўп функцияли мониторинг мобиль комплексини, ёнғин назоратини амалга оширишнинг “Е-инспектор” аппарат-дастурий комплексини айтиб ўтиш мумкин.
Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури асосида танланган ҳудудларда, хусусан, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш, комплекс эрта огоҳлантириш тизими ва уни модернизация қилиш юзасидан амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Вазирлик тизимида ўзига хос тажриба – Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати ҳам ташкил қилинган бўлиб, 2023 йили мобайнида ушбу хизматга эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган фуқаролар томонидан 3554 та мурожаат келиб тушган. Барча келиб тушган мурожаатлар хизмат навбатчи диспетчерлари томонидан қабул қилиниб, тегишли давлат ва фавқулодда вазиятлар хизматларига етказилган.
Албатта, ушбу тадбирларни истиқболда изчил давом эттириш кўзда тутилган. Жумладан, 2024-2025 йилларда рақамлаштириш соҳасида аҳолига фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги тўғрисида тезкор хабар бериш тизимини якунига етказиш, фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар тўғрисида хабарларни қабул қилиш, куч ва воситаларни автоматлаштирилган бошқарув “101” тизимини яратиш, ёнғин-қутқарув қисмларида ва баланд қаватли биноларда инфрақизил функцияли камералар ёрдамида атроф-муҳитни кузатиш, юзага келган ёнғинларни барвақт аниқлаш тизимини татбиқ этиш юзасидан устувор йўналишлар белгилаб олинган.
Юқорида қайд этганимиздек, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва бевосита тизимга татбиқ этиш соҳа ривожида энг самарали мезонлардан бири ҳисобланади. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 148 та халқаро ҳамкорлик тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларнинг 40 таси хорижда ўтказилган. Айни тадбирларда 598 нафар вазирлик вакилларининг иштироки таъминланган. Бунинг натижасида қатор халқаро тажрибаларни тизимга кенг жорий қилишга эришилган.
Халқаро ҳамкорлик тадбирларида АҚШ, Хитой, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Корея, Туркия, Исроил, Франция, Польша, Япония, Буюк Британия, Беларус, Ҳиндистон, Словакия, Грузия, Албания, Туркманистон, Таиланд, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби хорижий давлатлар, шунингдек, ШҲТ, Жаҳон банки, БМТ, ЕИ, МАГАТE, ЮНEСКО, ЮНИСEФ, БМТТД, НАТО, ХМТ каби асосий халқаро ташкилотлар билан ўзаро яқин алоқаларнинг йўлга қўйилганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Шу билан бирга, “Сендай ҳадли дастури асосида 2030 йилгача табиий офатлар хавфини камайтириш хусусан, истиқболда экстремал об-ҳаво ҳодисалари – эрта баҳорда тоғ кўллари тошиши, сув тошқини, сел, кўчки, ёзги вегетация даврида қурғоқчилик, ўрмон ёнғини, чанг-туз бўронлари олдини олиш” устувор вазифа сифатида белгилаб олинганлигини ҳам келтириб ўтиш зарур.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари хорижий давлатларда рўй берган кўламли офатлар оқибатларини бартараф қилишда ҳам фаол иштирок этиб, ўзбек халқининг бағрикенглиги, дўст бошига иш тушганда биринчилардан бўлиб ёрдам шай туришдек инсоний фазилатларини намоён қилиб келмоқдалар.
Жумладан, 2023 йилнинг февралида Туркия давлатида рўй берган ҳалокатли зилзила оқибатларини тугатиш тадбирларида вазирлик қутқарув гуруҳи (100 нафар шахсий таркиб, 7 та техника) томонидан 18 нафар жароҳатланганларни вайроналар остидан тирик ҳолатда олиб чиқиш, 188 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадларини қидириб топиш ва минг нафардан ортиқ аҳолига зарурий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилди.
Техника – инсон қаноти. Қутқарувчи қанчалик назарий билим ва амалий малакага эга бўлмасин, унинг ёнида замонавий турдаги махсус техника ва асбоб-анжомлар бўлмас экан, фаолиятида самарадорликка эриша олмайди. Шунинг учун ҳам, ўтган вақт давомида мамлакатимиз ФВВ тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, техник модернизациялаш масалаларига муҳим эътибор билан қаралмоқда.
Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида ёнғин-қутқарув тузилмалари учун ўтган йилда 50 дан ортиқ замонавий автотехника, 6 турдаги 13 500 га яқин ёнғин-қутқарув асбоб-анжомлари харид қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Ёнғин-қутқарув отрядлари базасини мустаҳкамлаш ва қутқарувчиларга қулай хизмат шароитларини яратиш мақсадида, жами 12 та янги замонавий типдаги ёнғин-қутқарув отрядлари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масаласи ва унга оид тадбирлар бугун нафақат Марказий Осиё, балки бутун жаҳонда акс-садо бермоқда. Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2023 йил январь-март ойларида 128 минг гектар “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини (режа 100 минг гектар) барпо қилиш ишлари олиб борилган.
Мазкур тадбирларда Фавқулодда вазиятлар, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларидан 2000 нафар шахсий таркиб, 800 дан ортиқ техника, 5 та АН-2 самолёти жалб қилинган.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан Республикамизда ўтказилган
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 582 мингдан зиёд манзарали
ва мевали дарахт кўчатларини экиш ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга, 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудидаги жами 300 минг гектар майдонда чўл ўсимликлари ва кўчат экиш ишлари режалаштирилган.
Юқорида қайд этилган тадбирлар бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва ҳудудларни ёниғин ҳамда бошқа тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан аниқ ўйланган, ўзига хос стратегия асосида давлат сиёсати олиб борилаётганлигини яққол акс эттиради. Ўз ўрнида, қайд этиш лозимки, ушбу ишлар билан бир қаторда, келгусида амалга ошириладиган бир қатор вазифаларнинг ҳам борлиги тизимдаги ҳар бир масъул раҳбар ва мутахассисдан “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш” шиори остида юқори масъулият билан хизмат қилишни талаб этади.
Истиқболдаги режа ва мақсадларимизни:
24 206 нафар турли бўғиндаги раҳбарларни тайёргарликдан ўтказиш бўйича 40 та қўмондонлик-штаб ва 227 та махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш;
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида 7 та илмий-тадқиқот ишини амалиётга татбиқ этиш;
тошқин сувлари ва сел оқимларининг олдини олиш бўйича тасдиқланган йиғма манзилли дастурдаги 79 та объектда муҳандислик-ҳимоя ишларини олиб бориш, 235 та дарё, сой ва каналларда махсус-тактик ўқув машқлари ўтказиш, Орол денгизининг қуриган тубида 300 000 гектар майдонда ўрмон-мелиорация ишларини бажариш боғлиқ тадбирларда кўришимиз мумкин.
Ёнғин-қутқарувчилик – шарафли касб. Бу касб эгалари доимо ўзгалар ҳаёти, тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун кураш олиб борадилар. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан 2023 йилнинг 12 ойи мобайнида 195 899 маротаба жанговар чиқиш амалга оширилган. Ушбу чиқишлар давомида жами 6 613 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинган. 2024 йилнинг 1 май ҳолатига эса мазкур чиқишлар сони 58 414 маротабани ташкил қилиб, халоскорлик ёрдамлари натижасида 1 867 нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Қайд этиш керакки, мамлакатимиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг мувофиқлаштируви остида ҳаракатланувчи ФВДТ органлари бундан кейин ҳам республикамиз аҳолиси ва ҳудудларини ёнғин ҳамда бошқа тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда бардавом бўлиб, халқимизнинг юксак ишончи ва эътиборини қозонган ҳолда, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб боради. Зеро, аҳоли ва ҳудудлар муҳофазаси – мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш омилидир.