Янги Ўзбекистонда инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш тизимидаги ютуқлар
Янги Ўзбекистонда демократик давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган юксак ғояга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда.
Сир эмас, бугун давлатни барқарорлаштириш билан бирга жамиятни фаоллаштириш, давлат хизматчисининг жамиятга ижобий муносабатини шакллантириш, халққа хизмат қилиш, одамлар розилигини олиш, ҳалоллик, адолатни мустаҳкам ўрнатиш борасидаги замонавий ёндашувга бўлган ижтимоий эҳтиёж кучайди. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши Президентимиз илгари сураётган халқпарвар сиёсатнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Ислоҳотларни амалиётга йўналтириш учун ҳеч шубҳасиз давлат салоҳиятли кадрларга суянади. Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувининг ажралмас қисми бўлмиш — кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш, бир сўз билан айтганда, кадрларнинг “карьера модели”ни барпо этиш босқичларини ўз ичига олган яхлит тизим яратилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, ислоҳотларнинг тақдири, натижаси, биринчи навбатда, кадрлар савиясига, уларнинг давр ва тараққиёт талабларига нечоғли жавоб бера олишига боғлиқ. Бу борада ҳозирга қадар қилинган саъй-ҳаракатларни таҳлил этсак, қуйидаги муҳим жиҳатларни кўриш мумкин.
Давлат хизматига киришда шаффоф тизим яратилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат хизматига киришда мамлакат фуқаролари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилиши махсус норма билан мустаҳкамланди. Бу давлат хизматининг рақобатдошлигини, очиқлигини ва профессионаллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда меҳнат бозорига ҳар йили 600 мингдан зиёд ёшлар кириб келаётган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши кутилмоқда.
“Ижтимоий фикр” маркази томонидан 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшларнинг давлат хизматига бўлган муносабатини аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотининг натижаларига кўра, респондентларнинг деярли ярми (49,4 %) давлат идораларида ишлашга хоҳиш ва истаклари борлигини билдирган. Олинган маълумотларнинг таҳлил натижаларига кўра, респондентларнинг гендер хусусиятларига қараб афзалликларининг фарқланишини кўрсатди. Шундай қилиб, қизларнинг 55,6 фоизи ва йигитларнинг 44,6 фоизи давлат органлари таркибида ишлашни афзал кўришади.
Шундай экан, йирик меҳнат бозорида энг истиқболли ва салоҳияти юқори бўлган кадрларни давлат хизматига жалб этиш — давлат бошқаруви тизимининг асосий муаммоларидан бири бўлиб келган.
2020 йилда Ўзбекистонда энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига жалб этишни очиқ танлов асосида амалга ошириш тизими жорий этилди. Номзодларни танлаш тизимида турли хил “процедура”лар ва баҳолаш мезонлари бўлиши мумкин, аммо асосий шарт ўзгаришсиз қолади — унинг барча босқичларининг мутлақ очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.
Ўз навбатида, номзодлар бўш лавозимларга даъвогарларга қўйиладиган асосий талаблар, масъулиятларнинг ҳажми, жавобгарлик доираси, иш фаолиятини баҳолаш мезонлари ва иш фаолиятини назорат қилиш билан олдиндан танишиш имкониятига эга.
2020-2023 йилларда давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд бўш иш ўринлари учун 150 мингдан ортиқ танлов ўтказилди. Келиб тушган аризаларнинг умумий сони — 2 млн 400 мингта. Натижада 60 минг нафар номзод давлат фуқаролик хизматига қабул қилинди, шундан 19 000 нафари (28 %)фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Ўтган давр давомида миллий ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, танлов тизими такомиллаштирилди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд лавозимларга белгиланган малака талаблари ягона шакл ва тартибга келтирилди. Бу эса танлов комиссиялари фақатгина тасдиқланган ва барча учун очиқ бўлган малака талаблари асосида номзодларни саралашига имкон бермоқда.
Танловларнинг тест синови босқичида 56 ва ундан юқори балл тўплаган номзод уч ой давомида бошқа лавозимларга ариза юборган тақдирда, тест синовида қатнашмайди. Бу ҳам HR хизматлари ва кўпсонли номзодларнинг таклифлари асосида амалиётга жорий қилинди. Тизимнинг янгилиги шундаки, номзод тегишли вакант лавозим малака талабига тўғри келган тақдирда, электрон тизим номзодни автоматик суҳбат босқичига ўтказади. Ушбу тизим учун давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини аниқлайдиган ҳамда уларнинг психологик портретини яратиш учун хизмат қиладиган — “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” (test.argos.uz) электрон ахборот тизими ишга туширилди.
Танловларнинг суҳбат босқичида ҳам шаффофликни оширилмоқда. Унга кўра, суҳбат якунланган куннинг ўзида комиссия аъзолари томонидан номзодларни баҳолаш тизими яратилди. Шунингдек, барча вазирлик ва идоралар ҳамда улар тизимидаги ташкилотларда суҳбат босқичида номзодларга бериладиган саволларни тасодифий тақдим этиш тизими (рандомайзер) орқали берилади.
Кадрларни бошқаришга оид ҳужжатлар ягона платформада юритилади.
Барчамизга маълумки глобал пандемия даврида рақамли технологияларнинг аҳамияти сезиларли даражада ошди, бу эса рақамли трансформациянинг, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун қанчалар муҳим эканлигини кўрсатди.
Шу боис, Янги Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётида барча асосий соҳаларни рақамлаштириш ҳамда мамлакатда ҳақиқий ахборот жамиятини барпо этишга устувор аҳамият берилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига мувофиқ давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан биридир.
Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда, давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқариш йўналишидаги фаолияти ҳам тўлиқ электрон тизимга ўтказилди. Бунинг учун Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги давлат органлариларининг HR хизматларига hrm.argos.uz платформасини тақдим этди.
Платформага 3 мингга яқин ташкилот уланди. Тизимга киритилган умумий иш ўринлари сони — 163 400 та, шу жумладан, 93 400 тасини давлат фуқаролик хизмати лавозимлари ташкил этади.
Янги тизимга кўра, вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлинмалари томонидан кадрлар ишига оид барча ҳужжатлар ҳеч қандай қоғоз сарфисиз амалга оширилади.
Шунингдек, кадрларга оид ҳисоботлар — банд иш ўринлари, лавозимлар ва гендер бўйича таҳлиллар, ногиронлиги бўлган шахслар бўйича маълумотлар, давлат фуқаролик хизматида ёш ва жинс таҳлили ҳамда кадрлар қўнимсизлигига оид маълумотлар ҳар бир ташкилот кесимида автоматик шаклланади. Янги тизим кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш имконини бермоқда, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг сон ва сифат таркиби таҳлили учун замин яратмоқда.
Платформа Ягона миллий меҳнат тизими — my.mehnat.uz электрон дастурлари билан интеграллашган, ходимлар ва меҳнатга доир маълумотлар автоматик тарзда шаклланади. Келгусида давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ҳам ушбу тизимнинг субплатформасига айлантирилади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, hrm.argos.uz ахборот тизимининг ишга туширилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқаришда қоғоз сарфининг камайиши, вақтнинг тежалиши, ходимлар билан ишлаш жараёнида шаффофликни таъминланишига эришилиб, ахборот хавфсизлигини таъминланиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари бўйича ягона марказлаштирилган маълумотлар базасини шакллантириш имконияти яратилади. Бу эса, албатта, кадрлар хизматлари ходимлари фаолияти самарадорлиги ва иш сифатини кескин оширади.
Мухтасар айтганда, давлат хизматида узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ҳамда давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш соҳасида илғор халқаро стандартларга жавоб берувчи ягона тартибот тизими шаклланди. Энг асосийси, давлат фуқаролик хизматига виждонли, садоқатли, малакали кадрларни жалб қилиш, улар салоҳиятини ошириш, уларни ўзининг одоб-аҳлоқи, феъл-атвори ва билими билан намуна бўла оладиган, фидойи, халқпарвар ва рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департмент мудири
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори