Янги Ўзбекистон — инвесторлар учун ишончли мамлакат
Ҳар қандай ишга киришиш учун, аввало, молиявий асос даркор. Бизнес-ғоя ёки лойиҳа режаси қанчалик пухта ўйланган ва ҳисоб-китоб қилинган бўлмасин, у молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланмас экан, қоғозда қолиб кетаверади.
Бу қоида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида олиб борилаётган янгиланиш жараёнларига ҳам тааллуқли. Белгиланган мақсадларга эришишда зарур капитал қўйилмалар иқтисодиёт ва инфратузилмани жадал суръатлар билан модернизация қилиш имконини бермоқда. Шу боис давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун энг муҳим захира манбаи бўлмиш инвестицияларга алоҳида эътибор қаратади.
Инвестицияларни кўпчилик мутахассислар иқтисодиётнинг қон томири, дея бежиз айтмайди. Шу фикрни давом эттирган ҳолда яқинда бўлиб ўтган III Тошкент халқаро инвестиция форумини ҳам, таъбир жоиз бўлса, бир маромда ураётган юракка ўхшатиш мумкин. Ушбу тадбир 93 давлатдан 2,5 мингдан ортиқ иштирокчиларни жамлади. Форумда жами 26,6 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Таққослаш учун, 2022 йилда бу кўрсаткич 11 миллиард долларни ташкил этганди. Айни рақамларнинг ўзи ҳам мамлакатимизга сармоявий қизиқиш ортганидан далолат беради.
Аниқ устуворликлар, муайян таклифлар
Тошкент халқаро инвестиция форуми сингари тадбирлар кўп мамлакатларда ўтказилади. Лекин ҳаммасида ҳам давлатнинг биринчи раҳбари қатнашмайди ва сўзга чиқмайди. Шу боис Шавкат Мирзиёевнинг нутқи хорижий сармоядорлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Улар буни алоҳида ҳурмат ва меҳмондўстлик белгиси, деб қабул қилди. Бунинг устига ишбилармон доиралар вакиллари вақт қадрини жуда яхши билгани ҳолда олий мартабали раҳбар кундалик ўта муҳим ишларидан ортиб уларга ҳам вақт ажратгани, эътибор қаратгани туфайли жуда миннатдор бўлишди. Инвесторлар керакли маълумотни мамлакат Президентининг нутқидан олиши улар учун тўлиқ ишонч кафолати сифатида муҳим.
Ушбу нуфузли тадбир иштирокчилари эътироф этганидек, Ўзбекистон раҳбарининг чиқиши уларда катта таассурот қолдирди.
Биринчидан, Тошкент халқаро инвестиция форуми яхши анъанага айланиб бораётгани ва ҳар йили барча қитъадан янги-янги ҳамкорларни мамлакатимизга тўплаётганини эътироф этар экан, давлатимиз раҳбари бугунги анжуман глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келаётганини ҳам айтиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти сўзларига кўра товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши вазият нақадар беқарор ва қалтис эканини яққол кўрсатмоқда. Шундай экан, ҳеч бир давлат замонавий дунёнинг бундай ўткир муаммолари билан якка ҳолда кураша олмайди. Ва ҳар бир мамлакат учун хорижий инвестициялар оқими алоҳида аҳамият касб этади. Инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар эса кутилган умидларни оқламаяпти — ўтган йили ривожланаётган давлатларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 9 фоизга камайди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон етакчиси қайд этганидек, кейинги етти-саккиз йил давомида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташланди. Натижада Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий соҳада муайян ютуқларга эришди.
Ушбу фикрлар тасдиғи сифатида Президент бир қатор далил ва рақамларни келтирди. Яъни сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.
Бунга эса қатор омиллар туфайли эришилди. Жумладан, охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди. Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди. Дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилди.
Иккинчидан, ушбу сўзлар Президентимиз томонидан самимий ва тўлиқ масъулият билан айтилди. Улар салоҳиятли сармоядорлар учун аниқ чақириқ бўлди. Зеро, кўпгина мамлакатларнинг миллий иқтисодиётида кейинги йилларда муайян қийинчиликлар юзага келганига қарамай Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсишни намоён этмоқда ва инвестициявий жозибадорлигини сақлаб қолмоқда. Демак, агар сармоядор ўзининг маблағлари «ишлаб», даромад келтиришини хоҳласа у бизнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиши, ўзининг маблағини киритиши мумкин ва лозим.
Бундай қўйилмалар учун шарт-шароитлар ҳам доимий равишда такомиллаштирилиб, яхшиланиб бормоқда. Масалан, давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, энди хорижий инвесторлар уч йил муддатга акциялардан оладиган дивидендлари бўйича солиқлардан озод этилади.
Президент алоҳида қайд этганидек, асосий мақсад — Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш. Шу мақсадда давлат бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олади. Бу тамойиллар янги таҳрирдаги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилган.
Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчилари учун инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор аниқ таклифлар ҳам тақдим этилди. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ янги таҳрирдаги «Инвестициялар тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди фаолиятини ташкил этиш, саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувларни жорий қилиш ва уларни бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб этиш, махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловларни бекор қилиш, хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддатини амалдаги имтиёз ва преференцияларни тўлиқ сақлаб қолган ҳолда 25 йилдан 49 йилгача узайтириш кўзда тутилган.
Шу ва бошқа таклифлар Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидан кейинги кун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиш — Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисида батафсил муҳокама этилди. Уларнинг рўёбга чиқарилиши эса, шубҳасиз, инвесторларни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга рағбатлантиради.
Учинчидан, турли мамлакатлардан келган анжуман қатнашчилари эътироф этишича, Ўзбекистон Президенти нутқида мамлакатнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ ривожланиб боришининг асосий йўналишлари ҳамда инвесторлар куч ва маблағлари жалб қилиниши бўйича асосий устуворликлар аниқ белгилаб берилди.
Давлат раҳбари мамлакатнинг истиқболдаги тараққиёти учун жуда муҳим бўлган бешта устувор йўналишга тўхталиб ўтди. Инвесторлар томонидан билдирилаётган қизиқиш эса уларнинг сармоя киритиш нуқтайи назаридан жозибадорлигини кўрсатиб турибди.
Биринчи йўналиш — «яшил» энергетика. Бу соҳада аллақачон хорижий сармоядорлар фаол иш олиб бормоқда. Масалан, ўтган йилнинг ўзида стратегик ҳамкорлар — «Masdar», «Gezhouba», «ChinaEnergy» компаниялари томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан йирик шамол энергияси станциялари ва қуввати 1,4 гигаватт бўлган қуёш электр станциялари ишга туширилди. «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда эса «яшил водород» ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Яна ўттизга яқин лойиҳалар рўёбга чиқарилиш арафасида. Уларни бажаришга кўплаб сармоядорлар бош қўшган. Шундай бўлсада, сармоя киритиб, ундан фойда олиш имконияти бошқа инвесторларда ҳам бор. Ахир Ўзбекистонда 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Иккинчи йўналиш ҳам хорижий инвесторлар учун жозибадор бўлиб, у банк-молия соҳасидир. Бунда кейинги йилларда мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар, хорижий банкларнинг филиаллари ва қатор рақамли банклар очилганига қарамай, шу соҳада фаолият юритадиган инвесторлар учун кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган «Асака» банкини хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди. Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки билан бошқа йирик банкларимизнинг трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёнлари фаол олиб борилмоқда.
Учинчи йўналиш: кўпгина хорижий сармоядорлар мамлакатимизнинг фойдали қазилмаларига катта қизиқиш билдиришади. Ўзбекистон — минерал ресурслар ва муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакат. Юртимизда олтин, мис, вольфрам, кумуш, уран конлари бор. Яна, Президентимиз эътибор қаратганидек, заминимизда ноёб минераллар билан бир қаторда литий, магний, молибден, германий, ванадий ва индий каби 30 дан ортиқ камёб металларнинг захиралари мавжуд. Яқинда Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Президентимиз Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб борилаётганини эълон қилди ҳамда стратегик хомашёларни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун етакчи компанияларни Ўзбекистонга таклиф этди.
Тўртинчи йўналиш: хорижий инвесторлар мамлакатимизнинг рақамли трансформациясида ҳам кўмаклашиши мумкин. Бу йўналишда муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, бир йилда IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошди. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режа қилинган. Шу боис хорижий компанияларни жалб этиш учун IT-парк базасида Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил қилинмоқда. Саудия Арабистонининг «Data Volt» компанияси билан ҳамкорликда «яшил» энергияда ишловчи Маълумотлар маркази барпо этиляпти. Бу Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётга ўтиши, сунъий интеллект технологияларини жорий қилиши учун кучли туртки бўлиши лозим.
Бешинчи йўналиш сифатида Ўзбекистон Президенти ўз нутқида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Темир йўл транспортини такомиллаштириш, автомобиль ва тезюрар поездлар учун темир йўлларни қуриш бўйича қўшма лойиҳалар, Тошкент, Бухоро ва Урганчдаги халқаро аэропортларни ривожлантириш, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон ва Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўлларини қуриш жуда катта миқдордаги маблағни талаб қилади. Шу боис Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантириш бўйича стратегик лойиҳаларга инвестиция киритиш фойдали бўлиши лозим.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида яна бир бор таъкидладики, инвестициялар — бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир. Ҳар бир ташаббус ва лойиҳани рўёбга чиқаришда сармоядорларга давлатимиз, ҳукуматимиз аъзолари яқиндан кўмак беради.
— Йирик корпорациялар ва халқаро ташкилотлар сармоя киритиш учун Ўзбекистонга ташриф буюраётганини кўргач, англайсизки, бу мамлакатда ишлар тўғри йўлга қўйилган, — дея таассуротини баён қилади Саудия Арабистонининг «Vision Invest» инвестиция компанияси президенти Омар Ал-Мидани. — Ўзбекистонга қадам қўйиш асносида олдинда мени нималар кутаётганини билмасдим, зеро, авваллари бу ерда ҳеч бўлмаганман. Барчасини ўз кўзим билан кўргач, ҳайрон қолдим: Ўзбекистон бундай меҳмондўст халқ яшайдиган гўзал мамлакат эканини тасаввур қилмаган эдим. Шу қадар саришта ва хавфсиз. Шаҳар бўйлаб сайр қилар экансиз, маҳаллий маданиятни идрок этиб, уни қадрлай бошлайсиз.
Шунингдек, мамлакат узоқни кўзлаб бошқарилаётганига тушунасиз. Мақсадга элтувчи йўналишлар аниқ. Раҳбарият ва вазирлар билан суҳбатлашган кўйи хулоса ясайсиз: улар айнан сиз кутган, сизга ишонч бағишлаган шериклар. Улар ўз мамлакатида нималар қилиш зарурлигини тушунадиганлар тоифасидан.
Хайрли мақсадлар учун миллиардлар
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг нутқида эшитганларидан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг ўзи билан бўлган учрашувларда аниқ далиллар билан янада батафсилроқ танишди. Бундай учрашувлар хорижий сармоядорларни жалб этиш ишида яна ҳам муҳим роль ўйнайди. Негаки, улар давлатнинг биринчи раҳбари билан мулоқотни ҳам ўзларининг фаолиятига алоҳида эътиборнинг намоён бўлиши, ҳам эришилган келишувларнинг амалга ошиши ва қўллаб-қувватланиши кафолати, деб ҳисоблайди.
Форум арафасида ва давомида давлатимиз раҳбари халқаро ташкилотлар ва молия муассасаларининг вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказди. Мазкур учрашувлар ҳақидаги хабарлардан ҳам кўриниб турибдики, уларда инвестициявий ҳамкорлик ва муайян лойиҳаларга тегишли масалалар муҳокама этилди.
Мисол учун, Шавкат Мирзиёевнинг ЕТТБ делегацияси билан учрашувида эътироф этилишича, бугунги кунда банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 4,4 миллиард евродан ортиқ, улардаги хусусий сектор улуши эса 70 фоизга яқинлашган. Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида янги Ҳамкорлик стратегияси қабул қилинган бўлиб, у кичик ва ўрта бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлиги, муқобил энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг йўналиш ва кўламини кенгайтиришга қаратилган. ЕТТБнинг фаол кўмаги ва бевосита иштирокида Ўзбекистонда давлат корхоналарини хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда, «яшил» энергетика, транспорт инфратузилмаси, экология ва бошқа устувор соҳаларга тегишли меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Учрашувда Ўзбекистон Президенти сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси, «яшил» шаҳарларни ривожлантириш каби йўналишларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси — Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров билан суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди. «Қамбарота ГЭС-1» ва Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаларининг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов бошчилигидаги делегация билан ҳам учрашди. Унда таъкидланишича, ўтган йили Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо айланмаси 27 фоизга, жорий йилнинг бошидан бери эса яна 15 фоизга ортган. Автомобилсозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, туризм ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари рўёбга чиқарилмоқда. Шундай бўлсада, лойиҳалар портфелини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бу эса, жумладан, қўшма инвестициявий компания маблағларини жалб этиш орқали амалга оширилади.
Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегация билан учрашувда таъкидланишича, бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошди. «ACWA Power» компанияси мамлакатимизда энергетика тармоғини ривожлантиришга энг кўп инвестиция киритгани айтиб ўтилди. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда янги лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатимизнинг Бирлашган Араб Амирликлари билан иқтисодиётнинг устувор соҳаларидаги ҳамкорлиги ҳам жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БАА иқтисодиёт вазири Абдулла бин Ал Маррий бошчилигидаги делегация билан учрашувида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланаётгани, товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ошиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етди. Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуфни қабул қилди. Энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, геология, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё соҳаларида, жумладан, Ўзбекистон — Ўмон инвестиция компанияси кўмагида лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият борлиги қайд этилди. Трансафғон темир йўлини қуриш ҳамда Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт йўлагини барпо этиш масаласини илгари суриш борасида ҳам фикр алмашилди.
Президентимизнинг инвестиция форумида қатнашган компаниялар раҳбарлари билан мулоқотлари ҳам конструктив, аниқ мазмунга бой бўлди. Масалан, Мисрнинг «Orascom Investment Holding» компанияси раҳбари Нагиб Савирис билан учрашувида асосий эътибор Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳалари, жумладан, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сайёҳлик, қурилиш, инфратузилмани ривожлантириш каби йўналишларда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш масалаларига қаратилди. Ўз навбатида, Нагиб Савирис Миср инвестицияларини мамлакатимиз иқтисодиётига йўналтириш учун барча саъй-ҳаракатга тайёрлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёевнинг «Suez», «Arsenale Group», «Airbus», «Linde» каби етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашувида инвестициявий ва инновацион ҳамкорликнинг истиқболлари, шунингдек, сув таъминоти, фуқаро авиацияси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда муайян лойиҳаларни рўёбга чиқариш истиқболлари кўриб чиқилди. Европа бизнес вакиллари бундан кейин ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда қатнашишга тайёрликларини билдиришди.
Президент Шавкат Мирзиёев форум доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказди. Жумладан, «CAMCE» корпорацияси раиси билан Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилиши ҳамда энергетика, саноат ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. «Goldwind» компанияси президенти билан компаниянинг Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантиришдаги иштироки истиқболлари кўриб чиқилди, шамол электр станциялари қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди. «China Southern Power Grid» билан Бухоро вилоятида шамол электр станциялари, бутун мамлакат бўйлаб гидроаккумуляция станциялари ва юқори кучланишли линиялар қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича «Holley Group» компанияси муваффақиятли ишлаётгани қайд этилди. Тошкент вилоятида технопарк қуриш ва унга Хитойнинг йирик компанияларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Президентимиз форум қатнашчилари билан ўтказган тўғридан-тўғри мулоқотлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожининг кўпгина қирраларини қамраб олди. Ўзаро манфаатли таклифлар, кўпгина давлатларнинг ишбилармон доиралари вакилларини янги Ўзбекистонни барпо этишда қатнашишга чорлов, албатта, эътиборсиз қолмади. Бу эса шундан далолат берадики, инвестиция форуми иштирокчилари ўз ватанига қайтгач, нафақат бизнеси учун бизнинг мамлакатда мавжуд бўлган имкониятлар ҳақида кўпроқ билади, балки шу имкониятлардан фойдаланиш йўлларини ҳам излай бошлайди. Ўзбекистонлик шериклар билан энди биринчи марта ҳамкорлик қилишга бел боғлаганлар, масалан, истиқболли лойиҳаларга пул тикиш ёки унда қатнашишни кўзлаши мумкин. Бошқалари эса ўз маҳсулоти, хизматлари ва технологиялари билан мустақил равишда Ўзбекистон бозорига чиқиш ҳақида ўйлаб қолади. Мамлакатимизда ишлаш тажрибасига эга бўлганлар эса ўз бизнесини янада кенгайтириш ва янги лойиҳалар бўйича қарор қабул қилади.
Ҳамкорликни кенгайтиришдан ҳамма манфаатдор — хорижий сармоядорлар, компаниялар, энг муҳими, мамлакатимиз иқтисодиёти. Зеро, бу Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлардан биридир.
Жадал суръат билан тараққиёт сари
Бундай мақсадлар эса стратегияда юзта. Улар аниқ-тиниқ белгилаб берилган. Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлиси доирасида, Президент нутқида ва тадбир иштирокчилари билан ўтказган учрашувларида катта эътибор ана шу мақсадларга эришиш бўйича стратегик вазифаларга қаратилди. Тактик қарорлар эса қатор шуъба мажлислари ва давра суҳбатларида муҳокама этилди. Уларда қонунчиликни такомиллаштириш, банк сектори ва иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини трансформация қилишдан бошлаб, то экология, маданий меросни асраш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларигача кўриб чиқилди.
Шуъба мажлислари ва давра суҳбатлари шуниси билан аҳамиятлики, уларда форум қатнашчилари нафақат мамлакатимиздаги аҳвол бўйича ўз фикрлари билан бўлишиб, таклифларини берди, балки кўзланган мақсадларга эришиш жараёнида фаол қатнашишга тайёрликларини ҳам билдирди.
Форум доирасида Ўзбекистон пойтахтини минтақанинг етакчи молиявий марказига, халқаро бизнес ва сармоядорлар учун рақобатбардош инвестициявий марказга айлантириш мақсадида Тошкентда Халқаро молиявий марказ ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шу масалага бағишланган давра суҳбатида унинг иштирокчилари Тошкент шаҳрининг инвесторларни жалб этиш бўйича афзалликлари, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги омиллари ва уни янада ошириш учун зарур бўлган шартлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
Масалан, Халқаро молиявий корпорация таҳлилий бошқармаси директори Алёна Долгованинг айтиб ўтишича, Тошкентнинг халқаро молиявий марказ бўлиши учун учта асосий «устун» бор. Биринчидан, бу маъмурий-ҳуқуқий инфратузилма бўлиб, у инвесторлар учун жуда муҳим. Инвесторларга анъанавий молиявий услублар ва маҳсулотлар учун кенг имконият берилиши ҳам — ҳал қилувчи омил. Шунингдек, минтақада ислом банкларининг пайдо бўлиши Тошкент учун стратегик йўналиш бўлиши кутилмоқда. Ва учинчиси — иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги. ХВФ баҳолашича, Ўзбекистонда ЯИМнинг йиллик ўсиши 2030 йилга бориб 5 фоиздан ошади. Мамлакат жадал ривожланмоқда ва унинг пойтахти глобал инвесторлар учун қулай муҳитни яратади.
Шуъба мажлисининг яна бир мавзуси — «Ўзгаришлар ва барқарорлик алгоритми: минтақавий ва глобал иқтисодиётнинг трансформациясида сунъий интеллектнинг роли». Унинг қатнашчилари, жумладан, сунъий интеллектнинг иқтисодиётга таъсири мавзусини муҳокама қилди. Сунъий интеллектнинг жараёнларни оптималлаштириш, вазифаларни автоматлаштириш ва қимматли ахборотларни олиш бўйича аҳамияти барқарор ривожланиш ва инновациялар учун ўта муҳим. Шу жиҳатни эътироф этган иштирокчилар яқин келажакда сунъий интеллект туфайли юз берадиган ўзгаришларнинг аҳамиятини таъкидлади ва тараққиётни таъминлаш учун мазкур ўзгаришларга тайёр бўлиш лозим, деган хулосага келди. Масалан, «Citigroup» инвестициявий банкининг собиқ техник директори Антонио Бенжамин сунъий интеллект ривожланиши билан боғлиқ хавф-хатарларга тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон учун ҳам, бошқа исталган мамлакат учун ҳам сунъий интеллект соҳасида миллий ва суверен стратегияга эга бўлиш жуда муҳим, бу стратегия мамлакатнинг қадриятлари, тарихи ва миллий анъаналарини акс эттириши керак.
Форум доирасида унинг иштирокчилари нафақат мамлакатимизнинг, балки ҳудудларнинг ҳам инвестициявий салоҳияти билан таништирилди. Мисол учун, сармоядорларнинг эътибори 2023 йилда Тошкентга 4,5 миллион сайёҳ келгани ва бу рақам йилдан йилга ортиб бораётганига қаратилди. Шу боис замонавий сайёҳлик инфратузилмаси, жумладан, меҳмонхоналар барпо этиш бўйича янги лойиҳаларга эҳтиёж бор. Турли мамлакатларнинг ишбилармон доиралари вакилларида «Янги ҳаёт» улкан махсус индустриал технопарки қурилиши бўйича лойиҳа ишлари бошлангани ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда соҳавий кластерлар ва майдони юз гектардан иборат логистика маркази ҳам барпо этилади.
Жиззах вилояти вакиллари хорижий сармоядорларни қиймати 30 миллион долларлик лойиҳани ишга тушириш имкониятидан фойдаланишга таклиф қилди. Унда тоғ жинсларидан қурилиш учун плиталар ишлаб чиқариш, шунингдек, «Zomin Farm» иқтисодий саноат зонасида 20 миллион долларлик бир марталик тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган. Бухоро вилоятида норуда материаллар манбаларининг катта миқдори мавжуд бўлиб, хорижий сармоядорлар бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин. Андижон вилояти вакиллари ҳам қизиқарли таклифларни киритди. Жумладан, вилоят ҳар йили 55 тонна шоколадни ўн миллионлаб долларга сотиб олади. Хўш, ушбу талабни ҳисобга олган ҳолда, сармоядорлар шу ернинг ўзида шоколад ишлаб чиқаришни йўлга қўйса бўлмайдими? Яна шу вилоятнинг ўзида сопол буюмлар, каолин хомашёсидан автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга эҳтиёж бор ва бу ҳам сармоядорларни ўзига жалб қилади. Шу ва бошқа ўзаро манфаатли таклифлар эътибордан четда қолмаслигига ишонч билдирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг инвестициявий салоҳияти тақдимоти чоғида ҳам хорижий сармоядорлар учун кўпгина таклифлар тушди.
Инвесторлар ўз маблағини жойлаштириши учун «ўсиш нуқталари» форум қатнашчиларига нафақат Ўзбекистоннинг вилоятларида, балки Марказий Осиё минтақаси доирасида ҳам таклиф этилди. Масалан, қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда гидроэлектр станцияларини қуриш. Ёки Марказий Осиё давлатлари учун Ҳинд океанига ва арзон денгиз йўлларига чиқиш имконини берадиган Ўзбекистондан Афғонистон ва Покистон орқали ўтувчи темир йўл қуриш. Ушбу темир йўл юк ташиш муддатини 35 кундан 5 кунгача қисқартиради, ташувларнинг нархи эса камида 40 фоизга пасаяди. Яна бир улкан минтақавий лойиҳа Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуриш, уни рўёбга чиқариш ҳам вақтни тежаб, юк ташувларининг муддати ва нархини қисқартиради.
«UCC Holding» бош директори Меҳмет Ариф Озозаннинг фикрича, Ўзбекистон — жуда очиқ мамлакат ва бу ерда инвесторлар учун дўстона муҳит шакллантирилган. Бу мамлакатнинг улкан ютуғи ва бундай катта тезлик билан тараққиёт сари интилиш ҳайрон қолдиради.
— Ўзбекистон жуда қисқа муддатда шундай катта натижаларга эришгани фахрланса арзигулик воқеа, — дейди қатарлик тадбиркор. — Бу эса мамлакатнинг халқаро инвесторлар учун жозибадорлигини оширади ва уларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган нуфузли тадбир янги Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини муваффақият билан намойиш этди. Шубҳасиз, эндиликда кўплаб хорижий инвесторларнинг сармоялари географиясида мамлакатимиз муносиб ўрин эгаллайди. Бу эса юртимиз тараққиётига, халқимизнинг турмуш даражаси, фаровонлиги ошишига хизмат қилади.
Ўткир Раҳмат.