9 февраль — Алишер Навоий таваллуди куни
КИШИДАН ЯХШИ ОТ ҚОЛҒАЙ ЖАҲОНДА,
ёхуд ёшларни ватанпарварликка, илмни пухта эгаллашга, касбда камол топишда ғайрат қилишга ундайдиган насиҳатлар баёни
9 февраль — Алишер Навоий таваллуди куни
Алишер Навоийнинг бебаҳо ўгитлари ёш авлодда ватанпарварлик, юксак маънавият, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни шакллантиришда ғоят муҳим ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Буюк бобомизнинг бетакрор асарлари орқали эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар моҳиятини теранроқ англаймиз. “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Mуҳокамату-л-луғатайн” каби асарларини қўлдан қўймай ўқимоқ, мазмун-моҳиятини теран англамоқдан маъно ҳам шудир.
Шу маънода Алишер Навоий ўз асарларида Соҳибқирон Амир Темур ва темурийларга алоҳида фасл ва боблар бағишлаган, хабарлар битган. Мутафаккир уларда маълум бир маънода ўзининг боқий фикрлари, миллий ва умумбашарий ғояларини тараннум қилади. Мазкур мақолада шундай боблардан бирига ижтимоий фикр ва поэтик талқин аспектида эътибор қаратишга ҳаракат қилдик.
Ҳазрат Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонининг 53-бобини Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Абулфаворис Шоҳғариб Мирзога бағишлаган. У бобга “Салтанат шажарасининг самараси ва хилофат боғининг шажараси, ҳидоят авжида манзил этган, тамаллуқнинг ниҳоятиға етган, риё қасри бунёдин қўнқорғон, балоғат айвонида от чиқорғон, яъни султонзодаи олам Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодир халлада давлатуҳу мадҳида бир неча сўз сурмак ва насиҳатомиз нукталар арзға тегурмак, умид улким бу шоҳвор дурларни туфроғдин олғай ва адосида қулоқ солғай, балки ул гаронмоя гавҳарларни қулоққа солғай”, деб навоийона услубда сарлавҳа қўйган.
Сарлавҳада айтилганидек, боб мавъиза, дидактик характерга эга бўлиб, Алишер Навоийнинг мазкур бобни “насиҳатомуз нуқталар” дея изоҳлашига сабаб шуки, Шоҳғариб Мирзо унинг сўзларига қулоқ солишига умид билдирган. Демак, бобда баён қилинган мавъиза бир шахс, яъни давлат арбобига аталгани боис, уни умумга эмас, балки якка шахсга қаратилган ўгитлар туркумига киритиш мумкин. Албатта, бу тасниф ҳам нисбийдир. Бобнинг айрим ўринларида умум манфаати ҳам назарда тутилгани сезилади. Умуман, ҳазрат Навоий мазкур бобда Шоҳғариб Мирзони давлат ва мамлакат тақдирига дахлдор шахс сифатида тасвирлагани очиқланган.
Абулфаворис Шоҳғариб Мирзо жисмида нуқсон бор эди, тарихий маълумотларга қарганда, у букри бўлган. Шунингдек, у Ғарибий тахаллуси билан ўзбек, форс тилида шеърлар битган, Навоий ғазалларига ҳам таъсирли татаббуълар ёзган девон (Германиянинг Гамбург миллий кутубхонасида сақланади) тузган, отаси Султон Ҳусайн Бойқарога салтанат ишларида ёрдам берган, яъни Султон сафарда бўлган вақтларида шаҳзода пойтахт Ҳиротни, маълум маънода мамлакатни ҳам бошқарган. У шоҳнинг бошқа ўғиллари каби маишатга берилмаган, ўз даврининг муҳим илм, фанларини пухта эгаллаган, адолатни баланд тутган ҳамда илм-маърифат ва ҳунар аҳлига ҳиммат кўрсатган.
Шоҳғариб Мирзо Алишер Навоийнинг ўта қобилиятли замондошларидан бири ҳисобланади. Мутафаккир шоир Шоҳғариб Мирзога умид боғлаган ва унга ихлоси жуда баланд бўлган. Буни мазкур боб мазмунидан ёхуд “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг 7-мажлисидан билиш мумкин. Шоир адабиёт, санъат ва маданиятга ҳомийлик қилган ёки ижод билан шуғулланган 21 нафар темурийлар қаторида унга махсус фиқра ёзган ва уни “Девон ҳам жамъ қилибдур. Яхши матлаълари бу мухтасарға сиғмас, магар яна бир китоб битилгай”, дея юксак шарафлаган.
Боб аввалида Алишер Навоий рамзий маънода Жаҳон боғи ва унда ўсувчи юз хил гуллар ранги, файзи ҳақида сўз очар экан, Шоҳғариб Мирзони гўё шу боғнинг бир гулига қиёслайди. Муаллиф “Бори шоҳлар фасиҳи Шоҳғариб ул” дея уни юксак эътироф билан ўқувчига таништиради:
Ғариб ўлғай ниҳоятдин зиёда,
Бу янглиғ гулким ўлғай шаҳзода.
Қаю шаҳзода ул кони малоҳат,
Такаллум вақти дарёйи фасоҳат.
Фасоҳат бобида шоҳға қариб ул,
Бори шоҳлар фасиҳи Шоҳғариб ул.
Ҳазрат Навоий темурий шаҳзодани бадиий маҳорат билан Янги ойга ва Қуёшга менгзайди. Унинг камолоти йўлида классик-олий, туркона-халқона услубда бир туркум насиҳатлар айтган ва ўгитларини ҳалимлик билан баён қилишда даҳо шоир сифатлаш, ўхшатиш, талмеҳ, фахрия, тазод, ҳусни таълил, тамсил, мурожаат сингари шеърий санъатлардан унумли фоайдаланган. Шуниси эътиборга моликки, боб образлар оламига жуда бой. Унда Шоҳғариб Мирзога айтган насиҳатларини муаллиф энг узоқ умр кўрган Нуҳ пайғамбар, Муҳаммад (с.а.в), шуниндек, Ажам шоҳлари, шоҳ Искандар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн Бойқаро каби тарихий шахслар орқали етказади. Бундан ташқари, фалоний образи сифатида биров, олим, ҳакимлар, юз минг хирандманд, дин уламолари, табиб, муаррих, муҳаддис, огоҳлар, шоҳ, огоҳ шоҳ, улус, соқийларни тилга олади. Бобнинг тили содда, поэтикасида эса муаллиф нутқи устун, ибтидосидан интиҳосига қадар муаллиф нутқи билан баён этилади.
Биринчи насиҳат улуғ мутафаккирнинг қутлуғ дуоси, нек ниятига йўғрилган тарзда ифодаланган. Байт шоҳбайт характерида бўлиб, ҳикмат нафақат Шоҳғариб Мирзога, балки маълум маънода олам аҳлига, келажак авлодга қарата айтилган, деб баҳолаш мумкин. Бу ўринда Алишер Навоий қўллаган касби камол эт тамойили қитъаларидан бирида ҳам бадиий талқин қилинган. Бобда касби камол эт тамойили шу тариқа ифода қилинади:
Қуёшлиқ истасанг касби камол эт,
Камол ар касб этарсен, бемалол эт.
Иккинчи насиҳатда эса ҳазрат Навоий ўз вақтида таълим, тарбияга ғайрат ва рағбат кўрсатмай, балки ўзининг ғафлати, бефарқлиги оқибатида инсонда пайдо бўлган хижолат, хижолат бўлиш каби салбий хислатдан огоҳлантирган. “Насойим ул-муҳаббат”да вақтни сармоя деб билган Алишер Навоий вақт қадри ҳақида ҳам эслатгандек бўлган:
Киши таълимдин топса малолат,
Топар илм аҳли оллинда хижолат.
Учинчи насиҳатини у ҳадис асосида баён қилган, гўё Румийнинг “Ҳушёрларга беринг дунёни” деган ҳикмати маъносини англаган шахс, яъни ҳаётда огоҳ инсон, огоҳ шоҳ бўлишга чақирган:
Бировким қилса олимларға таъзим,
Қилур гўёки пайғамбарға таъзим.
Ҳадис ўлмиш набийдин бўйла ҳодис
Ки, олим келди пайғамбарға ворис
Эрурсен шоҳ ‒ агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен сен ‒ шоҳсен сен.
Тўртинчи насиҳатида Алишер Навоий шаҳзодани илмли бўлишга чақирар экан, очиқ ва яширин талмеҳ санъати воситасида Арасту, Суқрот, Фишоғурс, Луқмон каби ҳакимлар маслаҳати билан Кенгаш асосида давлат бошқарган шоҳ Искандарни ёдга олади. Унинг Қуёшнинг чиқишидан то Қуёшнинг ботишигача бўлган ҳудудларни, яъни “баҳру барни” эгаллаганига ишора қилган:
Сикандар топти чун илму ҳунарни,
Не янглиғ олди кўргил баҳру барни.
Анингдек салтанат аҳли кўп эрди,
Қаю бирга бу навъ иш даст берди.
Ики минг йил ўтуб юз минг хирадманд,
Бўлуб ҳикматлари бирла баруманд.
Улуғ шоир Шоҳғариб Мирзони илм ўрганишга даъват қилар экан, очиқ талмеҳ воситаси билан Темурхоннинг суюкли набираси Мирзо Улуғбекни эслайди, унинг илми олдида “осмон пастлиги”, Расадхонаси “зеби жаҳон”, “яна бир осмон” эканини тўлқинланиб ёзган. Билим ҳукмдорларга зийнат эканини куйинчаклик билан баён этган. Шу ўринда тасвир ва тасаввур аниқ бўлиши учун Улуғбек илмий фаолияти ёртилган лавҳани тўлиқроқ эслаб ўтайлик. Эътибор беринг-а...
Темурхон наслидин султон Улуғбек
Ки, олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнойи жинси бўлди барбод
Ки, давр аҳли биридин айламас ёд.
Валек ул илм сори тортти чун даст,
Кўзи оллинда бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш - зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
Билиб бу навъ илми осмоний
Ки, андин ёзди “Зижи Кўрагоний”.
Қиёматға дегинча аҳли айём,
Ёзорлар онинг аҳкомидин аҳком.
Билик гарчи кўрунур кўзга зийнат,
Вале шаҳларға бордур ўзга зийнат.
Бешинчи насиҳатида Навоий Шоҳғариб Мирзога ўз даврининг илғор, тараққийпарвар кишилари каби диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаши зарурлигини тушунтирган. Жамъ ва тақсим санъати воситасида фиқҳ, ҳадис, тафсир илмини бир мисрада ёки тиб ва ҳикмат илмини бирга қўллаган:
Бу дин илмики хомам қилди таҳрир,
Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир.
Чу такмил ўлди бу уч илм сен бил,
Яна ҳар илм майлин қилма, ё қил.
Тиб ва ҳикмат илми инсон саломатлиги, соғлом турмуш тарзи, ҳатто Аллоҳ амрларини тўкис бажариш учун ҳам зарурлиги уқтирилади. Алишер Навоий гўё соғлом жисм, соғлом руҳ, соғлом қалб тамойилини баён қилгандек бўлади:
Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб
Ки, сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.
Қаю жисмеки онинг сиҳҳати йўқ,
Қилурға Тенгри амрин қуввати йўқ.
Бобда ҳам ижодкор, ҳам давлат арбоби сифатида сиёсий ҳушёрлик ва ўтмишдан, хусусан, тарихда ўтган ҳукмдорлар фаолиятидан ибрат олиш учун ҳукмдорлар тарих фанини ўрганиши зарурлиги хусусида ҳам ёзган ҳамда тарих варақларида яхши ёки ёмон ном қолдирган Ажам шоҳларидан Таҳмурас, Жамшид, Заҳҳоклар номини қиёсий аспектда тилга олган:
Равон тарих сори рағбат айла,
Салотин бирла азми суҳбат айла.
Жаҳондин кўрки кимлар ком олибдур,
Бу эски дайр кимлардин қолибдур.
Шунингдек, бобда айтилган боқий фикрлардан бири, инсоннинг мазмунли ва ибратли умри хусусида бўлиб, инсондан яхши от, яхши ном қолиши, унинг иккинчи умри эканини эслатишидир:
Қаю фанким шуруъ этмаклик онда,
Кишидин яхши от қолғай жаҳонда.
Алишер Навоий олға сурган яхши от, эзгу ном концепциясига адиб Ойбек ҳам “Навоий” романида диққат қаратган. Романда улуғ мутафаккирнинг Унсия номи билан машҳур қароргоҳида укаси Дарвеш Али билан яхши от, эзгу ном ҳақида суҳбат қургани ва укасига насиҳатлар айтгани бадиий талқин қилинади.
Шоҳғариб Мирзони Алишер Навоий Ҳақ амрига амал қилишга ундаган. Унга Нуҳ умрини тилаган ҳамда билдирган нек ниятига далил қилиб тамсил бадиий санъати воситасида аҳли ҳикмат тилидан “Ёмондин оз беҳким, яхшидин кўп” деган ҳикмат билан қуйидаги байтни ёзган:
Бу сўзни аҳли ҳикмат деб дурур хўб,
“Ёмондин оз беҳким, яхшидин кўп”.
Яна унга ҳам фақиҳ, ҳам табиб, ҳам муаррих, ҳам ҳаким, ҳам давлат арбоби тилидан таъсирли насиҳатлар битган ва “олам ичра яхши от” эзгу ном концепциясини олға сурган.
Алишер Навоий фахрия усули билан унга отаси Султон Ҳусайн Бойқаронинг дин ва дунё илмида маъно топганини, устунлигини эслатар экан, унинг ҳукмронлиги даврида Хуросон давлатида бадиий адабиёт, илм-фан, санъат ва иқтисодий ҳаётнинг кўплаб соҳалари тараққий этганига ишора қилган. Шоҳғариб Мирзодан камтарлик ва умид туйғуси билан ўзини ҳам дуода ёд ва фотиҳада шод қилишини сўраган. Чунончи:
Етурса нафъи куллий ҳар бир иршод,
Менинг руҳум дуодин қилғасен шод.
Санга бу панд ҳар дам нафъ бергай,
Дуо қилсанг манга ҳам нафъ бергай.
Минг афсуслар бўлсинки, Шоҳғариб Мирзо буюк мутафаккирдан аввалроқ, бевақт вафот этган. Ўзбекистон Қаҳрамони С.Ғаниеванинг ёзишича, Алишер Навоий Шоҳ Ғариб Мирзо вафотига ҳар банди 6 байтдан иборат 5 бандли (60 мисра) таркиббанд марсия ёзган. Унда марҳумнинг камтар ва ширинсўз инсон, адолатли ва лутф-марҳаматли шаҳзода, заковатли шоир бўлгани қайд этилади. Бу марсия биринчи марта 1971 йилда атоқли матншунос Ҳ.Сулаймонов томонидан нашр этилган.
Хулоса шуки, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида Шоҳғариб Мирзога бағишлаб битган 53-бобида айтилган насиҳатлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чунки унинг панд-насиҳатлари, биринчидан, давримиз ёшларининг илмни пухта эгаллашида, касбда камол топишида қўлланма вазифасини ўтайди, иккинчидан эса, олимларни эл-юрт учун фойдали илм билан шуғулланишга ундайди. Қолаверса, Бобур ва Фахри Хиравий ёзган маълумотлар бизга Шоҳғариб Мирзонинг ҳам давлатга, ҳам бадиий адабиётга дахлдор етук шахс бўлганини кўрсатади.