“BMB Za’faron” компанияси маҳсулоти АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификатга эга бўлди
“BMB Zaʻfaron” бренди остида етиштирилаётган заъфарон маҳсулотининг экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Европанинг “Control Union Certifications” (Нидерландия) ташкилоти “Euro Cert” компанияси билан ҳамкорликда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификатни (USDA organic) олиш бўйича ишлар якунига етказилди.
“Euro Cert” компанияси мутахассислари томонидан “BMB Zaʻfaron” заъфарон плантацияларида агротехник тадбирларни ўтказиш, ҳосилни териб олиш, қайта ишлаш ва сақлаш, тайёр маҳсулотни қадоқлаш жараёнлари белгиланган муддатлар давомида тўлиқ ўрганиб чиқилди. Шунингдек, тайёр маҳсулот Европанинг етакчи синов лабораторияларида бир неча маротаба текширувдан муваффақиятли ўтказилди.
USDA organic - бу АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификат ҳисобланади. Сертификатлаш фақат юқори малакали ва ваколатли ходимлар томонидан амалга оширилади. Мазкур миллий органик стандарт истеъмолчиларни соғлом ва табиий маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадига қаратилган миллий дастурнинг бир қисми сифатида қабул қилинган. Бугунги кунда USDA organic сертификатини олган маҳсулотлар таркибининг камида 95 фоизи экологик тоза табиий ингредиентларни ўз ичига олиши кафолатланган.
“BMB Zaʼfaron” компанияси мана шундай мураккаб ҳисобланган қатор халқаро ташкилотларнинг нозик синов лабораторияларидан муваффақиятли ўтди. Бундан ташқари, “BMB Zaʼfaron” бренди остидаги маҳсулот Европанинг “Analisi Chimiche Ed Ecologiche Sas”, “Laboratori di Ricerche Analitiche e Tecnologiche su Alimenti e Ambiente” (Италия), “QC LAB McCormick France” (Франция) ҳамда Жанубий Кореянинг “Чонг Кинингсон” лабораторияларида икки босқичли чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилиб, ISO 3632-1/2011 халқаро стандартлари асосидаги таҳлил натижасида ранг, ҳид ва таъм кўрсаткичлари бўйича I категорияли сифат даражаси сертификатига эга бўлди. Бундай сертификат саноқли компанияларнинг маҳсулотларига берилган.
Шунингдек, АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA - Food and Drug Administration) Ўзбекистондан Америкага “BMB Zaʼfaron” бренди остида заъфарон маҳсулотини импорт қилишга рухсат берди.
Бу эса “BMB Zaʼfaron” тарихида янги босқич бошланганидан далолат беради. Яъни компаниянинг экспорт географияси янада кенгайиб, АҚШ ва Шимолий Америка қитъаси бозорларига кириб бориш ҳамда забт этиш бўйича янги имкониятлар эшиги очилди.