БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг экологик таҳдидлари тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюциясини бир овоздан қабул қилди.
Резолюция матнини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар жараёни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда дунёнинг барча қитъаларидан, жумладан АҚШ, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, Франция, Буюк Британия, Германия, Канада, Австралия, Саудия Арабистони, Миср, Аргентина, Бразилия, Мексика каби юздан ортиқ давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этишди. Улар, шунингдек, матнни ўзига хос мазмун билан тўлдириш ва умумий консенсусга эришиш учун кўплаб таклифларни киритдилар.
Ҳужжат матнида Ўзбекистон Президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган. Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Халқаро иқлим форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини ҳам олқишладилар.
Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Шу боис, халқаро ҳамжамиятга ушбу жамғармани фаол қўллаб-қувватлашни давом эттириш тўғрисида мурожаат йўлланган.
Ҳужжатда чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашда инновацион усуллар ва янги технологияларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилган. Жорий йилнинг 13-17 ноябрь кунлари Самарқандда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси ва Қум ва чанг бўронларига қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиши Марказий Осиёда илк бор муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қарши олинди.
Резолюцияда Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши курашиш мақсадида барқарор қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, «ақлли шаҳарлар» ва барқарор транспортни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Бош Ассамблея, шунингдек, БМТ тизими, халқаро ва молиявий институтлар, хусусий сектор, инвесторлар ва донорларга Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ресурсларни сафарбар этиш, салоҳиятни ошириш ва ёрдам кўрсатишни давом эттиришни тавсия қилади.
Резолюцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташаббуслари ҳам баён этилган.
Ҳужжат барча Марказий Осиё давлатлари номидан тақдим этилди.
Резолюция ҳаммуаллифлари қаторига Германия, Швейцария, Туркия, Хитой, Сингапур, Венгрия, Вьетнам, Озарбайжон, Арманистон, Малайзия, Индонезия, Миср, Иордания, Парагвай (БМТнинг барча минтақавий гуруҳлари вакилларини қамраб олган) каби давлатлар ҳам кирди.
Резолюция қабул қилингандан сўнг БМТ Ахборот хизмати «БМТ Бош Ассамблеяси Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қарши курашиш бўйича резолюцияни қабул қилди» сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Унда қайд этилишича, иқлим ўзгариши замонамизнинг энг мураккаб муаммоларидан бири бўлиб, барча мамлакатларнинг барқарор ривожланиши учун жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда.
Мақола муаллифларининг ёзишича, сентябрь ойида БМТда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилганини таъкидлаган. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. «Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда», Ўзбекистон Президенти нутқидан иқтибос келтирган БМТ Ахборот хизмати.