Замонавий босқичда Ўзбекистоннинг сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича сиёсати
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини жадал ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу эса ўз навбатида республиканинг сувга бўлган эҳтиёжининг ҳам кескин ортишига олиб келмоқда.
Бундан ташқари, глобал иқлим ўзгаришлари, аҳоли сони ўсиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кузатилаётган жадал ривожланиш ва улардаги сувга бўлган талаб ўсиши туфайли Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунингдек, мавжуд чучук сув ҳажми қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда.
Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, 2050 йилга бориб, Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурслари 2-5 % га, Aмударё ҳавзасида эса 10-15 % га камайиши мумкинлиги прогноз қилинган. Ўз навбатида, тоза ичимлик суви танқислиги минтақа умумий ялпи ички маҳсулотининг 11 % га пасайишига, сув ресурсларидан фойдаланиш тартибининг мувофиқлаштирилмаслиги туфайли эса ҳар йили камида 1,75 млрд АҚШ доллари йўқотилишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунига асосан республикада сувдан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солувчи махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сувлари), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари) ўз ваколатлари доирасида сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳисобланади.
Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасини янада такомиллаштириш, юзага келаётган янги таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида соҳада бир қатор институционал ва меъёрий-ҳуқуқий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йил 30 ноябрдаги ЎРҚ-733-сонли Қонун билан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Вазирлар Маҳкамасининг сув муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Хусусан сув хўжалигини ривожлантириш, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, сув ва сувдан фойдаланишга доир бошқа дастурларни тасдиқлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш ваколатлари берилди.
Шу билан бирга, соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва 2023 йил 23 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди. Натижада мамлакатимизда барча ер усти сув объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши ҳамда сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш ва шу орқали камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида бошқариш назарда тутилган. Мазкур стратегиянинг 34-мақсадида эса республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 % га етказиш, 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш белгиланган.
Шунингдек, 2023 йил 11 сентябрда “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилиниб, унинг 3-бўлимида сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ташкилий ва амалий чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, республикада сув ишлатиш самарадорлигини 25 % га ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 млн гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш, узоқ муддатга мўлжалланган республиканинг сув ресурслари балансини ишлаб чиқиш ва унинг устидан доимий мониторинг ўрнатиш тизимини жорий қилиш, сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қувватини 300 минг гектарга етказиш, барча ичимлик суви истеъмолчиларига ҳисоблагичлар ўрнатилишини таъминлаш, ичимлик суви сифати, ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси, сув таъминоти ва канализация корхоналари самарадорлик кўрсаткичларини жорий этиш белгиланган (62-мақсад). Шу билан бирга, ирригация тизими ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, соҳа бошқарувига хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш назарда тутилган бўлиб, камида 100 та йирик сув хўжалиги объектларида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, Туямўйин сув омбори ҳажмини қўшимча 1 миллиард куб метрга кенгайтириб, 1,2 миллион гектарда сув таъминотини яхшилаш ва ичимлик суви захирасини яратиш белгиланган (64-мақсад).
Жорий йилнинг 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, унга кўра 2023 йилда мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- мавжуд сув ресурсларини сув истеъмолчилари орасида қатъий тақсимлаган ҳолда фойдаланиш;
- сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш;
- сув ресурсларининг бошқарувига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш.
Ушбу қарор билан 2025 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини берувчи “Suv hisobi” ахборот тизими жорий қилинади.
Ўзбекистон Республикаси сув хавфсизлиги таъминлаш масалаларига нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро даражада эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбари доимий равишда турли хил саммитлар ва учрашувларда сув билан боғлиқ муаммоларга устувор аҳамият бериб, бунда жаҳоннинг мазкур соҳа бўйича етакчи экспертларини жалб этиш ҳамда халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТ имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини қайд этиб келмоқда. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Ш. Мирзиёев БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган “Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида”ги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини билдириб, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир муаммолар, жумладан, минтақанинг умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш каби муҳим масалани эслатиб ўтди. Жорий йилнинг сентябрь ойида давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон томони “Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими” таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини ҳамда Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни татбиқ қилиш лозимлигини таъкидлади.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган “Марказий Осиё учун Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида”ги конвенция лойиҳалари Марказий Осиё минтақасидаги сув муаммосининг ечими сифатида минтақанинг барча давлатлари учун мақбул муқобил ҳужжат бўлиши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси минтақа давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг “Табиат чегарани билмайди: трансчегаравий ҳамкорлик – биологик хилма-хилликни сақлаш, тиклаш ва барқарор ишлатишнинг асосий омили”, “Барқарор ривожланиш учун сув 2018-2028 йилларга мўлжалланган саъй-ҳаракатларнинг ўн йиллиги бўйича ўрта муддатли БМТнинг ҳар томонлама кўриб чиқиш конференцияси” резолюцияларини қабул қилиш каби халқаро ва минтақавий ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий, иқтисодий ва экологик ҳолатини белгилаб берувчи ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминланишининг асосий омиллардан бири бу трансчегаравий дарёлардан ҳамкорликда фойдаланиш соҳаси бўлиб, у бўйича минтақа мамлакаталарининг қарашлари ҳар доим ҳам муштарак бўлмаган. Айниқса дарёнинг юқори ва қуйи оқимидаги давлатларнинг сув муносабатларида иккинчи томон манфаатларни етарли даражада инобатга олмаганликлари уларнинг иқтисодий, транспорт ва сиёсий мулоқотлар ҳамда ўзаро интеграциялашув жараёнининг ҳам суст кечишига сабаб бўлган. Шу жиҳатдан, трансчегаравий сувлардан фойдаланиш масаласи минтақадаги давлатларнинг мазкур соҳадаги ўзаро муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни тақозо этади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси сув масаласини, хусусан, трансчегаравий сувлардан фойдаланишда барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиш, мавжуд муаммоларни биргаликда ва ўзаро келишган ҳолда бартараф этиш, ушбу йўналишда ўзаро муносабатларни аниқ ҳуқуқий тартибга солишни ўз ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўриб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иккинчи маслаҳат учрашувида минтақада қурғоқчилик ва сув ресурслари муаммоларини ҳал қилишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда жорий йилнинг 4 августида Ашхободда Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари иштирокида уч томонлама саммитда минтақада сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг ўрни ва ролини рад этмаган ҳолда Марказий Осиё минтақасида сув муносабатларини тартибга солишда икки томонлама муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, қўшни мамлакатлар билан ўзига хос “сув дипломатияси”ни ривожлантирмоқда. Хусусан, 2017 йил 6 ноябрдаги Ўзбекистон ва Қирғизистон “Косонсой сув омбори” имкониятларидан биргаликда фойдаланиш бўйича ўзаро келишувга эришди. Мазкур келишувда сув хўжалиги иншоотларининг хавфсизлиги, улардан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва сув омборларидан томонлар ўртасидаги келишувга кўра белгиланган лимитларда сув билан таъминлаш масалалари ўз ифодасини топди. Ўзбекистон томони сув омборларига техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланишда, келишувга кўра олаётган сувига мос равишда молиявий харажатларни қоплашда иштирок этишига келишилди.
Бундан ташқари, минтақанинг яна бир сув ресурсларга бой давлати – Тожикистон билан ҳам ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистон халқаро нормаларни тан олган ва халқаро стандартларга амал қилган ҳолда Тожикистонда гидроэнергетик иншоотлар, хусусан Роғун ГЭСининг ҳам қурилишида иштирок этиш имкониятларини ҳар томонлама кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди. 2020 йил январда икки давлат Тожикистонда 1,4 млрд кв қувватга эга бўлган 552 млн доллар миқдоридаги иккита гидроиншоотни биргаликда қуриш бўйича музокаралар ўтказишди. Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришининг дунё музликларига, айниқса Марказий Осиёга салбий таъсирини ҳисобга олган ҳолда Тожикистон томонидан илгари сурилган 2025 йилни “Халқаро музликларни ҳимоя қилиш йили” деб эълон қилиш ва Халқаро музликларни ҳимоя қилиш жамғармасини тузиш таклифини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларининг камайиб бориши муаммоси ва Ўзбекистонда сув хавфсизлигини таъминлаш борасида нафақат расмий доира вакиллари, балки маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳам ушбу масала хусусида фикр ва мулоҳазаларини баён этмоқда ҳамда турли ечимларни таклиф қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа давлатлардан оқиб келади, атиги 20 фоизи мамлакатимизда ҳосил бўлади. Бундан 30-40 йил аввал яратилган инфратузилма эса жиддий модернизацияни талаб қилади. Унинг фикрига биноан, 2030 йилга бориб мамлакатимиз аҳолиси учун қарийб 7 миллиард куб метр сув етишмаслиги эҳтимоли мавжуд. Boston Consulting Group бошқарувчи директори ва ҳамкори И. Алексеев сўзларига кўра, Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича барча ташаббусларни амалга ошириш учун тахминан 19 миллиард доллар сармоя талаб этилади. Шундан 4 миллиарди насос станциялари ва 6 миллиарди хўжалик субъектларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун субсидияларга кетади.
Олий Maжлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича қўмитаси раиси Борий Алихонов “экологик пандемия, иқтисодий ва сиёсий патологияни келтириб чиқарадиган вирусни қўзғатмаслик учун сувга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш тўғрисида жамоавий тушунчани ривожлантириш керак”лигини таъкидлайди. Шунингдек, мутахассис фикрига кўра, 2040 йилларга келиб Амударё ва Сирдарё дарёлари оқимининг камайиши билан Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги 33% га етиши мумкин. Ўзбекистонлик сиёсатшунос, “Маъно” илмий-тадқиқот маркази директори Баходир Эргашев минтақанинг барча мамлакатлари учун сув масалалари бўйича ягона органни – Марказий Осиёда сув ва энергетика консорциумини яратиш лозимлигини таъкидлайди.
Германиялик сиёсатчи, Европарламент депутати Виола вон Крамон Ўзбекистондаги сув сиёсатига баҳо бириб, у сўнгги йилларда сув ресурслари нотўғри бошқарилаётгани, шаҳарлар заҳарли чангга ботгани ва мамлакат қисман чўлга айланиб бораётгани, агар бу жараёнлар тўхтатилмаса, Ўзбекистоннинг 36 миллиондан ортиқ аҳолисини экологик ҳалокат кутаётгани таъкидлайди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда сув хавфсизлигини таъминлаш нафақат ички ислоҳотларни, балки Марказий Осиё давлатларининг муштарак саъй-ҳаракатини талаб қилади. Ўзбекистон ушбу соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш, минтақавий аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни илгари суриш, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали фаоллик кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон томони минтақадаги трансчеграравий дарёларнинг оқилона ва адолатли тақсимланишини кафолотловчи ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини таъминловчи тизимни яратиш ҳамда ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ фойдаланиш лозимлигини таъкидламоқда. Зеро, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўрган ҳолда, ўз вақтида етарли чора-тадбирларнинг кўрилиши минтақада, айниқса, чегараолди районларида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий низоларнинг олдини олиш, ўзаро интеграциялашув жараёнларини янада тезлаштириш имконини беради.