Ўзбекистон ва Қатар: муштарак саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда парламентлараро алоқалар жадаллаштирилади
Ўзбекистон ва Қатар давлатлари ўртасида кейинги йилларда мунтазамлик касб этиб бораётган олий даражадаги мулоқотлар икки томонлама муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Хусусан, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг жорий йил 5-6 июнь кунлари мамлакатимизга ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1-2 октябрь кунлари Доҳага давлат ташрифлари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб берди.
2023 йил 19 декабрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Коррупцияга қарши курашиш бўйича мукофот билан тақдирлаш маросимида иштирок этиш билан бирга Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Қатар Давлати Маслаҳат Кенгаши Бош котиби Аҳмад Носир Ал-Фадала билан учрашувида алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорлигининг кенг йўналишлари, шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда. Йирик қўшма лойиҳалар тайёрланиб, амалга оширилаётир. Томонлар шундай бўлсада, иқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, ўзаро савдо айланмаси ҳажми давлатлар имкониятларини тўлиқ акс этмаётгани, уни бир неча баробарга ошириш учун салоҳият ва имкониятлар етарли эканини таъкидлаб ўтди.
Бу борада иккала давлатнинг муштарак саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда парламентлараро алоқаларни янада жадаллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг амалий механизми сифатида ўзаро ташрифлар мунтазамлигини таъминлаш, парламентлараро ҳамкорликка оид тегишли ҳужжат лойиҳасини тезроқ ишлаб чиқиб, тасдиқлаш таклифи илгари сурилди.
Учрашув якунида турли халқаро ташкилотлар ва парламент тузилмалари доирасида ҳам ўзаро мулоқотни ривожлантиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
https://uza.uz/posts/549943