Ватандошлар жамоат фондининг хориждаги волонтёри Гульбаҳор Джалилова Эйндховендаги марафонда қатнашди
Aнъанага кўра, Эйндховендаги “ASML” Марафони октябрь ойининг иккинчи дам олиш кунларида бўлиб ўтади. Шимолий Брабант провинциясидаги энг йирик икки кунлик спорт тадбири халқаро обрўга эга бўлиб, шаҳарликлар, айниқса ёшлар учун ажойиб воқеадир. 1991 йилдан бери ўтказилиб келинаётган марафонда 60 хил миллат вакиллари ичида бу сафар Ўзбекистонлик ватандошларимиз ҳам иштирок этишди.
Марафон ташликотчилари шаҳар муниципалитети, Braband Sport, ASML, RSM, JUMBO ва AA drink ҳисобланади. Бу сафар тадбирга Jumbo мини марафон, RSM City Run, ASML ярим марафондан ташқари 10 ва 21 км оммавий пойгалар ҳамда 12 километрни пиёда босиб ўтиш турлари киритилди. Октябрь ойининг 8 санасида бўлиб ўтган RSM City Run – 5 километрлик оммавий пойгада ватандошимиз Гульбаҳор Джалилова 8 ёшли ўғли билан иштирокчилар билан белгиланган масофани босиб ўтди.
ASML Эйндховен Марафони нафақат спорт тадбири бўлиб қолмасдан, балки алоқа ва инновация рамзига ҳам айланиб келмоқда. Хориждан келган экспатлар билан алоқани боғлаш ва инновация яратиш билан бирга марафонда шаҳар бўйлаб югуриш партиясини ҳам яратишмоқда. 25 000 дан ортиқ югурувчиларнинг ҳаракатларини 200 000 дан ортиқ томошабинлар иштиёқ билан маррагача кузатиб туришди.
“Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб омма орасида юрсангиз сиз ҳеч қачон унутмайдиган фахр туйғусига эга бўлар экансиз! Маррага етиб келганимизда марафондан эсдалик сифатида медаллар тақдим этишиб фотосуратларга туширишди. Биринчи марта бундай катта спорт тадбирида ватанимиз номидан қатнашганимиздан жудаям хурсанд бўлдик ва фахрландик” дейди Г.Джалилова.