Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди
13.09.2023
Президент Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни электрон ҳукуматни ривожлантириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий хизматлар жадал рақамлаштирилмоқда. Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бу борадаги истиқболлар белгиланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукумат рейтингида ТОП-30 таликка кириш вазифаси қўйилди.
Маълумки, бу рейтинг (e-Government Development Index) мамлакатларда соҳа ривожини кўрсатувчи халқаро индексдир. Унинг аҳамиятли жиҳати, аҳоли ва давлат ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш, хизматларни қулайлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Сўнгги йилларда унда Ўзбекистоннинг ўрни изчил кўтарилиб, ўтган йили 69-поғонада қайд этилган.
Рейтингда юқори 30 та мамлакат қаторига кириш учун хорижлик экспертлар иштирокида, халқаро методология асосида 6 та йўналиш бўйича 53 та тадбирдан иборат “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда онлайн хизматлар бўйича 112 та кўрсаткични яхшилаш, 2024 йилда 700 та рақамли хизматни ишга тушириш ва барчасини my.gov.uz га жамлаш, аҳоли масканлари ва автомагистрал йўлларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш назарда тутилмоқда.
Бу жараёнларни илмий-ҳуқуқий таъминлаш, ҳамкорлар билан ишлаб, камчиликларни бартараф этиб бориш мақсадида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси бўйича комиссияси ҳузурида Лойиҳа офиси ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, онлайн хизматларни ва юқори технологиялар соҳасида инсон капиталини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Рақамли технологиялар вазирига БМТ Департаментига (UNDESA) тақдимот қилиб, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрнини яхшилашни асослаш топширилди.