Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари
Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари
Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг алоҳида мустақил ҳокимият тармоғи сифатида фаолият юритишида унинг мустақиллиги кафолатларининг қонун даражасида белгиланиши муҳим аҳамиятга эгадир. Бинобарин, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминловчи нормаларнинг конституцияда белгиланишидан асосий мақсад – фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда кафолатлаш, жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашдан иборатдир.
Суд ҳокимиятининг алоҳида ҳокимият тармоғи сифатида асосий қонунда белгиланиши халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам тўлиқ мос бўлиб, муайян давлатни ҳуқуқий-демократик давлат тузумига эга эканлигидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат томонидан кафолатланишидан далолат беради. Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг суд органлари мустақиллигига оид Асосий принципларида суд ҳокимиятининг мустақиллиги ҳар бир давлатнинг Конституцияси ёки қонунларида мустаҳкамланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Демак, суд ҳокимияти мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари деганда конституция, қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатларида белгиланган судлар фаолиятини ташкил этиш ва суд ишларини юритишда суд органлари ва судьяларнинг мустақиллигини таъминловчи нормалар тушунилади. Хусусан, суд ҳокимияти мустақиллигининг асосий кафолати, авваламбор, Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланиб, унда Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгиланган. Конституциянинг ушбу нормаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги унинг алоҳида ҳокимият бўғини сифатида мақомга эгалиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган эканлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида суд ҳокимиятига оид нормалар алоҳида бобда белгиланган бўлиб, “суд”, “судья” сўзлари 60 дан ортиқ марта қўлланилган. Хусусан, Конституциямизда суд ҳокимияти – алоҳида давлат ҳокимияти органи (11, 98, 130-140-моддалар), фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминловчи кафолат (20-модда), жамиятда адолатни қарор топтирувчи, одил судловни амалга оширувчи махсус орган (27-31-моддалар), инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати (55-модда) сифатида белгиланган. Мисол учун, Конституциямизнинг 131-моддасида фавқулодда судлар тузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги қоиданинг белгиланганлиги одил судлов фақат Конституцияда белгиланган ваколатли судлар томонидан амалга оширилиши кафолати ҳисобланади. Бу билан суд ҳокимиятининг ҳам институционал, ҳам функционал мустақиллиги кафолатланган.
Суд ҳокимиятининг конституциявий вазифаларидан келиб чиқиб, уни иккита асосий хусусиятини ажратиш мумкин.
Биринчидан, конституциявий бошқарувнинг алоҳида предмети бўлмиш суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг таркибий қисми, унинг алоҳида тармоғи ҳисобланади. Бу эса суд ҳокимияти мустақиллигининг асосий ҳуқуқий кафолатидир.
Жумладан, суд ҳокимиятининг институционал мустақиллиги асослари Конституциянинг 131-моддасида акс эттирилган. Унда суд ҳокимияти муайян тизимга эга эканлиги, судларни ташкил этиш ҳудудийлик (республика, вилоят, туман, шаҳар) ва суд ишларининг тоифасига (конституциявий, фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий, ҳарбий) қараб амалга оширилиши назарда тутилган.
Конституцияда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг ҳуқуқий мақоми, уни ташкил этиш тартиби ва ваколатлари алоҳида белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриши (133-модда), Ўзбекистон Республикаси Олий суди эса фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланиши қайд этилган (134-модда).
Таъкидлаш лозимки, Конституциянинг 132-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланиши қайд этилган бўлса, судларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби қонунда белгиланиши (131-модда) қайд этилган.
Бундан ташқари, Конституцияда суд ҳокимиятининг асосий функцияси ва мутлақ ваколати сифатида унга одил судловни амалга ошириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вазифасининг юклатилганлиги унинг функционал мустақиллигини белгилаб беради.
Бу борада судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишлари тўғрисидаги конституциявий принцип муҳим аҳамиятга эга, чунки адолатли суд қарори фақат ҳар томонлама мустақиллиги таъминланган судья томонидан қабул қилиниши мумкин. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги унинг томонидан қабул қилинган қарорларнинг бошқа органлар томонидан қайта кўриб чиқилмаслиги ҳамда мажбурий ижро этилиши билан ҳам кафолатланади. Хусусан, Конституциянинг 134-моддаси иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийлиги, 138-моддасида эса суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлиги белгилаб қўйилган.
Судлар фаолиятининг судьялар ҳамжамияти томонидан ташкил этилиши, бошқарилиши ва назорат қилиниши суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлашнинг асосий кафолатларидан ҳисобланади. Cудьялар манфаатларини ифодаловчи судьялар ҳамжамияти органлари судьялар мустақиллигини таъминловчи муҳим институт ҳисобланади, зеро, судьялар ҳамжамияти ўзининг органлари орқали судларни ташкил этиш ва фаолият юритишига фаол таъсир кўрсатади. Европа Иттифоқи Вазирлар Қўмитасининг СМ Rec(2010)12-сонли тавсиялари ҳамда Европа судьялари Маслаҳат Кенгашининг 10-сонли хулосасида ҳам судьялар ҳамжамияти органларини тузишдан асосий мақсад судлар ва алоҳида судьялар мустақиллигини таъминлаш ва бу орқали суд тизимининг самарали фаолият кўрсатишини рағбатлантириш эканлиги таъкидланган.
Ўзбекистон Республикасида судьялар ҳамжамияти органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши эътироф этилиб, унга суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашувчи конституциявий орган мақоми берилган. Судьялар олий кенгашининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашдаги роли унинг фаолиятини мустақил тарзда олиб боришни кафолатлайдиган демократик принциплар асосида ташкил этилганига бевосита боғлиқ. Бунда Судьялар олий кенгаши фаолиятини холис амалга ошириш, унинг аъзолари мустақиллигини таъминлаш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар қонунда белгиланиши муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 135-моддасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлаши белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-717-сон Қонуни билан “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритилиб, унинг мустақиллигини янада мустаҳкамлашга ҳамда фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган муҳим нормалар белгиланди. Жумладан, Қонунда Кенгаш таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг тасдиқланиши мумкинлиги ҳақидаги норма бекор қилинди, Кенгаш тузилмасида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилди. Кенгаш зиммасига Кенгаш ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кўриш, раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш, судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини узайтириш масаласини ҳал этиш, судьяларга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш тартибини белгилаш, Судьялар олий малака ҳайъати қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш, судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини тасдиқлаш каби вазифалар ҳам юклатилди.
Суд органларининг институционал мустақиллиги таъминланганидан қатъи назар, ҳар бир алоҳида ҳолатда ишнинг судда адолатли ва қонуний кўриб чиқилишини таъминлаш учун етарли асос бўла олмайди. Судьялар иш юритувидаги ишлар бўйича тегишли қарорлар чиқаришда шахсий мустақилликка эга бўлмаса, уларнинг одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи бузилади. Шунинг учун суд ҳокимияти институционал мустақилликка эга бўлиши, судьялар эса ички ва ташқи жиҳатдан шахсий мустақиллик кафолатларига эга бўлиши муҳим шарт ҳисобланиб, уларнинг мажмуи қонуний ва холис одил судловни таъминлашга асос бўлади.
Судьялар мустақиллигини таъминлаш, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини одил судловни амалга ошириш орқали ҳимоя қилишни кафолатлаш, уларни адолатсиз ва ўзбошимча судловдан муҳофаза қилиш ҳамда одил судлов фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш мақсадини кўзлайди. Демак, судьяларнинг мустақиллиги ижтимоий зарурат бўлиб, давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилади. Шунга кўра судьяларни ташқи ва ички таъсирлардан ҳимоясини таъминловчи зарур ҳуқуқий кафолатларни белгилаш, судлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, барча органлар ва фуқаролар томонидан ҳурмат қилинишини таъминлаш давлат зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Бундай кафолатлар судьяларни лавозимга тайинлаш, бошқа судга ўтказиш, судьялик лавозимида бўлиш, дахлсизлик, жавобгарликка тортиш, лавозимидан озод этиш, рағбатлантириш бўйича махсус тартибларнинг амал қилишини назарда тутади.
Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 136-моддасида судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари белгиланган бўлиб, унга кўра судьялар фақат Конституция ва қонунга бўйсунишлари, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмасиги, судьялар дахлсиз эканлиги, давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаши, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Қонунига кўра судьялар мустақиллиги лавозимга сайлаш (тайинлаш) ва ундан озод қилиш, дахлсизлик, одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил, судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши, судга ҳурматсизлик ёки суд ишларига аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик, судьяга давлат ҳисобидан муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш орқали таъминланади.
Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминловчи омиллардан яна бири – бу молиявий мустақиллик бўлиб, моддий-техник жиҳатдан таъминланганлик судлар фаолиятига ташқи таъсирни камайтириш, одил судловни холис амалга ошириш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, малакали ва билимли судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимияти нуфузини ошириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан суд ҳокимиятининг молиявий мустақиллиги ўз эҳтиёжлари учун етарли пул маблағларига эга бўлиш, улардан мустақил фойдаланиш, судьялар мақомига муносиб бўлган моддий-техник ва ижтимоий таъминлашни, шунингдек ушбу кафолатларни қонунда белгилашни назарда тутади. Суд органлари мустақиллигининг асосий принципларини самарали амалга ошириш Тартибида ҳам давлатларга суд тизимининг самарали ишлаши учун тегишли ресурсларни ажратиш, зарур техник ходимлар ва жиҳозлар билан таъминлаш, судьяларни тегишли шахсий хавфсизлик, иш ҳақи, тўловлар билан таъминлаш мажбурияти юкланган.
Шу боис, Ўзбекистон Конституциясида суд ҳокимияти молиявий мустақиллигининг зарур ҳуқуқий асосларининг белгилангани ушбу соҳада судлар мустақиллигини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишига замин яратади. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 140-моддасига мувофиқ судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган ўзбек давлатчилигини ташкил этишнинг ўзига хос хусусияти суд ҳокимияти мустақиллигининг асосий пойдевори ҳисобланади. Зеро, Конституцияда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминловчи зарур кафолатларнинг белгиланиши суд органларининг бошқа давлат органларидан холи ва мустақил фаолият юритишини, одил судловнинг қонуний ва адолатли амалга оширилишини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги
Судялар Олий мактаби директорининг илмий ва
ахборот-таҳлил ишлари бўйича маслаҳатчиси