Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди
18.06.2023
Олий даражадаги музокаралар якунлангач, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.
Бундан ташқари, ташриф доирасида ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудлар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.
Ҳукуматлар ўртасидаги имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Эрон Миллий стандарт ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси шулар жумласидан.
Қўшма эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш, фармацевтика, транспорт ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар қабул қилинди.
Шунингдек, Спорт соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, Низоларни ҳал этиш ва арбитраж тўғрисида англашув меморандуми, Қайта суғурталаш соҳасида ҳамкорлик бўйича факультатив битим ва бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланди.