Ўзбекистон Президенти Германияга ташриф буюради
29.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан жорий йил 2-3 май кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурида Берлин шаҳрида Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер ва Федерал Канцлер Олаф Шольц билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади, халқаро кун тартибининг турли жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Германиянинг етакчи компаниялари билан инновацион-технологик шерикликни кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ушбу мамлакат бизнесининг етакчилари билан алоҳида учрашув ўтказади.
Ташриф чоғида Жеймс Симонс галереясида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар империясигача” номли кўргазманинг очилиши ҳам режалаштирилган.