Ўзбекистон Президенти ОИИБ билан кенг кўламли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ушбу нуфузли молиявий институт президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Банк билан муносабатларда юксак даражага эришилганини мамнуният билан қайд этди.
Ҳамкорлик портфели 2 миллиард долларга етди. Транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва коммунал соҳа, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юқори баҳолади ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Банк камбағалликка қарши курашиш ва энг аввало қишлоқ жойларда иш ўринларини яратиш, давлат-хусусий шериклик ва лойиҳаларни аралаш тарзда молиялаштириш механизмларини жорий қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва бошқа муҳим йўналишларда Ўзбекистон билан стратегик шерикликни ривожлантиришга интилиши қайд этилди.
Марказий Осиё минтақасида стратегик муҳим инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кенг кўламли ҳамкорлик доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва натижадорлигини таъминлашга қаратилган янги ўрта муддатли Шериклик дастури ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.