Энергия таъминотида назоратни кучайтириш чоралари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 6 февраль куни энергия таъминоти соҳасида назорат тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда энергия етказиб бериш ва ҳисоб-китоб тизимидаги муаммолар танқидий таҳлил қилинди. Январь ойидаги совуқ бу борада бошқарув ва назорат сусайиб кетганини яққол кўрсатди. Мутасадди ташкилотлар автоматик ҳисоблаш тизими электр энергиясида 92 фоиз, табиий газ бўйича 98 фоиз ўрнатилган, деб ҳисобот берган. Лекин ҳалигача дебитор қарздорлик юқорилигича қолмоқда.
Туманлардаги тармоқ идоралари электр ва газга уланишга ҳисоб-китоб ва таҳлилларсиз рухсат бераяпти. Масалан, Тошкент шаҳрининг 120 та маҳалласида трансформаторлар юкламани кўтармагани учун бир ойнинг ўзида 5-6 марталаб таъмирланган.
Ҳанузгача тизимда ўғирлик жуда катта. Ресурслар хўжасизларча талон-торож қилинаяпти. Биргина декабрь ойида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 12 мингдан зиёд ҳолатда 600 миллиард сўмлик зарар аниқланган. Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари устидан назорат бутунлай издан чиққан.
Шулардан келиб чиқиб, энергетика соҳасида назоратни кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича янги тизим белгиланди. Бу тизимга энергетика назорати бўйича икки йил “фавқулодда тартибда” ишлаш вазифаси қўйилди. Энергоинспекция ва Мажбурий ижро бюросининг ишини такомиллаштириш, электр ва табиий газга уланишда янгича ёндашувларни жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилишда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг рақамли харитасини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бунда аукционга чиқарилаётган ерларнинг жойлашуви, энергетика, коммунал ва ижтимоий инфратузилма қуввати аниқ кўриниб туради.
Йиғилишда мутасаддилар янги тизимни амалга ошириш масалалари юзасидан ахборот берди.