Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда:
- илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ҳосилдорлиги ва ҳажмини камида 30 фоизга ошириш;
- пахтани чуқур қайта ишлаб, соҳанинг экспортини камида 2 бараварга кўпайтириш муҳокама қилинмоқда.
“Бу – иқтисодиётимиз учун жуда катта имконият ва захирадир. Тўқимачилик бизга кам харажат билан олтиндан ҳам кўп даромад келтирадиган соҳа ҳисобланади.
Шунинг учун биз соҳада тўлиқ кластер тизимини жорий этдик. Бугунги кунда пахта толасини ўзимизда 100 фоиз қайта ишлаш йўлга қўйилди (беш йил аввал 40 фоиз тола қайта ишланган).
Соҳани қўллаб-қувватлаш учун сўнгги уч йилда тўқимачилик кластерларига 23 трлн сўмдан зиёд имтиёзли маблағлар ажратилди. Бундан ташқари, кластерларнинг ўзлари ҳам қарийб 7 трлн сўм хусусий инвестициялар йўналтирдилар. Натижада 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди.
Ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга ошди, экспорт эса 4 баробарга ўсиб, қарийб 3 млрд долларга етди”, деди Президент.