Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар
6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини муҳим сиёсий тадбир – мамлакат Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умуммиллий референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди, минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Олий даражада эришилган, энг аввало, икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий, фан-таълим ва маданий-гуманитар ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш бўйича келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, минтақавий ҳамкорлик, халқаро ташкилотлар доирасидаги яқин ва самарали мулоқотни давом эттириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек дўстона ва амалий руҳда ўтди.