“Халқ сўзи” газетасининг 2022 йил 19 майдаги сонида Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Рахматулла Нуримбетов ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик ташкилоти иккинчи котиби Мурод Мустафоевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги “маданий-гуманитар ҳафталиги” номли мақоласи ўзбек тилида чоп этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг
Тошкентдаги “маданий-гуманитар ҳафталиги”
Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилотидаги расилиги доирасида амалга ошираётган маданий, туризм ва спорт дипломатияси “Шанхай руҳи” тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда
2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги давомида мамлакатимиз ташкилот доирасида ўтказилаётган кўплаб юқори даражали тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Мазкур учрашувларда ташкилотнинг турли жабҳаларидаги кенг қиррали ҳамкорликни янада кучайтириш вазифалари муҳокама қилиниб, бу борада Ўзбекистоннинг тегишли ташаббус ва таклифларини ҳаётга тадбиқ қилиш масалалари юзасидан келишувларга эришилмоқда.
Шу йилнинг 19-20 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган ШҲТга аъзо давлатларнинг маданият, туризм ва спорт масалалари бўйича учта вазирлар даражасидаги йиғилишлари ташкилот доирасида ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун замин ҳозирламоқда, деб таъкидлаш мумкин.
Уч кун давомида ўндан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган мартабали расмийлар, олимлар, хорижий университетлари ректорлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу масалалар юзасидан ўз ғоялари, таклифлар ва фикр-мулоҳазалари билан алмашинади, истиқболли режа ва лойиҳаларни муҳокама қилишади ва ШҲТнинг маданий-гуманитар соҳалардаги фаолияти учун муҳим қарорларни тайёрлашади.
Ҳозирги вақтда ШҲТда 8 та аъзо давлат, 4 та кузатувчи давлат ва 9 та мулоқот учун ҳамкор давлат фаолият юритмоқда. Бошқача айтганда, у Евроосиёнинг бешдан уч қисмини ва дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олган.
Рақамларда ифода этадиган бўлсак, ШҲТ таркибидаги мамлакатларнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрдан иборат. Бу улкан маконда 3,2 миллиард аҳоли яшайди. ШҲТ макони халқлар маданияти ва анъаналарининг ранг-баранглиги билан бир қаторда, турли цивилизацияларни ўзида бирлаштирганлиги ва уларни ривожлантириб келаётганлиги билан ажралиб туради.
Қолаверса, тобора чигаллашиб бораётган ҳозирги замон халқаро муносабатларида маданиятлар ва цивилизациялар ўртасида ўзаро англашув ва конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили ўзининг 20 йиллигини қаршилаган ШҲТ ушбу йўналишдаги фаолиятнинг нақадар муҳимлигини теран англовчи кўп томонлама тузилма. Унинг таъсисчилари ўша даврдаёқ буни ўзининг устувор мақсадларидан бири сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хартиясида белгилаб қўйишган. ШҲТни дунёга танитган “Шанхай руҳи”нинг асосий тамойилларидан бири ҳам “маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш”дир. Бундай тамойилларни бошқа халқаро ташкилотларда учратиш мушкул.
Мазкур ҳолатни ШҲТнинг ҳар йил бўлиб ўтадиган саммитларининг якуний ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2021 йил 16-17 сентябр кунлари Тожикистонда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилишида қабул қилинган Душанбе декларациясида “барча аъзо давлатлар ШҲТ доирасидаги маданий ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашда самарали омил эканлигини якдиллик билан таъкидлаб, ташкилотнинг маданий соҳада ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва бойитиш орқали жаҳон ҳамжамиятига миллий анъаналар ва қадриятларга нисбатан юксак ҳурмат ҳамда бағрикенгликнинг ёрқин намунасини кўрсатаётгани” эътироф этилган эди.
Шуни таъдиклаш жоизки, ўтган даврда ШҲТга аъзо давлатлар 1990-йилларда америкалик сиёсатшунос С.Хантингтон илгари сурган “цивилизациялар тўқнашуви” асосида келиб чиқиши мумкин бўлган зиддиятлар, янги “совуқ уруш”лардан ва бошқа ҳар хил салбий ёндашувлардан воз кечди. Ташкилотнинг барча аъзолари ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, адолат ва манфаатли амалий ҳамкорлик тарафдоридир.
Бу ташкилот доирасида серқиррали, жумладан, маданият, туризм, спорт, фан-таълим ва шу каби муҳим ижтимоий соҳаларда юқори даражадаги ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитларга йўл очмоқда. Барқарор тараққиёт учун эса булар ўта муҳим йўналишлардир.
Қадимги Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган ШҲТ давлатларида савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқалардан ташқари, маданий гуманитар ҳамкорлик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг ўрнатилишида ҳамда гуллаб-яшнашида ушбу трансконтинентал йўлак беқиёс аҳамият касб этган. Ўтмишда Буюк Ипак йўлининг чорраҳаси ҳамда бугунги кунда Марказий Осиё минтақасининг маънавий ўчоғи ҳисобланган Ўзбекистонда мазкур маданий тадбирларнинг ўтказилиши ўтмишдан давом этиб келаётган ўзаро ҳамкорликнинг бардавом эканлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Тошкентда бўлиб ўтадиган “маданий-гуманитар ҳафталик” доирасида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатлар турли йўналишдаги алоқаларга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши кўзда тутилмоқда.
Айниқса, ўтган икки йилликда бутун дунё ҳамжамиятини ларзага солган пандемия оқибатлари ШҲТ маконида ҳам халқлар ўртасидаги мулоқотга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатиб, алоқалар занжирининг узилишига сабаб бўлди. Бугун Тошкентда бошланаётган маданий тадбирларни пандемия устидан қозонилган ғалаба ҳамда ШҲТ маконида замонавий Ипак йўлининг қайта тикланиши учун қўйилган мустаҳкам қадам деб айтиш учун барча асослар мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан йиғилиш доирасида ўтказилаётган “ШҲТ давлатлари ҳамкорлигининг янги босқичи: туризм ва маданий мерос” мавзусидаги халқаро форумнинг ўтказилиши ҳамда ушбу тадбирда иштирок этадиган юздан ортиқ хорижий туркомпаниялар, экспертлар, шунингдек, жамоатчилик ва ОАВ вакилларининг жалб қилинганлиги мазкур йўналишда ҳамкорликнинг янги қирраларини очиши кутилмоқда.
ШҲТ мамлакатларининг умумий туристик салоҳияти жуда катта, аслида. Уларнинг ҳудудида ЮНЕСКОнинг моддий ва маданий мероси рўйхатига кирган 140 дан ортиқ объектлар жойлашган. Истиқболда ШҲТ маконининг глобал туризмдаги улуши ортиб бориши аниқ, зеро айнан Осиё халқаро тараққиёт марказига айланиб бормоқда. Хитой ва Ҳиндистон каби ривожланиб бораётган мамлакатларнинг жами уч миллиардга яқин аҳолиси орасида сайёҳликка қизиқиш йил сайин ортиб бораётганлигини ўзиёқ буни кўрсатиб турибди.
Тошкент мезбонлик қилаётган ШҲТ форумида ушбу йирик салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилади. Пандемиядан кейинги даврда туризм индустриясини биргаликда ривожлантириш мавзуси ҳам тадбир кун тартибидан ўрин олган. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра бугунги кунда ер юзида ҳар ўнта одамдан биттаси туризм соҳасида ўз меҳнат фаолиятини олиб боради. Пандемиянинг салбий оқибатлари дунё бўйича халқаро туристлар оқимини 95%гача қисқартириб, 100-120 миллионгача ишчи ўринлари йўқолишига олиб келди. Пойтахтимизда ўтказилаётган ушбу халқаро Форум пандемия натижасида юзага келган салбий оқибатларнинг ШҲТ давлатларига таъсирини камайтириш ва уларни юмшатиш чораларини кўриш бўйича ўзига хос платформага айланишига шубҳа йўқ.
Форум давомида янги шароитларда туризмнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, туризм соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, археология ва музейшунослик соҳаларида ўзаро алоқаларни кенг йўлган қўйиш ҳамда соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшма чораларни ишлаб чиқиш кутилмоқда.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган дастлабки ҳукуматлараро Битим ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очади. Мазкур ҳужжат лойиҳаси туризм вазирлари томонидан муҳокама қилиниб, жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Ташкилот Саммитида имзоланиши режалаштирилмоқда.
Барчамизга маълумки, ШҲТ маконида истиқомат қилаётган барча халқлар буюк цивилизацияларнинг бунёдкорлари ҳисобланади. Ўтмишда аъзо давлатлар ҳудудларида яратилган ва шу кунга қадар сақланиб қолган бой моддий ва маънавий мерос бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилган ва ЮНЕСКО томонидан рўйхатга олинган. Шу кунга қадар ШҲТ халқларининг бой маданий меросини сақлаб қолиш ва уни оммалаштириш мақсадида Ташкилот Котибияти томонидан бир қатор халқаро маданий тадбирлар ўтказилган.
Жумладан, 2021 йил 13 ноябрда Ташкилотнинг 20 йиллигига бағишланган “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” лойиҳаси доирасида Хитойда ўтказилган халқаро маданий-туристик кўргазмада аъзо давлатлар ўзларининг бой маданий меросини намойиш қилишган эди. Хусусан, Ҳиндистон “Бирлик Монументи”ни, Қозоғистон “Тамгали археологик комплекси”ни, Хитой “Дамин императорлик саройи қолдиқлари”ни, Қирғизистон “Иссиқ-Кўл”ни, Покистон “Лахор шаҳридаги мўғул мероси”ни, Россия “Олтин узук”ни, Тожикистон “Наврўз саройи”ни ва Ўзбекистон Бухоро шаҳридаги “Пои калон”ни “ШҲТнинг 8 мўъжизаси” лойиҳасига киритган.
Тошкентда ўтказиладиган ШҲТ маданият вазирлари мазкур йўналишда олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш ва ишга солинмаган имкониятлардан янада унумлироқ фойдаланиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг янги йўналишларини очиш бўйича фикр алмашади. Маданият вазирлари томонидан кўриб чиқилиши кутилаётган мезейшунослик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Меморандум лойиҳаси тадбирнинг муҳим ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган мазкур Меморандум келгусида ШҲТга аъзо давлатларнинг музейлари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ва ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 20 май куни ўтказилиши кутилаётган ШҲТга аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича масъул вазирларнинг йиғилишида Ташкилот доирасида спортни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига эътибор қаратилиши кутилмоқда. Айниқса, тадбирга раислик қилаётган Ўзбекистон Республикасида спортнинг барча соҳаларини ривожлантиришга давлат миқёсида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларнинг барчасидан дунё тан оладиган етакчи спортчилар етишиб чиққан ҳамда аъзо давлатларда халқаро спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, пандемия натижасида юзага келган қатор чекловлар ва мураккаб эпидемиологик шароитларга қарамасдан, Хитой 2022 йилдаги қишги Олимпиа ва Параолимпиа ўйинларига мувофақиятли мезбонлик қилди ҳамда юқори суръатларда ўтди.
Бундан ташқари, ШҲТ доирасида жорий йилнинг март ойида “Тошкент ярим марафони”ни ўтказилди ва ғолиб иштирокчилар муносиб мукофотланди. Соҳа раҳбарлари томонидан ўтказилиши кутилаётган ушбу йиғилишда ШҲТ маконида спортни янада ривожлантириш ҳамда уни аҳоли орасида кенг оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилиши кутилмоқда. Хусусан, соҳага масъул вазирлар томонидан ШҲТга аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга масъул ваколатли органлари ўртасидаги Битимни амалга ошириш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган Тадбирлар режасининг қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу ҳужжат спортнинг барча йўналишларида қилиниши лозим бўлган ишларни ва чора-тадбирлар мажмуини қамраб олиш билан бир қаторда, олимпиа, неоолимпиа, этно спорт йўналишларида ҳамда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга оид масалаларни қамраб олади. Қисқача айтганда мазкур тадбир доирасида спортни ривожлантириш бўйича ШҲТнинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилиниши кутилмоқда.
Маданият, туризм ва спорт ишлари бўйича Тошкентда ўтказиладиган вазирлар даражасидаги йиғилишлар ва улар доирасида ташкил қилинадиган халқаро форумлар Ўзбекистоннинг ШҲТдаги самарали раислигидан ҳамда тадбирларнинг амалий натижадорлигидан далолат бермоқда. Ушбу маданий тадбирлар жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган ташкилот саммитини мазмун жиҳатдан бойитишга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Рахматулла Нуримбетов, Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори
Мурод Мустафоев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик ташкилоти иккинчи котиби