Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил 7 майдаги сонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) директор ўринбосари Хуршид Асадовнинг “Бугунидан рози одамлар” мақоласи
Бугунидан рози одамлар
Барча орзу-ниятларимиз, интилишимиз, эзгу амалларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз — ҳамма-ҳаммаси бизга катта умид билан боқиб турган халқимиз учундир. Бу борада ижтимоий йўналишдаги ислоҳотларимиз алоҳида аҳамиятга эга, албатта.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Бугун Ўзбекистонда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бу борада алоҳида барқарор ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.
Хусусан, жорий йил май ойидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг навбатдаги муҳим босқичига ўтилди. Бу ҳақда Президентимиз 29 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида батафсил айтиб ўтди ва халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган бир қатор муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилишини қайд этди. Масалан, Ангрен шаҳри ва Олмазор туманининг 13 та маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш натижасида яхши тажриба яратилган. Бунда хотин-қизлар фаоллари ёрдамга муҳтож 109 та оилани бирма-бир ўрганиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ечишда амалий кўмак берган.
Йиғилишда нуронийлар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа тоифаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда охирги йилларда ижтимоий ҳимоянинг ўта муҳим йўналиши — ота-она қарамоғидан маҳрум болалар, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, оғир касалликка чалинган шахсларга ғамхўрлик кўрсатиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Жумладан, меҳрибонлик уйларидаги 1,5 мингга яқин ўғил-қиз оилага олинди, 116 та оилавий уй ташкил қилиниб, 700 га яқин фарзанд ота-она бағрида вояга етиши учун шароит яратилди. Натижада жойларда 10 та меҳрибонлик уйи, 4 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи ёпилди.
Кейинги йилларда етим болаларни, жумладан, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини доим қийнаб келган яна бир муаммога барҳам берилди. Уларни уй-жой билан таъминлаш сиёсати натижаси ўлароқ, 2021 йили отаонасиз 757 бола давлат ҳисобидан уй-жой билан таъминланди. Бу йил уларга яна 350 та уй ажратилиши кўзда тутилган.
Эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларнинг бемор фарзандларига зарур тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Масалан, 2021 йилда давлат ҳисобидан 4 мингдан зиёд болада мураккаб операция ўтказилди, 4 минг кўзи ожиз ўғил-қиз брайль алифбоси билан таъминланди, ногиронлиги бўлган 42 мингга яқин шахсга реабилитация ва протез-ортопедия мосламаси, эшитиш қобилияти заиф 555 болага кохлеар имплант олиб берилди. 2022 йилда яна 250 болага шундай ёрдам кўрсатилади.
Эҳтиёжманд ва бемор фарзанди бор оилаларга давлат томонидан доимий моддий ёрдам кўрсатиш тизими самарали ишламоқда. Жумладан, парваришга муҳтож 35 мингга яқин боланинг оналарига 500 минг сўмдан нафақа тўлаш жорий этилди. Ишга қабул қилинган болаликдан ногирон ҳамда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ойлигининг 2,5 миллион сўмгача қисми даромад солиғидан озод қилинди. Иш берувчиларга улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси бюджетдан тўла қайтариб бериляптики, энди бу ходимларни ишга олган ташкилот ва идораларга оғир юк бўлиб тушмайди.
Пенсия миқдори кам бўлган 900 мингга яқин шахсга тўланадиган пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори бир йўла 40 фоиз ёки 300 минг сўмдан 440 минг сўмгача оширилди. Бунинг учун бюджетдан йилига қўшимча 430 миллиард сўм ажратилади.
Нафақа оладиган оилалар сони 2016-2022 йилларда 466 мингдан 1 миллион 860 мингга етказилди ёки 4 баробар оширилди.
“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 2022 йил бошидан буён мана шу 4 йўналиш бўйича кам таъминланган 200 мингдан ортиқ оилага кўмак кўрсатилди.
Шунингдек, энди аҳолининг кекса ёшдаги қисмини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳолидан хабар олиб, ҳар куни ғамхўрлик қилиш, эътиборни кучайтириш бўйича маҳалла даражасида тизим яратилади. Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз яшовчи 16 мингдан зиёд кексанинг ҳар йили санаторийда даволаниши ташкил этилади. Шароити оғир ва кам таъминланган 25 минг кекса авлод вакилининг дори-дармони, протез-ортопедия мосламаси, жарроҳлик амалиётига харажатлари ҳам бюджетдан тўланади. Нуронийларнинг стадион, теннис кортлари, спорт заллари, бассейн каби спорт иншоотларига ойлик абонементининг 540 минг сўмгача бўлган қисми, театр ва музейларга чипта олиш харажатлари ҳам қоплаб берилади. Туризм ва маданий мерос вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга 1 майдан бошлаб кекса авлод вакилларининг зиёратгоҳлар, янги барпо этилган боғлар, маданият мажмуалари ва марказларига саёҳатларини уюштиради.
Президентимиз жорий йил 29 апрель куни “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги, “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллабқувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларни ва “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Унга кўра, энг кам пенсия оладиган 725 минг аҳолининг пенсияси 14 фоиз оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга). 9 май арафасида уруш қатнашчиларига алоҳида эътибор ва эҳтиром намунаси сифатида 15 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Мутасаддилар ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказади.
1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар пенсия ва нафақаларига ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади. Бундан ташқари, уларга кийим-кечак хариди учун ҳар йили 4 миллион сўмдан компенсация тўлаш тартиби жорий этилади. Бунга қўшимча равишда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари маҳаллий бюджетлар, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу савобли ишлар қамровини кенгайтиради.
Ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилади. Жумладан, 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга олган корхоналарга 6 ой давомида ҳар бир бундай ходими учун 400 минг сўмдан субсидия берилади. Ўзини ўзи банд қилган ва ҳунармандлик билан шуғулланадиган ногиронлиги бўлган шахсларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратилади, улар давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилади.
Ногирон шахслар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ойлик тўлаш учун давлатдан субсидия ажратилади. Шу билан бирга, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни тўлиқ таълимга жалб этиш мақсадида янги “Нурли маскан” номини олган мактабларда янги ўқув йилидан қўшимча 850 та ўқув хонаси ва 1 минг 200 ўринли ётоқхона ташкил этилади. Давлат буюртмаси асосида ушбу мактаб кутубхоналари брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар билан тўлиқ таъминланади.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 59- ва 60-мактаб-интернатлар ҳудудида боғча ёшидаги кўзи ожиз болалар учун бир йиллик тайёрлов курслари ташкил этилади. 2023 йилдан ушбу тажрибани мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, заиф эшитувчи 3 мингдан зиёд болага замонавий эшитиш мосламаси етказиб берилади. Бунга бюджетдан 11 миллиард сўм ажратилади. Махсус мактаб-интернатларнинг барча ходимларига 50 фоиз устама тўлаш жорий этилади. Ногиронлиги бўлган болаларнинг маънавий камол топиши учун 108 та мактаб-интернатга ҳар йили 20 мингдан ортиқ махсус адабиёт харид қилинади. 1 октябрга қадар 20 дона экзоскелет, 880 та ногиронлик аравачаси, 4 мингта овозли термометр ва тонометр, 6 мингта “ақлли” соат харид қилиниб, ҳудудларга етказилади.
Турли сабабларга кўра аввал ишламаган, саховат уйларида яшовчи мингга яқин ёши улуғ кишига ҳеч қандай тўлов йўқ эди. Энди уларга ҳам шахсий харажатлари учун қарилик нафақасининг 20 фоизи тўлаб берилади. Ҳозир ногиронлик пенсияси фуқароларнинг аввалги ишлаган стажи ва ойлигидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бу ишлаётган ногиронлиги бор 75 мингдан ортиқ фуқаронинг даромадига бевосита таъсир қилмоқда. Шу боис, уларнинг пенсияси ҳар икки йилда қайта ҳисобланиб, иш стажи ва ойлигига қараб ошириб борилади.
Йиғилишда оилавий болалар уйларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Уларга бюджетдан маблағ ажратиш тартиби соддалаштирилади. Яъни кундалик харажатларни қоплаш учун маблағ ота-оналарнинг шахсий пластик картасига ўтказилади. Шунингдек, оилавий болалар уйларининг коммунал тўловлари аҳоли учун белгиланган тарифларда олинади. Бундан ташқари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат ва кийим-кечак хариди учун 10 миллион сўмдан ажратиш амалиёти нодавлат олий ўқув юртларида ҳам жорий этилади.
Умумлаштириб олганда, 376 та меҳрибонлик, саховат ва мурувват уйи, махсус мактаб-интернатни таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади ва унга 600 миллиард сўм ажратилади.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилишини қайд этди. Масалан, Ангрен шаҳри ва Олмазор туманининг 13 та маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш натижасида яхши тажриба яратилган. Бунда хотин-қизлар фаоллари ёрдамга муҳтож 109 та оилани бирма-бир ўрганиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ечишда амалий кўмак берган. Мутасаддиларга 1 июлга қадар ушбу тизимни барча ҳудудларда жорий этиб, 70 турдан ортиқ ижтимоий хизмат кўрсатишни маҳаллаларда йўлга қўйиш топширилди.
Мазкур жараёнда хотин-қизлар фаоллари ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан биргаликда ҳар бир хонадонга бевосита кириб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ва ижтимоий хизматларга эҳтиёжни аниқлайди. Ҳар бир оила учун алоҳида ижтимоий ҳимоя режасини ишлаб чиқади. Аҳоли мурожаатлари асосида ижтимоий хизматлар ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини доимий назорат қилиб боради. Мураккаб тиббий операцияларга муҳтожларни аниқлаб, уларни бепул даволаш учун юборишга кўмаклашади.
Ана шундай кенг кўламли янги тизимни самарали йўлга қўйиш учун махсус дастур асосида 9 минг 300 дан зиёд хотин-қизлар фаолини маҳаллада ижтимоий хизматларни ташкил этишга ўқитиш вазифаси қўйилди. Фаол хотин-қизлар мукофотланади, йил натижалари бўйича эса “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия этилади.
Йиғилишда ишчи-ходимларнинг самарали фаолияти учун 3 та асосий ижтимоий масалада (касаллик, ишсиз қолиш, ҳомиладорлик) босқичма-босқич кафолатли ҳимоялаш тизими жорий қилиниши алоҳида қайд этилди. Масалан, норасмий секторда ишлаётган аёллар улуши 57 фоизни ташкил қилади. Бунинг сабаби шундаки, айрим иш берувчилар ҳомиладорлик нафақасини тўлашда ортиқча харажат қилмаслик учун аёлларни расмий ишга олмасликка ҳаракат қилади. Бу ҳолатни тузатиш мақсадида 2022 йил сентябрдан бошлаб туғруқ таътили тўловларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби жорий этилади. Мазкур ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида 1 сентябрдан Молия вазирлиги ҳузурида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага жорий йилда бюджетдан 170 миллиард сўм ажратилади.
Тегишли ташкилот ва идоралар 1 августга қадар туғруқ таътили пулларини тўлаш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
Бир сўз билан айтганда, аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жамиятда адолатли ижтимоий ҳимоя муҳити шаклланиши, пировардида халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Хуршид Асадов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари