-
Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан кўп қиррали ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади
1189Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш доирасида мамлакатимизда бўлиб турган БМТ тизимидаги ушбу етакчи тузилманинг бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Туризм тармоғини ислоҳ қилишда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айланган ЮНВТО билан ҳамкорликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
“Ипак йўлида туризм” брендини кенг ёйиш, жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизга туризм йўналишларини оммалаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Мамлакатимизда ЮНВТО Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлди.
ЮНВТО бош котиби Ўзбекистон Президентига туризм соҳасининг жорий йилги бош халқаро тадбири юксак савияда тайёрланиши ва ташкил этилишига кўрсатилган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.
Форумда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражали делегациялар иштирок этаётгани глобал ва минтақавий туризм марказларидан бири сифатида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.
Бош Ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Улар якунида мазкур йўналишлар бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидани аниқ шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
-
Президент маҳалла боғига кўчат экди
1377Давлатимиз раҳбари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларига ташрифи чоғида жамоатчилик билан бирга кўчат экди.
Президентимиз ташаббуси билан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш катта ҳаракатга айланмоқда. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат ўтқазилиши мўлжалланган. Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчат бепул етказиб берилади. Шунингдек, 15 октябрдан барча туман ва маҳаллаларда кўчат ярмаркаси ташкил қилинади.
Маҳалла аҳолиси билан суҳбатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ҳақида сўз борди.
- Бугун келишимиздан мақсад - ўтган йилги сабоқдан натижа нима бўлганини кўриш, - деди давлатимиз раҳбари. - Бунинг учун керакли қарорлар қабул қилдик, катта маблағлар ажратдик. Хориждан технологиялар, мутахассислар олиб келдик. Соҳа ходимлари қўшимча ўқитилди, уларнинг ойликлари оширилди. Ҳозир раҳбарларга ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўп қаватли уй, мактаб, шифохоналарга кириб, иссиқликни кафолатлаш бўйича яна топшириқлар бердим. Энг муҳими, бу борада халқ назоратини йўлга қўямиз. Шу билан бирга, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш керак. Сизга ўхшаган кўпни кўрган инсонлар, зиёлилар бунда намуна, давлатга кўмакчи бўлиши зарур.
Жамоатчилик вакиллари куз-қишга тайёргарликни, юртимиздаги ўзгаришларни эътироф этиб, ўз уйлари ва барча муассасаларда иссиқликни асрашда жонкуяр бўлишларини таъкидлашди.
-
Янги инфратузилма иншоотлари кўздан кечирилди
1342Президент Шавкат Мирзиёев кеча Тошкент шаҳридаги янги инфратузилма иншоотлари ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишмоқда.
Сўнгги йилларда пойтахтимиз ҳам аҳоли, ҳам ҳудуд жиҳатидан ўсмоқда. Муҳандислик тармоқлари қуввати шунга мутаносиб тарзда ошириб борилмоқда.
Хусусан, Шайхонтоҳур туманида, «Пахтакор» стадиони яқинида янги подстанция қурилди. Лойиҳа доирасида «Тракторсоз» подстанциясидан 19 километрдан зиёд кабел тортилиб, 2 та трансформатор ўрнатилди. У келгуси ойда ишга туширилади. Бунинг натижасида пойтахтимиз марказида кафолатланган 130 мегаватт қўшимча электр энергияси ҳосил бўлади. Шаҳардаги бошқа подстанцияларга юклама камайиб, авариявий ҳолатлар эҳтимоли 60 фоизга қисқаради.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Тошкент шаҳри электр таъминоти тизимидаги қурилиш ва модернизация ишларига оид тақдимот билан танишди. Яна бешта подстанция қурилаётгани ва тўрттаси янгилаётгани, уларда жами 850 мегаватт қўшимча қувват яратилиши қайд этилди.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи
1422Қадрли ҳамкасблар!
Аввало, Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга анъанавий илиқ қабул ва саммитни юксак даражада ташкил этгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Биз Ўзбекистонда Қирғизистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислигининг самарали якунларини юксак баҳолаймиз.
Бу даврда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида катта ишлар амалга оширилди, кўп томонлама қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, Хизматларнинг эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим қабул қилинди.
Биз, шунингдек, кун тартибини ва ушбу йиғилиш учун тайёрланган қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бизнинг учрашувимиз глобал геосиёсий кескинлик кучаяётган бир шароитда ўтмоқда. Барча ҳамкасбларим ўз чиқишларида олдимизда турган умумий таҳдид ва хавф-хатарларни қайд қилиб ўтдилар.
Минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларидаги кескинлашиб бораётган зиддиятларнинг оқибатлари барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундай вазиятда биз МДҲ бўйича шерикларимиз билан ҳамкорликнинг янги йўллари ва механизмларини излашда давом этамиз.
Гап, аввало, муқобил савдо-логистика йўналишларини шакллантириш, қўшилган қийматнинг қисқа ва янада самарали занжирларини яратиш, мамлакатларимиз иқтисодиётидаги бир-бирини тўлдирадиган захиралардан имкон қадар юқори даражада фойдаланиш, бизнес алоқаларини рағбатлантириш ҳақида бормоқда.
Биз пайдо бўладиган хавф-хатарларни биргаликда баҳолаш, мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва ностандарт қарорларни қабул қилиш учун МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ноёб платформаси тўлиқ ишга солинишидан манфаатдормиз.
Шу муносабат билан Ҳамдўстликнинг узоқ муддатли янги кун тартибини ишлаб чиқиш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлари иштирокида конференция ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қиламан.
Қадрли ҳамкасблар!
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми атиги 5 фоизга ошди. Шу билан бирга, ўсиш суръатларининг секинлашиш тенденцияси кузатилмоқда.
Юқори даражадаги экспертларимиз учрашувлари натижалари тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш йўлида ҳали ҳам кўплаб тўсиқлар мавжудлигидан далолат беради.
Биз қуйидагиларни таклиф этамиз:
биринчидан, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартноманинг товарларни олиб қўйишга доир қоидаларини қайта кўриб чиқиш.
Шартнома имзоланганидан буён етарлича вақт ўтди ҳамда ушбу ҳужжатни бизнинг асосий мақсад ва вазифаларимиз билан тўлиқ мувофиқлаштириш вақти келди;
иккинчидан, импорт ўрнини босишга қаратилган миллий дастурларни ўзаро уйғунлаштириш;
учинчидан, давлат харидлари бозорига имтиёзли кириш ҳуқуқини ўзаро келишув асосида тақдим этиш имкониятларини кўриб чиқиш;
тўртинчидан, қўшма улгуржи тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилиш;
бешинчидан, электрон савдони ривожлантиришни, жумладан, мавжуд платформаларни кенгайтириш йўли билан рағбатлантириш.
Яна бир муҳим жиҳат бу – ўзаро савдодаги техник тўсиқлар ва мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар натижаларини тан олиш тўғрисидаги МДҲ битимларининг қабул қилинишини жадаллаштиришдан иборат.
Ушбу масалаларнинг барчаси Ҳамдўстлик Иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритилиши зарур.
Саноат кооперацияси истиқболлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда МДҲ мамлакатлари билан қўшма инвестиция лойиҳаларига доир портфелимиз ҳажми 25 миллиард доллардан ошди.
Яқинда қабул қилинган Саноат кооперациясини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши доирасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш ҳамда технопаркларни ташкил этиш бўйича Қўшимча комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф қиламан.
Бунда харидларни молиявий қўллаб-қувватлаш, суғурта ҳисобидан қоплаб бериш ва офф-тейк харид масалаларини пухта ўйлаб кўриш муҳимдир.
Келгуси йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “ИННОПРОМ” саноат ҳафталиги доирасида МДҲ мамлакатларининг саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказишга ҳам тайёрмиз.
Энергетика соҳасида МДҲга аъзо ҳар бир мамлакатнинг электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, энергия тизимларимиз яхлит ҳолда ишлай оладиган шароитларни яратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Яна бир устувор вазифа – Ҳамдўстлик давлатларида истеъмолчиларни юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат.
Шу муносабат билан агросаноат комплекслари, логистика ва “экспресс” коридорларнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, тармоқни технологик модернизация қилиш ва тизимли илм-фан алмашинуви масалаларини ҳал этиш талаб этилади.
Амалдаги тармоқ кенгаши доирасида Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги янгиланган ҳамкорлик дастурини ва Агросаноат секторида кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлашни таклиф қиламиз.
Ҳудудлараро ҳамкорлик жуда катта имкониятга эга экани таъкидлаб ўтмоқчиман. Бундай шерикликни қўллаб-қувватлаш чораларини ўз ичига олган алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, жумладан, ҳудудларнинг биринчи Форумини, кўргазма ва ярмаркаларни ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро ташрифларини ўтказиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Транспорт соҳасида қуйидаги имкониятларни яратиш тарафдоримиз:
- транспортнинг барча турларида мультимодал ташувларни ташкил этиш орқали транспорт коридорларини ривожлантириш;
- асосий минтақавий коридорлар орқали юкларни ташишда бизнес учун жозибадор шартларни шакллантириш;
- йўловчи ва юк ташишда бошқариш жараёнларини ва кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш;
- транспорт инфратузилмаси ва ҳаракат таркибини модернизация қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш.
Биз, шунингдек, МДҲнинг Давлатлараро экологик кенгашига Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисида қарор қабул қилдик.
Келгуси йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро иқлим форуми доирасида Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудидаги экологик таҳдид ва хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ўтказишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Қадимий Самарқанд шаҳрига 2024 йилда “Ҳамдўстликнинг маданият пойтахти” мақомини бериш масаласини қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга чуқур миннатдорлик билдираман.
Шу муносабат билан келгуси йил баҳорда Самарқандда МДҲ давлатларининг маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказишни таклиф қиламиз.
Ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эгадир.
Биз янги қўшма лойиҳамиз доирасида келгуси йилда “Ҳамдўстликнинг ёшлар пойтахти” деб эълон қилинган Тошкент шаҳрида тадбирларга бой дастурни тайёрлаяпмиз.
Шунингдек, “Ҳамдўстлик кубоги” футбол турнирини қайта тиклаш ва ёшларимиз жамоалари ўртасида навбатдаги учрашувларни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламан.
Халқаро рус тили ташкилотини таъсис этиш тўғрисидаги шартномани қабул қилишни қўллаб-қувватлаймиз.
Рус тилида таълим берадиган техник мутахассисликлар бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқишни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳамдўстликнинг ягона туристик маконини тарғиб қилиш доирасида қўшма дастурлар ва туристик маҳсулотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз.
Қадрли ҳамкасблар!
Россия Федерацияси томонидан келгуси йил учун Ҳамдўстликка раисликнинг қабул қилиб олиниши муносабати билан ҳурматли Владимир Владимирович Путин номига билдирилган табрик сўзларига қўшиламан.
Ушбу муҳим ва масъулиятли вазифани бажаришда чин дилдан омадлар тилайман.
Сўзимнинг якунида Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
-
Ўзбекистон Республикаси Президентига МДҲнинг олий мукофоти топширилди
1418Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти – МДҲ Фахрий нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги бир неча йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик ишидаги иштироки фаоллашди.
Мамлакатимиз МДҲнинг тармоқлар бўйича ҳамкорликнинг 24 та органига қўшилди, 65 та тузилмаси фаолиятида тўлиқ иштирок этмоқда.
Ушбу даврда Ўзбекистон Президенти томонидан кўплаб муҳим йўналишлар юзасидан қарийб 70 та ташаббус илгари сурилди. Уларнинг аксарияти Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, рўёбга чиқарилди.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти МДҲ саммитида иштирок этади
815Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 13 октябрь куни амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади.
Саммит тадбирлари давомида МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Йиғилиш якунида Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига доир қатор битим ва қарорларни қабул қилиш кўзда тутилган.