-
Ўзбекистон Президенти хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
403Ўзбекистон Президенти хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
12.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар - Фаластин Давлатидан Жавад Аввад, Япониядан Такаши Хатори, Қатар Давлатидан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакия Республикасидан Виктор Борецки ва Покистон Ислом Республикасидан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади.
Президентимиз ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади. Мамлакатимизда янги элчихоналар очилмоқда, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари географияси ҳам кенгаймоқда. Яқинда юртимизнинг Швеция ва Венгрияда элчихоналари очилди, Тошкентда Қатар Давлатининг дипломатик миссияси ўз ишини бошлади.
Мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёни тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда “инсон – жамият - давлат” тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадларига алоҳида тўхталди.
Бундай кенг кўламли ўзгаришлар мамлакатни тубдан ислоҳ қилишни, комплекс сиёсий, иқтисодий ва маъмурий янгиланишларни изчил олиб боришни талаб этади. Конституциямизни Янги Ўзбекистон воқелигига мос равишда янгилаш жараёни бу йўлдаги катта қадамдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Асосий қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда. Ўндан зиёд йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
- Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор, - деди Президент.
Маросим давомида давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Фаластин – Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради.
Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлиги таъкидланди.
Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Япония элчисига мурожаат қилар экан, давлатимиз раҳбари Токио Ўзбекистоннинг вақт билан синалган стратегик шериги эканини, ушбу мамлакат билан муносабатлар ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бораётганини қайд этди.
Япония юртимиз иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан таъкидланди. 2019 йил декабрь ойида ўтган ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратган Ўзбекистон-Япония саммити тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.
Олий даражадаги ва вазирликлар ўртасидаги мунтазам мулоқотлар томонларнинг амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги юқори эканини кўрсатмоқда. Режалаштирилган кўп томонлама тадбирлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти икки мамлакат ўртасидаги шерикликни изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қатар Давлати биз учун яқин дўст, нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфуз ва таъсирга эга мамлакат.
Президентимиз Қатар Амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Таний раҳбарлигида эришаётган катта муваффақиятларни юксак баҳолади, футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Дохада БМТнинг энг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ҳамкорлик истиқболларини баҳолар экан, давлатимиз раҳбари бу борада катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Бўлажак Ўзбекистон-Қатар саммити икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш сари тарихий қадам бўлишига ишонч билдирилди.
Таъкидланганидек, энергетика, қазиб чиқариш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, экологик туризм ва фармацевтика соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади.
Президентимиз дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Словакия муносабатлари янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойиб, изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони 2 баравар кўпайгани бундан далолат беради.
Ўзбекистон инвестиция соҳасида, шу жумладан тиббиёт, фармацевтика ва кимё тармоқларининг етакчи компаниялари билан биргаликда аниқ лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.
Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти муттасил ошиб бораётган Покистон билан муносабатлар икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқотлари туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 1 миллиард долларга етказиш бўйича йўл харитаси қабул қилинган.
Афғонистонда иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, шу жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини тезда бошлаш Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Покистон томонига БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Тадбир доирасида ҳар бир элчи билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Чет эллик дипломатлар улар вакиллик қилаётган мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистон раҳбари ва халқига самимий саломи ва эҳтиромини етказди. Юртимизда уларнинг дипломатик фаолиятига яратилган шароитлар ҳамда бугунги тадбирда кўрсатилган илиқ қабул ва алоҳида эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Элчилар Президентимиз томонидан илгари сурилган аниқ таклиф ва ташаббуслар ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришда улкан амалий аҳамиятга эга эканини ҳамда Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва самарали шерикликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайрати ва тажрибасини ишга солишга тайёрлигини таъкидлади.
-
Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган тарқатма материалларни ўзбек ва рус тиллардаги матни, овоз берувчи фуқаролар учун референдум жараёнларига оид нормалар қуйидаги ҳаволада тақдим этилмоқда.
382Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган тарқатма материалларни ўзбек ва рус тиллардаги матни, овоз берувчи фуқаролар учун референдум жараёнларига оид нормалар қуйидаги ҳаволада тақдим этилмоқда.
https://drive.google.com/drive/folders/1_1spO_l9EsTQs2o5mednRZvbNUOcqx6z?usp=sharing
-
Bugun, 9-aprel – Amir Temur tavallud topganiga 687 yil toʻldi
385Bugun, 9-aprel – Amir Temur tavallud topganiga 687 yil toʻldi
Amir Temur ibn amir Taragʻay 1336-yil 9-aprelda Kesh (Shahrisabz)ning Xoʻjailgʻor qishlogʻida dunyoga kelgan. Adolat va ulugʻvorlik timsoli bo‘lgan sohibqiron tavalludining 687 yilligi yurtimizda, shu jumladan oliy taʼlim muassasalarida ham keng nishonlanmoqda.
U jahon tarixida nafaqat yengilmas sarkarda, balki har odimida yurt farovonligi, obodligi, taʼlim, fan va sanʼatning rivoji uchun qaygʻurgan bunyodkor shaxs sifatida ham gavdalanadi. Shu orqali jahon tarixida “Temuriylar davri renessansi”ga asos solgan.
Oʻzining yetuk va ulugʻ siymosi bilan bashar eliga tarixiy ibrat boʻlgan mohir sarkarda hayoti, uning bosib oʻtgan yoʻlini oʻrganish, bilish barchamiz uchun sharafdir.
-
Сирдарёда саноат ривожланмоқда
593Сирдарёда саноат ривожланмоқда
07.04.2023
Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги “Омон мед фарм” корхонасида бўлди.
Бу ерда асосан маҳаллий доривор ўсимлик ва хомашёлардан йилига 2 миллион 400 минг қадоқ фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Корхонада тайёрланаётган антибиотик, таблетка, ампулали ва инфузион дори воситалари шифохоналар ва дорихоналарга етказиб берилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларнинг бир қисмини қўшни мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Корхонада қарийб минг киши меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, келгуси режалари билан танишди.
Ушбу масъулияти чекланган жамият тиббиёт кластери шаклида ривожланмоқда. Унинг ҳузурида клиника, мактаб ва университет қурилмоқда.
Президентииз корхонада тайёрланаётган дори турларини кўпайтириш ва экспорт қилишга амалий кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.
Сирдарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Шу ерда вилоятдаги 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Сирдарё туманидаги “Ривер Мед фарма”, “Евроазия газ бетон”, “Модерн Марбел”, “Пенг Шенг Чарм”, Сайхунобод туманидаги “Тошкент сити голд блок” ҳамда Янгиер шаҳридаги “Интер Трейдинг-груп” масъулияти чекланган жамиятларидир. Уларнинг раҳбарлари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Қайд этилганидек, “Ривер Мед фарма” корхонасида йилига 42 миллион дона инфузион дори маҳсулотлари тайёрланиб, 250 киши иш билан таъминланади.
“Евроазия газ бетон” қурилиш соҳасига ихтисослашган. У ерда Нидерландия технологияси асосида йилига 450 минг куб газобетон ишлаб чиқарилади, 100 та иш ўрни ташкил этилади.
“Модерн Марбел”да йилига 800 минг квадрат метр мармар кесимлари тайёрланади.
“Пенг Шенг Чарм” йилига 1500 квадрат метр табиий чарм ҳамда 468 тонна желатин ишлаб чиқаришга қувватига эга. Уларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
“Тошкент сити голд блок” ва “Интер Трейдинг-груп” лойиҳалари 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига амалга оширилган. Биринчисида йилига 300 минг метр куб газоблок ишлаб чиқарилса, иккинчи корхона 45 минг тонна ун тайёрлаш қувватига эга.
Умуман, мазкур корхоналарда 600 га яқин иш ўрни яратилади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 37 миллиард сўм, экспортига қарийб 30 миллион доллар қўшилади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашди.
-
Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасига бағишланган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалоловнинг “Ўзбекистон: Янгиланаётган Конституцияда шахсий ва мулкий дахлсизлик ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда” (“Узбекистан: В обновляемой Конституции укрепляется право на личную и имущественную неприкосновенность”) сарлавҳали таҳлилий мақоласи ўзбек тилида .
415Ўзбекистон: Янгиланаётган Конституцияда шахсий ва мулкий дахлсизлик ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда
Тан олиш керак, Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар сони икки-уч баравар кўпаймоқда. Янги таҳрирда Конституциянинг алоҳида қисмлари сифатида нормаларни ажратиб кўрсатиш уларнинг мазмунини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради, бу эса давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятлари ва кафолатларини оширади, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлайди.
Мисол тариқасида, амалдаги Бош қонуннинг 27-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни таҳлил қилайлик. Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда ушбу модда 31-сон билан келтирилган.
Шу билан бирга, Конституциянинг махсус моддалари асосида фуқароларнинг мулкий дахлсизликка бўлган ҳуқуқлари 17-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 16, 17, 20 ва 21-боблари, Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 100-моддаси билан тартибга солинишини таъкидлаймиз.
Амалдаги Бош қонуннинг «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» деб номланган VII-бобида шундай дейилади: «Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш, турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга (27-модданинг биринчи қисми). Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас» (иккинчи қисм).
Агар Конституциянинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга оид моддаларни амалдаги, хусусан, олдинги таҳрирдаги модданинг қисмлари ва янги таҳрирдаги 31-моддага киритилган қисмлар билан таққосласак, уларнинг асосий мазмуни бир хил бўлади. Бироқ, амалдаги асосий қонунда ушбу ҳуқуқлар ниҳоятда умумлаштирилган, шахс ва турар жой билан боғлиқ иккита тушунча бир қисмда келтирилган.
Янги таҳрирда таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар кенгайтирилган ва аниқлаштирилган, бешта мустақил қисмга бўлинган: учтасида шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга оид, иккитасида – турар жойни белгилаш таклиф этилмоқда. Яъни, маълум бир мантиқий кетма-кетликда. Бу шуни англатадики, давлат ушбу йўналишда ўз жавобгарлигини ва кафолатларини бир неча бор оширади.
Шахсий ҳаёт ва оилага бўлган ҳуқуқлар, унинг шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёт сирлари 31-модданинг дастлабки уч қисмида қуйидаги нормаларда акс этган. Биринчи қисм: «Ҳар бир инсон шахсий ҳаёт, шахсий ва оилавий сир дахлсизлиги, ўз шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга».
Онгли инсон учун шаън ва обрў, ахлоқий, маънавий қадриятлар ўз ривожланишининг мулки ва ютуғи бўлган жамиятда шаклланган шахс, эҳтимол, унинг ўзига бўлган муносабатини белгилайдиган ва шу билан бирга уни жамият томонидан идрок этиш ва баҳолаш мезони, ўлчовидир. Бу бизнинг ҳаётимиз давомида шаклланадиган, биз томонимиздан эҳтиёткорлик билан ҳимояланадиган ва шунинг учун дахлсизлик, тажовузлардан, ҳар хил аралашувлардан ва ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлган ички ҳолатимиздир.
Шунингдек, биз ҳар куни амалга оширадиган ёзишмалар, телефон суҳбатлари ва бошқа ҳаракатлар сир сақлаш тўлиқ ҳуқуқига эгамиз. Ахборот-техник ривожланишни ҳисобга олган ҳолда, ҳаётимизнинг муҳим қисми бутун дунё бўйлаб Интернетда содир бўлганлиги сабабли, биз шахсий маълумотлар, биз баҳам кўрган маълумотлар ишончли ҳимояланганлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Шунингдек, ҳар бир фуқаро ўзининг обрўси, соғлиғи, ҳаёти, касбий фаолиятига бирон-бир тарзда зарар етказиши мумкин бўлган нотўғри маълумотларни тузатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Конституцияга ўзгариш ва қўшимчалар киритилган янги таҳрирда бундай салбий ҳодисалардан ҳимоя қилиниш кафолатланади. Шундай қилиб, 31-модданинг иккинчи қисмида шундай дейилган: «Ҳар ким ёзишмалар, телефон сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарларни сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади». Учинчи қисм эса шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини, нотўғри маълумотларни тузатиш талабини, ноқонуний равишда тўпланган ёки энди қонуний асосга эга бўлмаган маълумотларни йўқ қилишни назарда тутади.
Оила, энг ривожланган ижтимоий институтлардан бири сифатида, тажовузлардан ҳимояланишга муҳтож, чунки бу жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшади, унинг ҳар бир аъзоси ўз шахсий ҳаётига, бегоналарга тегишли бўлмаган сирга эга. Ушбу модданинг нормаси айнан шу ҳуқуқни белгилайди. Яъни, инсон учун жуда қадрлайдиган барча нарсалар (ўз шаъни, оила шарафи, шахсий ҳаёти, сирлари) қанчалик муқаддас эканлигини англаб, давлат, шу жумладан, Бош қонун уларнинг дахлсизлиги ва ҳимоясини кафолатлайди.
Шахснинг, оиланинг барқарор ва хавфсиз ривожланиши учун жой, яъни тинчликда яшаш, ўсиши ва ривожланиши мумкин бўлган турар жой бўлиши кераклиги аниқ. Бу бизнинг шахсий коинотимиз, ижтимоий, ҳиссий ва иқтисодий ҳаётимизнинг марказидир.
Шу билан бирга, давлат ривожланишининг ўзига хос ҳодисалари, воқеалари ва фактлари нуқтаи назаридан, турар жой нафақат мол-мулк ёки кўчмас мулк, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳар кимнинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини эълон қилади ва мулкдан ноқонуний маҳрум қилишни тақиқлайди. Мажбурий кўчириш ва бошқа шунга ўхшаш уй-жой ҳуқуқларининг бузилиши бир вақтнинг ўзида мулк ҳуқуқи, одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқи, ижтимоий ва маданий ривожланиш ҳуқуқи ва ҳатто яшаш ҳуқуқи каби инсон ҳуқуқларини бузади.
31-модданинг тўртинчи қисми турар жойнинг дахлсизлиги ҳуқуқини ҳимоя қилишни белгилайди ва шу билан кафолатлайди.
Шуни таъкидлаш керакки, инсоннинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний аралашувдан холи бўлиш ҳуқуқи, уйнинг дахлсизлигига ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний тажовуздан ҳимоя қилиш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт каби бир қатор халқаро ҳужжатлар билан таъминланади (Ўзбекистон 1995 йилда қўшилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича биринчи халқаро шартномалардан биридир); Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (унинг имзоланиши мамлакатимиз ушбу шартномада кафолатланган барча ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни қабул қилишини англатади) ва бошқалар.
Конституциянинг 31-моддаси бешинчи қисмининг янги таҳририда бежизга шундай дейилмаган: «Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади».
Кўриб турганимиздек, қонуний асосга эга бўлмаган ҳеч ким сизнинг шахсий ҳудудингизга бостириб киришга ҳақли эмас. Агар сизга ташриф буюрмоқчи бўлганлар махсус ҳужжат - суд қарорига эга бўлмаса, уни уйингизга киритмасликка ҳақлисиз.
Умуман олганда, Конституциянинг 31-моддаси фуқароларнинг ўзлари яшаётган жамиятимизнинг кўп қиррали ривожланишига ҳисса қўшадиган қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини имкон қадар ҳимоя қилишга қаратилган.
Музаффар Жалолов,
Тошкент шаҳридаги Инҳа Университети ректори вазифасини бажарувчи
-
Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси бош котиби:Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини халқнинг кенг иштирокида белгиланиши бошқа мамлакатлар учун андоза бўла олади
387Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси бош котиби:Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини халқнинг кенг иштирокида белгиланиши бошқа мамлакатлар учун андоза бўла олади
БРЮССЕЛЬ, 1 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Дильёр Ҳакимов Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Бош котиби Кристоф Бернаскони билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтиши режалаштирилган умумхалқ референдумига тайёргарлик кўриш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистон ва Гаага конференцияси ўртасида изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ислоҳотлар доирасида янгиланётган Конституциявий қонун лойиҳада устувор эътибор инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш кофалатлари белгилаб қўйилаётгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони 3,5 баробарга оширилаётганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Кристоф Бернаскони Ўзбекистон ҳаётидаги катта муҳим сиёсий тадбир – референдум билан қутлаб, унда кузатувчи сифатида иштирок этиш имкониятидан бағоят мамнун эканлигини билдирди. Шунингдек, фуқаролар томонидан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани уларнинг бу жараёнда нақадар фаол эканлигидан далолат беришини таъкидлади.
«Босқичма-босқич одамлар ажойиб тараққиётни гувоҳи бўлаётгани ва Ўзбекистоннинг ривожланиш йўлини халқнинг кенг иштирокида белгилаши бошқа мамлакатлар учун андоза бўла олади,- деди Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Бош котиби.- Конституцияда Ўзбекистонни Республика бошқарув шаклига эга суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида мустаҳкамланиши жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бош котиб, шунингдек, референдумда иштироки доирасида бир қатор учрашувлар ўтказиш ва Ўзбекистон - Гаага конференцияси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини ҳамда келгусидаги амалий ҳаракатларни муҳокама қилишни режалаштираётганини маълум қилди.