-
Ўзбекистон ва Россия делегациялари кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди
456Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин тор доирадаги учрашувдан сўнг музокараларни расмий делегациялар аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Шавкат Мирзиёев самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчиликни ривожлантиришда мисли кўрилмаган натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Россия муносабатларининг барча йўналишлари бўйича ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани ва салмоқли даражада юксалаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги аниқ йўналтирилган биргаликдаги фаолият натижалари юқори баҳоланди, улар сифат жиҳатидан ўзгаргани таъкидланди.
Саноат кооперациясини, энг аввало, машинасозлик, металлургия, энергетика, қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда кенгайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи қўшма гуруҳ тузилган.
Музокараларда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор бошқа келишувларга эришилди.
-
Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар
4702017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг мантиқий давоми ҳисобланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида олий таълим тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасалари (ОТМ) сони 2017 йилдаги 77 тадан 2023 йилга келиб 211 тага, шундан хорижий ОТМлар сони 5 тадан 30 тага, ОТМлардаги талабалар сони 314,5 минг нафардан 1200,0 минг нафарга, диссертация ҳимоялари сони 343 тадан 1765 тага етказилди.
Шунингдек, 41 та етакчи давлат ОТМларга молиявий, илмий ва ташкилий масалаларда мустақиллик берилди, 71 та ОТМларда сиртқи таълим шакли, 15 та ОТМларда масофавий таълим шакли ва 18 та ОТМларда кечки таълим шакли жорий этилди.
2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларнинг магистратурасига қабул қилиш, талабанинг бакалавр даражасининг ўртача балли ва чет тилини билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида хамда мутахассислик фанидан хеч қандай имтиҳонларсиз амалга оширилиши белгиланди.
-
ЎЗБЕКИСТОН ВА БМТ: ГЛОБАЛ МУАММОЛАРГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШИШ ОДИМЛАРИ
491Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташрифи доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказди, нуфузли тадбирларда иштирок этди. Жумладан, 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи сессияси умумий дебатларида нутқ сўзлаб, минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўз қарашларини баён этди.
БМТда Ўзбекистон ташаббуслари
Кейинги йилларда Ўзбекистон глобал муаммоларнинг халқаро миқёсда ҳал этилиши жараёнида фаол иштирок этмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси сессияларидаги ташаббусларимизнинг қисқача хроникаси шундан далолат беради.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида илк бор сўзга чиқиб, янги раҳбариятнинг мақсадлари “мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш”га, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашга, иқтисодий ислоҳотларга ва Марказий Осиё мамлакатларига устувор аҳамият қаратишга йўналтирилганини таъкидлаган эди. Шунингдек, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклиф қилиниб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббуси илгари сурилганди.
Ўзбекистон Президенти 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясида қатор янги халқаро ташаббусларни ўртага ташлади. БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги резолюциясини қабул қилиш, камбағалликка барҳам бериш ва унга қарши курашиш масалаларини БМТ Бош Ассамблеяси сессияси асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммит ўтказиш шулар жумласидан.
Шавкат Мирзиёев ушбу нутқида 2017 йилда илгари сурилган ташаббусга асосан минтақамиз давлат раҳбарларининг учрашувлари мунтазам ўтказиб келинаётгани, шунингдек, Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилганини қайд этиб, Бош Ассамблеянинг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида резолюциясини қабул қилишни, ушбу ҳужжат қабул қилинган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни, деб эълон қилишни таклиф этди. Бундан ташқари, Президент Марказий Осиё мавзусини давом эттирар экан, БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни, шунингдек, 2021 йилда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумини ўтказишни таклиф қилди.
2021 йилда Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида видеомурожаат билан сўзга чиқиб, пандемияларга қарши курашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш тарафдори эканимизни билдирди, Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс матни эса БМТ расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш ва камбағалликни қисқартириш муаммоларини ўрганиш бўйича халқаро конференцияни Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Худди шу сессияда Президент БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йилда ўзи илгари сурган Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида резолюцияси қабул қилингани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Бош Ассамблеянинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Бундан ташқари, 2023 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича олтинчи ассамблеясини Ўзбекистонда юқори савияда ўтказиш таклиф этилди.
Қайд этилганлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг бугунги энг долзарб масалалари бўйича позицияси жуда фаол ва унинг кўпгина таклифлари аллақачон ҳаётга татбиқ этилган ёки амалга ошириш жараёнида.
Иқтисодий юксалиш мақсадлари
Президент Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблеянинг жорий йилги сессиясида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, “Ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини давом эттириш” ниятида эканини билдирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу нутқни юқори баҳолаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини қайд этди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсад ва вазифалари кўлами, унинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўлиқ мос келиши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида изчил ислоҳотлар натижасида, глобал таҳдидларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлади. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим баробардан зиёд кўпайди. Бизнинг асосий мақсадимиз 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна икки баробар оширишдир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири “Одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш”дир. Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига ЯИМ ҳозирги 2200 доллардан 4000 долларга, яъни 55 фоиз – ярмидан кўпроғига ўсиши билан “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириши бу мақсаднинг асосий йўналишидир. Ўзбекистон аҳолисининг ниҳоятда жадал демографик ўсишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу 2030 йилга бориб иқтисодиёт икки баробар эмас, балки сезиларли даражада кўпроқ, деярли бугунгидан икки баробар кўп ўсиши кераклигини англатади (2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ биринчи марта 80 миллиард доллардан ошди).
Ушбу мақсадга эришиш учун иқтисодиётда хусусий сектор ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар янада чуқурлаштирилади. Давлат улушига эга корхоналар сонини 6 баробар қисқартириш, иқтисодиётдаги нодавлат сектор улушини 85 фоиз ошириш кўзда тутилмоқда. Темир йўл хизматлари кўрсатиш, автомобиль йўллари қуриш ва бошқариш, газ ва электр таъминоти хусусий секторга ўтказилади. Монопол тармоқларнинг бозор тамойилларига изчил ўтиши давом эттирилади.
ЖСТга кириш нима учун долзарб?
“Иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишдир, деди Президентимиз ўз нутқида. Ҳозир кўплаб таҳлилчилар геосиёсий қарама-қаршилик шароитида ЖСТ ўз роли ва аҳамиятини йўқотаётганини айтишса-да, Ўзбекистон учун бу ташкилотга аъзо бўлиш долзарблигича қолмоқда.
Аҳолининг харид қобилияти етарли эмаслиги боис, ички бозор сиғими чеклангани туфайли иқтисодиётдаги тизимли ўзгаришлар муносиб турмуш даражасига эришиш учун зарур иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш учун етарли бўлмайди. Шу боис, экспорт салоҳиятини ҳам ҳар томонлама ошириш зарур.
Бунинг учун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказган ҳолда экспорт имкониятларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу 2022 йилдаги 19 миллиард долларлик экспорт даражасидан икки баробар кўпдир. Шу мақсадда ташқи бозорда рақобатбардош бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлайдиган Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Жаҳон савдо ташкилотига кириш эса экспорт имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу Ўзбекистон маҳсулотлари дунёнинг аксарият мамлакатлари бозорларига киришидаги тўсиқларни камайтиришга ёрдам беради.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўли ортга қайтмайди
Президентимиз ўз нутқида Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ҳақида тўхталар экан, халқнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик даражаси икки баробар камайгани, 2030 йилгача эса 7 фоизга тушириш режалаштирилганини қайд этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади ва унинг доирасида 2024 йилда БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда. Масалан, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 2,3 миллион. Ажратилган маблағ ҳажми 7 баробар оширилиб, йилига 11 триллион сўмга етди. Бунинг натижасида ўтган йили 1 миллион, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 210 минг киши камбағалликдан олиб чиқилди.
Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш масаласига келсак, сўнгги олти йилда қарийб 300 мингта хонадон ва якка тартибдаги турар жой барпо этилди, бу ўтган йиллардагига нисбатан 10 баробар кўпдир.
Келгуси йилларда Ўзбекистонда бу йўналишда ҳам қатор муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш кўзда тутилган эди ва бу тизим ҳаётга татбиқ этилмоқда. Туманларда “ягона дарча” тамойили асосида ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ижтимоий ҳимоя марказлари очилди. Ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилиб, туғруқ таътилидаги аёллар учун онлайн режимда ишлаш тизими жорий этилади. Шу билан бирга, маҳаллани ривожлантириш ва ободонлаштириш учун солиқларнинг бир қисми бевосита маҳаллага йўналтирилади. Бундан ташқари, янги дастурда барча аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, қўшимча 1 миллион арзон уй-жой қуриш белгиланган.
Инсон капиталини ривожлантириш
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида “Инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир”, деди. Сўнгги йилларда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилинаётгани қайд этилди. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизгача, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизгача ошди. “2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади”, деди Президент.
Шу жиҳатдан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг етакчи устувор йўналиши “Ҳар бир инсоннинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш” экани катта аҳамиятга эга. Стратегияда болаларни эрта ёшдан бошлаб ривожлантириш, тарбиялаш ва ўқитишга эътибор қаратиш ҳамда мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш ва 2030 йилгача уни 100 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Агар ўтган йилларда мактаб таълими соҳасида қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилган бўлса, 2030 йилгача “Йилига беш юз минг ўқувчи ўрни” дастурини амалга ошириш ва мактабларда 2,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
2030 йилга қадар соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам қатор муҳим вазифалар қўйилди. Соғлиқни сақлаш тизими рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий этилади. Аҳоли “кафолатланган тиббий хизматлар тўплами” билан бепул таъминланади, С гепатити касаллигини тўлиқ даволаш эса давлат ҳисобидан амалга оширилади.
Марказий Осиё ва Ўзбекистон
Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир. Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида Марказий Осиёда ҳамкорлик ҳақида гапира туриб, “Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Ўзбекистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлмоқда. Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда”, дея таъкидлади.
Минтақа давлатларининг бундай яқинлашиши Ўзбекистон Президентининг 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси билан боғлиқ. Биринчи саммит 2018 йилнинг март ойида Қозоғистон пойтахтида, иккинчиси 2019 йилнинг ноябрида Тошкентда, учинчиси 2021 йилнинг августида Туркманистоннинг “Аваза” туристик зонасида, тўртинчиси 2022 йил июлда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Бешинчи маслаҳат учрашуви яқинда – жорий йилнинг 14 сентябрида Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилди. Унинг доирасида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун муҳим бўлган ҳужжатлар - Ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим, Марказий Осиёда қуруқлик транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги битим, Миллий координаторлар кенгаши тўғрисидаги низом, 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлашга доир “йўл харитаси” имзоланди.
Ўзаро келишилган сиёсат юритилиши ортидан минтақа мамлакатлари ҳам хорижий инвесторлар учун, ҳам сайёҳлар учун, ҳам транспорт йўлаклари ишончлилиги нуқтаи назаридан янада жозибадор бўлиб бормоқда. Бу бугунги транспорт ва логистика беқарорлиги шароитида жуда муҳимдир. Бу Ўзбекистон Президенти БМТ сессияси давомида “Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда”, дея қайд этишига асос бўлди. “Аминманки, халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади”, деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё аҳолисининг деярли ярми ёшлар экани, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи, айниқса, долзарб аҳамиятга эгалигига эътибор қаратди. Шу муносабат билан БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш таклиф қилинди. Унинг доирасида “Марказий Осиёнинг ёшлар кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги ҳам айтилди.
Иқлим ва экология ўзгариши
Дунёдаги мураккаб экологик вазият ҳақида гапира туриб, Шавкат Мирзиёев “Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда”, деди. Хусусан, кейинги йилларда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим даража кўтарилди, музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Яқин йигирма йилда минтақадаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоиз, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоиз камайиши кутилмоқда.
Агар ўз вақтида зарур чоралар кўрилмаса, бунинг оқибатлари минтақадаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказиши мумкин. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлади ва Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “БМТ – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдори бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни таклиф этди ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини ўртага ташлади. Унинг асосий мазмунини эса келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама этиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва экологияни яхшилаш учун кенг кўламдаги чоралар кўрмоқда. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга йўналтирилган сиёсат натижасида муқобил энергетиканинг энергия тизими умумий қувватидаги улуши ҳозирнинг ўзида 14 фоизга етди ва 2030 йилга бориб бу улушни 40 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Янги стратегияда Оролбўйидаги ўрмон массивлари майдонини 1,6 миллион гектардан 2,3 миллион гектаргача ошириш, мамлакат бўйича яшиллик даражасини эса 30 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, сувни тежаш мақсадида 2030 йилгача барча экин майдонларини сув тежовчи технологиялар асосида суғоришга ўтказиш режалаштирилган.
***
Ўзбекистоннинг 2017 йилда бошланган янги сиёсати нафақат мамлакат ичида тубдан иқтисодий ислоҳотларга, шунингдек, иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясига, балки дунё халқаро ҳаётида БМТ каби глобал институтлар даражасида фаол иштирокига ҳам урғу беради.
Ўзбекистон глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда, унинг халқаро ташаббуслари, айниқса, Марказий Осиё минтақаси муаммолари, хусусан, Орол денгизи, камбағалликка қарши курашиш ва ижтимоий ривожланиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ таклифлари жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниб, ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилаётгани ҳам мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузини оширмоқда.
Обид Ҳакимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси
ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар
маркази директори