-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи
934Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи
21.03.2023

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун халқимизни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.
Бугун бепоён Ватанимизнинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида эл-юртимиз катта шоду хуррамлик билан Наврўз сайилларини ўтказмоқда.
Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда кексаю ёш жамики юртдошларимизни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Шарқона янги йилимиз муборак бўлсин!
Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин!
Қадрли дўстлар!
Бугун жонажон юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўз кириб келар экан, дала ва қирларимиз, боғ ва яйловларимиз кўклам ёмғирлари – обираҳматдан баҳраманд бўлиб, бўлғуси мўл ҳосил, қут ва баракадан дарак бермоқда.
Ҳар бир инсон ўзининг табиат фарзанди эканини янада чуқур англаётган мана шундай мунаввар айёмга эл-юртимиз билан соғ-омон етганимиз учун, аввало, Яратганимизга беҳад шукроналар айтамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Биз бугун юртимизда Янги Ўзбекистонни – инсон эркин, озод ва фаровон яшайдиган жамият ва давлатни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдамиз.
Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқимизнинг азму қарори, унинг ҳаёт мазмунидир.
Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз.
Шу эзгу йўлда иқтисодиётимиз ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурларимизни жадал давом эттирамиз.
Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуои фотиҳаларидан куч-қувват оламиз.
Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз.
Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.
Сиз, азизлар олдимизда турган муҳим сиёсий тадбирда ҳам юксак сиёсий тафаккур ва маданиятингизни намоён этиб, эришган ютуқларимиз ва ислоҳотларимизни қатъий давом эттириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга ўз ҳиссангизни қўшасизлар, деб ишонаман.
Мана шу бетакрор лаҳзаларда кўкламнинг ҳар бир куни, ҳар бир соатини ғанимат билиб, даласига йўл олаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизга энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Бугун катта орзу-умидлар билан сафларимизга кириб келаётган навқирон ўғил-қизларимизни – Янги Ўзбекистон бунёдкорларини барчамиз самимий олқишлаб, уларга бахт ва омад тилаймиз.
Мен бир фикрни такрор ва такрор айтишдан чарчамайман – ҳар томонлама соғлом ва баркамол, билимли ва серғайрат ёшларимиз энг юксак марраларни эгаллашлари учун биз барча имконият ва шароитларни яратиб берамиз.
Азиз фарзандларимиз эл-юртимиз ишончини оқлаб, катта-катта ғалабаларга эришаётгани барчамизни чексиз қувонтиради.
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қизғин беллашувларда мустаҳкам ирода ва маҳорат намунасини кўрсатиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.
Айни пайтда улар Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлари хоккей бўйича ўн саккиз ёш тоифасида барча рақибларни ортда қолдириб, Осиё чемпионлигини қўлга киритдилар.
Мамлакатимиз спорт тарихида илк бор мана шундай катта зафар қозонган ёш хоккейчиларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.
Айниқса, иқтидорли ҳужумчимиз Жасурбек Рустамхонов мусобақа давомида ўн тўртта гол уриб, чемпионатнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди.
Шунингдек, юртимиз ёш шахматчиларининг юксак интеллектуал салоҳияти дунё бўйлаб тилларда достон бўлмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди.
Яқинда Тошкентда хотин-қизлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда истеъдодли шахматчи қизимиз Нилуфар Ёқуббоева 100 дан ортиқ хорижий иштирокчилар қатнашган мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.
Мана шундай умидбахш ютуқлари билан азму шижоатли фарзандларимиз юртимиз ёшлари қандай улкан ишларга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этдилар.
Шу каби ғоят муҳим ютуқларга ёшларимиз илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт соҳаларида ҳам эришиб келмоқдалар.
Шу муносабат билан ёш чемпион ва совриндорларимизни, уларнинг устоз ва мураббийлари, ота-оналарини, барча спорт мухлисларини, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман.
Бу, ҳеч шубҳасиз, азамат ёшларимизнинг эл-юртимизга ҳақиқий Наврўз совғаси бўлди.
Янги Ўзбекистонга албатта мана шундай ғалабалар ярашади.
Янги Ўзбекистонга миллионлаб тенгдошларига ўрнак ва намуна бўладиган мана шундай ватанпарвар, қаҳрамон ёшлар керак.
Ўз даврида жаҳонни лол қолдирган буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўлган бундай ёшларимиз билан халқимиз, Ватанимиз ҳақли равишда фахрланади.
Катта раҳмат сизларга, азиз фарзандларим!
Ҳаёт йўлларингизда барчангизга доимо янги омад ва зафарлар ёр бўлсин!
Муҳтарам ватандошлар!
Мир Алишер Навоий бобомизнинг олам аҳлига, биз – авлодларга қарата “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин!” деб айтган тилакларини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шу маънода, кексаларга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, ёрдам ва кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, беморларнинг дардига дармон бўлиш каби халқимизга хос савобли амалларни нафақат Наврўз айёмида, балки ҳар куни, виждон амри билан адо этишимиз лозим.
Бугун биз барпо этаётган ижтимоий ва халқпарвар давлатда меҳр-шафқат, саховат ва ҳиммат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур.
Мен барчангизни, авваламбор, раҳбар ва мутасаддиларни шу борада янада фаол ва самарали ҳаракат қилишга даъват этаман.
Токи азалдан “одамийлик диёри” деб шуҳрат қозонган Ватанимизда ҳар бир инсон халқимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборини тўла ҳис қилиб яшасин.
Қадрли дўстлар!
Бу йилги хосиятли Наврўз фасли юртимизга кўплаб қувончли воқеалар, қўшалоқ байрамларни бошлаб келмоқда.
Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат топишини тилайман.
Айни вақтда мамлакатимизда эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчангизни қутлайман.
Мустақиллик йилларида Наврўзи олам диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва аҳил оила этиб бирлаштирадиган дўстлик ва нафосат байрамига айланганини биз юксак қадрлаймиз.
Бундай ноёб ва бебаҳо бойлигимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаймиз.
Тинчлик ва бағрикенглик элчиси бўлган бу айём – 21 март Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарори билан Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонлаб келинаётгани албатта барчамизни хурсанд қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга ҳурмат кўрсатиб, бугунги сайил-шодиёнамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини чин дилдан қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига самимий салом ва эзгу тилакларимизни йўллаймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Барчангизни, бутун халқимизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман.
Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин!
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
-
АҚШ Президенти Ўзбекистон Президентига табрик йўллади
752АҚШ Президенти Ўзбекистон Президентига табрик йўллади
20.03.2023

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Америка халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман.
Ўтган йил давомида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқларимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида бирлашди.
Ушбу уйғониш ва янгиланиш мавсумида Қўшма Штатлар Ўзбекистон халқига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу кунларда янги марраларни белгилаб, мустаҳкам тинчлик ва ўзаро англашув руҳидаги умумий келажак сари саъй-ҳаракатларимизни давом эттирар эканмиз, мен мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланишига ишонаман.
Наврўз муборак!
Ҳурмат билан,
Жозеф Байден,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
-
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихоновнинг “Экологик ҳуқуқга оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақоласи такдим этилмокда
790Экологик ҳуқуқга оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланмоқда

Бугун ҳаётимизда чуқур сифат ўзгаришлари рўй беряпти. Туб ислоҳотлар эса жамиятимизнинг тамоман янгича қиёфасини шиддат билан шакллантирмоқда. Мамлакатимизда мутлақо янги давр бошланди. Бу мажозий ўхшатиш эмас, айни ҳақиқатдир.
Эътироф этиш жоизки. янги таҳрирдаги Конституциямиз тараққий этган давлат — Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олиниши, турфа ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши том маънода халқ Конституцияси бўлаётганини англатади.
Конституциямизнинг янги таҳририда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки. мамлакатимизда экология. атроф-муҳитни мучофаза қилишга бўлган муносабат тубдан ўзгарди Ушбу соҳани бошқариш ва тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Бутунлай, янгича экологик тафаккур, экологик дунёқараш шаклланиб, аҳолининг бу борадаги маданияти юксалмоқда. Зеро, бу ҳаётий заруратдир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашга бағишланган махсус нормалар хусусан ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, Оролбуйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш юзасидан чоралар кўрилиши белгиланмоқда.
Ушбу конституциявий норма Янги Ўзбекистан тараққиёт стратегиясида белгиланган 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, 2030 йилга бориб эса қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати 15 минг Мвт.га тенгбўлиши эвазига иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқарадиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш каби мақсадларга эришиш учун пойдевор бўлади.
Бу нормалар табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши экология ва табиат билан боғлик муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилмоқда.
Атроф-муҳит инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсир қилувчи муҳим омилдир. БМТ маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 20-40 фоизи атроф-муҳит ҳолатига боғлиқ. Қулай атроф-муҳит эса глобал муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда янада долзарб ахамият касб этмоқда. Шу боис, кўпгина ривожланган давлатларда ҳам ушбу муаммо кенг муҳокама этилмоқда ҳамда экология мухофазасига оид янги нормалар конституцияларга киритилмоқда.
Бунда экологияга етказилаётган зарарларни камайтириш муҳим ўрин тутади. Айниқса, айрим шаҳар ва қишлоқларимизда олиб борилаётган қурилишларнинг экологияга зарари белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлмоқда. Чунки сунгги йилларда мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди, Ушбу шароитда фуқароларнингэкологик ҳуқуқларини таъминлаш, қурилишларнинг габиатга зарарли таъсирига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари кўрилади.
Мазкур норма жамоатчилик назоратини кенгайтириш орқали юртдошларимиз ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, аҳолининг саломатлигини ишончли мухофаза этиш учун қулай атроф-муҳитни таъминлашнинг конституциявий кафолатларини кучайтиради.
Боз устига, давлат Оролбўйи минтақаси- нинг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.
Дарҳақиқат, Оролбўйи минтақасида юзага келган глобал экологик муаммо минтақадаги 50 миллион нафарга яқин аҳолининг ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Орол денгизининг қуриган 2,5 миллион гектардан ортиқ майдонида ўрмонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Оролбўйидаги мураккаб экологи- вазият, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, саломатлигини яхшилаш, ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириляпти.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу норманинг белгиланиши минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитлари яратилиши ва турмуш даражасинннг жиддий тарзда яхшиланишини таъминлайди. Барча касб эгалари, биринчи навбатда ижтимоий соҳа вакиллари учун қўшимча имтиёзлар пакети қўлланилади ҳамда тадбиркорлик тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф-муҳитни ҳимоя қилишга йўналтирилган турли лойиҳаларда фаол қатнашиш имконияти пайдо бўлади.
Мазкур норма аҳоли ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, Оролбўйи минтақасида яшовчи одамларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ишсизликни камайтиришни таъминлашнинг конституциявий кафолатларини яратади.
-
Сурхондарёда олтита янги корхона ишга туширилди
708Сурхондарёда олтита янги корхона ишга туширилди
13.03.2023

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз тумани Янгиобод маҳалласидаги “Termez National Carpets” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Корхона йилига 2,2 миллион квадрат метр гилам ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун Германия, Бельгия, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 150 та янги иш ўрни яратилган.
Маҳсулотларнинг қарийб ярмини экспорт қилиш режалаштирилган. Хомашёнинг 80 фоизи маҳаллийлаштирилган. Корхона ишга туширилган қисқа вақтда Озарбайжон ва Қирғизистон давлатларига 255 минг долларлик гилам ва гилам маҳсулотлари экспорт қилинди. Жорий йилда 4 миллион долларлик маҳсулотни хорижлик буюртмачиларига етказиб бериш мўлжалламоқда.
Муҳими, корхонада муқобил энергиядан фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозирда ташқи ва ички ёритиш тизими учун қуёш панелларидан фойдаланилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди.
Шу ерда 6 та янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш маросими бўлди. Термиз шаҳридаги “Indenim Cluster”, Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис”, Ангор туманидаги “Ангор Барака”, Термиз туманидаги “Termiz agro impeks” корхоналари, Сариосиё туманидаги қурилиш материаллари кичик саноат зонаси ва Тўпаланг гидро электр станцияси вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Термиз шаҳридаги “Indenim Cluster” масъулияти чекланган жамияти пахта толасидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 400 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис” корхонасида йилига 75 минг куб метр автоклав газоблок ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 80 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Ангор туманидаги “Ангор Барака” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасида миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган. У ерда йилига қарийб 125 минг дона тайёр тикувчилик, 50 турдаги миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрланиб, минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.
Сариосиё туманидаги кичик саноат зонасида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.
“Termiz agro impeks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз туманида 3 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, замонавий иссиқхона барпо этилиб, 220 кишининг бандлигини таъминлаган.
Тўпаланг гидро электр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида унинг умумий қуввати 175 мегаваттга етмоқда. Бу йилига 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконини беради.
Умуман, мазкур 6 та корхона 2 мингта янги иш ўрни яратади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшилади.
Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.