-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумидаги нутқи
832Ҳурматли Гутерриш жаноблари!
Ҳурматли Хань Чжэн жаноблари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларига “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этишга таклиф қилгани ҳамда илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдираман.
“Макон ва йўл” ташаббусининг ўн йиллиги муносабати билан хитойлик дўстларимиз ҳамда тадбирнинг барча иштирокчилари номига билдирилган табрик сўзларига қўшиламан.
Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган улуғвор ғоя тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорларига эга бўлди ва халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айланди. У умумий тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлидаги зарурий, инклюзив ва очиқ платформага айланди.
Жаҳондаги етакчи давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч инқирози туфайли вужудга келган ҳозирги геосиёсий беқарорлик шароитида ушбу дастурнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидлашни истардим. Биз мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоримиз.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Хитойнинг “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиради, деб ҳисоблаймиз. Ушбу ғоя Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жаноблари томонидан илк бор 2016 йилда айнан бизнинг мамлакатимизда эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга.
Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини таъкидламоқчиман.
Ҳозирги вақтда бизнинг минтақамиз мамлакатлари глобал исиш, экологик мувозанат бузилишининг аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган жиддий таҳдидларини ўзида тўлиқ ҳис этмоқда.
Биргина мисол – кўп йиллик кузатишлар бугунги кунда Марказий Осиёда ўртача ҳаво ҳароратининг ошиб бориши дунёдаги умумий кўрсаткичлардан икки марта юқори эканини кўрсатмоқда.
Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга оширмоқдамиз.
Ўзбекистон жорий йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббусига кўра бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан вазифалар саммитини ҳам юқори баҳолайди ҳамда мазкур анжуман якунларининг тезроқ амалга оширилишига умид билдиради.
Биз 2024 йил Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ниятидамиз.
Умид қиламизки, ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун “Келажак учун – Самарқанд мулоқоти”ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Ўзбекистон “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
Шу муносабат билан Хитой ҳамда “Макон ва йўл” саммитининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрларимиз билан ўртоқлашмоқчиман.
Биринчидан, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни янада яқиндан мувофиқлаштириш мақсадида “Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларининг ўзаро боғлиқ ҳолда амалга оширилиши тарафдоримиз.
Қуйидаги муҳим вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламдаги ”Яшил” тараққиёт дастури”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз: иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш.
Иккинчидан, “яшил” ишлаб чиқариш занжирлари ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрмиз.
Учинчидан, Хитойнинг “Макон ва йўл” дастурининг “яшил” инвестициялар тамойиллари” борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва уни амалга оширишда иштирок этиш ниятидамиз.
Ўзбекистонда “Яшил” молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қиламиз. Ушбу жамғарма кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилишнинг таъсирчан воситасига айланади.
Тўртинчидан, биз “Макон ва йўл” дастурида иштирок этаётган мамлакатларни “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирамиз.
Бешинчидан, “яшил” энергияга ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказишни муҳим, деб биламиз.
Аминмизки, бу қайта тикланадиган энергия соҳасида халқаро кун тартибини кенгайтириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Олтинчидан, Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга туширишни таклиф этамиз.
Еттинчидан, биз Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Бу борада Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчи мамлакатлари етакчи олийгоҳлари ва таълим марказлари бизнинг шерикларимиз сифатида иштирок этишлари мумкин.
Ва ниҳоят, биз жамиятда табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш бўйича анъанавий қадриятларни қарор топтирмасдан туриб, “яшил” тараққиётга ўтиш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни ва унда этно-экологик фестиваллар, форумлар, мамлакатларимиздаги таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида тақдимотлар ва тадбирларни ўтказишни назарда тутишни таклиф этамиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Донишманд хитой халқининг мақолида айтилганидек, “Келгуси асрнинг бахти ушбу асрда қурилади”.
Бугун биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирган ва кучайтирган ҳолда, инсониятнинг “яшил” келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратмоқдамиз.
Ишончим комилки, бугунги учрашувимиз якунлари, билдирилган ғоя ва таклифлар бизнинг ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлидаги умумий аниқ ҳиссамиз бўлади.
Барчангизга муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
-
Ўзбекистон ва Вьетнам Президентлари савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдилар
844Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитойга амалий ташриф доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Во Ван Тхионг билан учрашди.
Икки мамлакат ўртасида, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Вьетнам Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги муҳим анъанавий ҳамкоридир. Кейинги йилларда турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони ошиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Етакчи компанияларимиз нефть-газ мажмуасида, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда, шу жумладан махсус иқтисодий зоналар ва индустриал парклар доирасида кооперация қилишлари учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Вьетнам етакчилари маданият, таълим ва туризм соҳаларида алмашинувни ривожлантириш муҳим эканини таъкидладилар.
-
“Бир макон, бир йўл” форуми иштирокчилари тантанали кутиб олинди
851Пекин шаҳридаги Халқ йиғинлари уйида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва рафиқаси тантанали кутиб олди.
Маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Биргаликда суратга тушилди.
Меҳмонларга театрлаштирилган концерт дастури тақдим этилди.
Форумнинг асосий тадбирлари эртага, 18 октябрь куни бўлиб ўтади.
-
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар
887Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Президентимиз таклиф ва кўрсатилаётган самимий қабул учун Хитой етакчисига миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон раҳбари ХХР Раисини Хитой ташкил топган кун ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ўн йиллик юбилейи билан дилдан қутлади.
– “Макон ва йўл” ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди.
ХХР Раисининг “Яшил ипак йўли” ташаббуси илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда билдирилгани чуқур рамзий маънога эга, - деди мамлакатимиз етакчиси.
Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди.
Ҳар томонлама стратегик шерикликни янги даврда ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойидаги Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил бажарилаётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, асосий масалалар борасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошди. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар борлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Хитой компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника тармоқларида, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологик лойиҳаларни кўпайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди.
Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди билан самарали ҳамкорликка юқори баҳо берилди.
Ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Йил бошидан Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди, Шэньси, Шаньдун, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди.
Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиш мақсадида Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.
Етакчилар маданият, таълим ва туризм соҳаларида қизғин ҳамкорликни юксак баҳоладилар. Хитой 2023 йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.
Яқинда Ханчжоудаги Ипак миллий музейида Ўзбекистоннинг тақдимоти бўлиб ўтди. Пекиндаги “Гугун” саройи музейида “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги Археологик ҳамкорлик кўргазмасида тарихий меросимиз экспозицияси ташкил этилди.
Октябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари, келгуси йил баҳорида эса Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда, айниқса ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтининг самарали фаолияти бунга катта ҳисса қўшмоқда. Хитой тилини ўқитишни ва ёш олимлар ўртасидаги алмашинувни кенгайтириш режалари белгилаб олинди.
Ўзбекистон Президенти Тошкентда Хитойнинг етакчи Цинхуа университети ва Пекин университети филиалларини очишни таклиф қилди.
Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
“Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.
Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари ХХР Раисини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Учрашув ҳар доимгидек ишончли, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.
-
Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди
832Самарқандда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси 25-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Самарқандга “Бутунжаҳон маданий туризм пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимов ва ЮНВТО бош котиби З.Пололикашвили томонидан имзоланди.