-
Ўзбекистон Президентининг Россияга ташрифи якунланди
752Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташрифини якунлади ва Тошкентга жўнаб кетди.
Аэропортда олий мартабали меҳмонни Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда ва бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан музокара ўтказди.
Ташриф арафасида ва давомида қатор муҳим тадбирлар, жумладан, ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси, учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, Бутунроссия кўрагазма марказида “Ўзбекистон” павильонининг очилиши, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссия кичик комиссияларининг йиғилишлари ва бошқалар бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Россия ва Қозоғистон Президентлари билан бирга Россиядан мамлакатимизга газ етказишни бошлаш маросимида иштирок этди.
-
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар имзоланди
762Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Кенг кўламли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари томонидан имзоланган 10 та ҳужжат алмашилди. Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясининг бош консулхонасини таъсис этиш, ваколатли иқтисодий оператор институтларини ўзаро тан олиш, “Агроэкспресс” тезкор темир йўл ташувларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимлар, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йиллар учун ҳамкорлик дастури, шунингдек, транспорт, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар шулар жумласидан.
Ушбу келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни бир қатор истиқболли йўналишларда янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
-
Ўзбекистон ва Россия делегациялари кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди
754Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин тор доирадаги учрашувдан сўнг музокараларни расмий делегациялар аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Шавкат Мирзиёев самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчиликни ривожлантиришда мисли кўрилмаган натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Россия муносабатларининг барча йўналишлари бўйича ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани ва салмоқли даражада юксалаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги аниқ йўналтирилган биргаликдаги фаолият натижалари юқори баҳоланди, улар сифат жиҳатидан ўзгаргани таъкидланди.
Саноат кооперациясини, энг аввало, машинасозлик, металлургия, энергетика, қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда кенгайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи қўшма гуруҳ тузилган.
Музокараларда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор бошқа келишувларга эришилди.
-
Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар
7702017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг мантиқий давоми ҳисобланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида олий таълим тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасалари (ОТМ) сони 2017 йилдаги 77 тадан 2023 йилга келиб 211 тага, шундан хорижий ОТМлар сони 5 тадан 30 тага, ОТМлардаги талабалар сони 314,5 минг нафардан 1200,0 минг нафарга, диссертация ҳимоялари сони 343 тадан 1765 тага етказилди.
Шунингдек, 41 та етакчи давлат ОТМларга молиявий, илмий ва ташкилий масалаларда мустақиллик берилди, 71 та ОТМларда сиртқи таълим шакли, 15 та ОТМларда масофавий таълим шакли ва 18 та ОТМларда кечки таълим шакли жорий этилди.
2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларнинг магистратурасига қабул қилиш, талабанинг бакалавр даражасининг ўртача балли ва чет тилини билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида хамда мутахассислик фанидан хеч қандай имтиҳонларсиз амалга оширилиши белгиланди.