-
Орол денгизи умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда
389Орол денгизи умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда
Чоп этиш
02:33 / 24.03.2023
Ўзбекистон делегацияси БМТнинг тарихий конференциясида иштирок этди
22-24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференцияси ўтказилмоқда. Унда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида обиҳаёт орқали дунёни бирлаштириш, сайёрамиз фаровонлигида денгиз ва океанларнинг аҳамияти, бу борадаги глобал ташаббуслар БМТга аъзо барча мамлакатлар, ихтисослашган идоралар томонидан нуфузли спикерлар иштирокида кўриб чиқилмоқда.
Халқаро ҳамжамият 45 йиллик танаффусдан сўнг илк маротаба бундай конференцияда жам бўлди. Чунки масала ниҳоятда долзарб: 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 5 миллиард кишиси сув танқислигидан азият чекиши мумкин. Ўзбекистоннинг ҳам бу борада айтар сўзи ва таклифлари, салмоқли тажрибаси бор. Чунки катталиги бўйича ўз вақтида дунёда 4-ўринда бўлган Орол денгизи Ўзбекистонда жойлашган ва унинг бугунги тақдири фақат бизгина эмас, балки бутун халқаро ҳамжамиятга дахлдор масала.
Қолаверса, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар гал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий даражадаги йиғилишларида иштирок этар экан, айнан шу муаммони кўтарди ва бу йўналишда муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Конференция ишида тузилмага аъзо 198 мамлакат қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
23 март куни конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида мамлакатимиз делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритди.
Саида Мирзиёева Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлаб, қорақалпоқ элининг атоқли шоири Иброҳим Юсупов ижодидан денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши тасвирланган сатрларни ўқиб берди.
– Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ, ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда, – деди Саида Мирзиёева.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро даражада қўллаб-қувватланиб, 2021 йилда БМТ Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш ҳақидаги резолюция қабул килингани, сал аввалроқ – 2018 йилда Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фондига асос солингани қайд этилди.
Давлатимиз амалга ошираётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борганда, минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, асосийси, матонатли қорақалпоқ элининг саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил боғларни яратиш учун 14 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилгани айтилди.
Фожиа оқибатларини бевосита ўз бошидан кечираётган Қорақалпоғистон халқининг матонати, меҳнатсеварлиги, яратувчанлиги алоҳида эътироф этилди. Минтақанинг оғир шароитида, айниқса, аёллар кучли ғамхўрлик ва кўмакка муҳтожлиги, улар учун имкониятларни кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Сўзининг якунида Саида Мирзиёева халқаро ҳамжамиятни глобал сув масалалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган Орол фожиаси оқибатларини юмшатишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.
22 март куни БМТнинг Сув масалалари конференцияси доирасида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этиладиган Aral Culture Summit – Орол маданият саммити лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Бу маҳаллий ва халқаро ҳамжамият, етакчи олимлар, архитекторлар, рассом ва дизайнерларни бирлаштирадиган янги институт.
Орол маданияти саммити доирасида ёш авлодни минтақадаги вазиятни яхшилашга ҳисса қўшадиган кўникмаларни шакллантиришга ундайдиган таълим ва алмашинув дастурлари, стипендиялар ва стажировкалар ташкил этилади.
Шунингдек, саммит доирасида биодизайн ферма-лабораторияси ташкил этилади. Лойиҳа доирасида минтақани сув билан таъминлаш, янги экин турларини яратиш, шунингдек, ҳудудда шўрланишни камайтириш бўйича турли технологиялар ўрганилади ва ишлаб чиқилади.
Саммит ижодкорларни маҳаллий фермерлар билан бирлаштириб, янги ўсимликлар етиштириш учун биодизайн соҳасида барқарор алоқаларни ўрнатиши ва шу орқали келгуси 10 йилга мўлжалланган стратегик режани ишлаб чиқиши маълум қилинди. Бу маҳаллий ҳамжамиятда улкан ўзгаришлар учун замин яратади.
Бўлажак саммитнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти конференция доирасида ўтган «Сув ҳамкорлик учун: сув ресурслари соҳасида трансчегаравий ва халқаро ҳамкорлик, сув соҳасидаги тармоқлараро, шу жумладан, илмий алоқалар ҳамда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартибининг сувга оид мақсадларига эришиш» мавзусидаги сессияда ва жамғарма томонидан халқаро экспертлар иштирокида ташкил этилган “Санъатдан – ҳаракатга: Оролбўйи минтақасининг қайта тикланиши учун саҳрони ўрмонга айлантириш” мавзусидаги панель муҳокамасида батафсил очиб берилди.
Шунингдек, БМТ конференциясида иштирок этиш асносида Нью-Йорк шаҳрида АҚШдаги ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Нью-Йорк мэри Эрик Адамс ҳам иштирок этди.
Саида Мирзиёева йиғилганларни Наврўз байрами билан табриклади, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.
Самимий суҳбатда ватандошларимиз она юрти билан алоқаларини узмаётгани, мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётгани, турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий, сиёсий ва иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани хусусида сўз юритилди.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи
615Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи
21.03.2023
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун халқимизни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.
Бугун бепоён Ватанимизнинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида эл-юртимиз катта шоду хуррамлик билан Наврўз сайилларини ўтказмоқда.
Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда кексаю ёш жамики юртдошларимизни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Шарқона янги йилимиз муборак бўлсин!
Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин!
Қадрли дўстлар!
Бугун жонажон юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўз кириб келар экан, дала ва қирларимиз, боғ ва яйловларимиз кўклам ёмғирлари – обираҳматдан баҳраманд бўлиб, бўлғуси мўл ҳосил, қут ва баракадан дарак бермоқда.
Ҳар бир инсон ўзининг табиат фарзанди эканини янада чуқур англаётган мана шундай мунаввар айёмга эл-юртимиз билан соғ-омон етганимиз учун, аввало, Яратганимизга беҳад шукроналар айтамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Биз бугун юртимизда Янги Ўзбекистонни – инсон эркин, озод ва фаровон яшайдиган жамият ва давлатни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдамиз.
Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқимизнинг азму қарори, унинг ҳаёт мазмунидир.
Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз.
Шу эзгу йўлда иқтисодиётимиз ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурларимизни жадал давом эттирамиз.
Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуои фотиҳаларидан куч-қувват оламиз.
Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз.
Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.
Сиз, азизлар олдимизда турган муҳим сиёсий тадбирда ҳам юксак сиёсий тафаккур ва маданиятингизни намоён этиб, эришган ютуқларимиз ва ислоҳотларимизни қатъий давом эттириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга ўз ҳиссангизни қўшасизлар, деб ишонаман.
Мана шу бетакрор лаҳзаларда кўкламнинг ҳар бир куни, ҳар бир соатини ғанимат билиб, даласига йўл олаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизга энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Бугун катта орзу-умидлар билан сафларимизга кириб келаётган навқирон ўғил-қизларимизни – Янги Ўзбекистон бунёдкорларини барчамиз самимий олқишлаб, уларга бахт ва омад тилаймиз.
Мен бир фикрни такрор ва такрор айтишдан чарчамайман – ҳар томонлама соғлом ва баркамол, билимли ва серғайрат ёшларимиз энг юксак марраларни эгаллашлари учун биз барча имконият ва шароитларни яратиб берамиз.
Азиз фарзандларимиз эл-юртимиз ишончини оқлаб, катта-катта ғалабаларга эришаётгани барчамизни чексиз қувонтиради.
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қизғин беллашувларда мустаҳкам ирода ва маҳорат намунасини кўрсатиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.
Айни пайтда улар Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлари хоккей бўйича ўн саккиз ёш тоифасида барча рақибларни ортда қолдириб, Осиё чемпионлигини қўлга киритдилар.
Мамлакатимиз спорт тарихида илк бор мана шундай катта зафар қозонган ёш хоккейчиларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.
Айниқса, иқтидорли ҳужумчимиз Жасурбек Рустамхонов мусобақа давомида ўн тўртта гол уриб, чемпионатнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди.
Шунингдек, юртимиз ёш шахматчиларининг юксак интеллектуал салоҳияти дунё бўйлаб тилларда достон бўлмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди.
Яқинда Тошкентда хотин-қизлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда истеъдодли шахматчи қизимиз Нилуфар Ёқуббоева 100 дан ортиқ хорижий иштирокчилар қатнашган мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.
Мана шундай умидбахш ютуқлари билан азму шижоатли фарзандларимиз юртимиз ёшлари қандай улкан ишларга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этдилар.
Шу каби ғоят муҳим ютуқларга ёшларимиз илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт соҳаларида ҳам эришиб келмоқдалар.
Шу муносабат билан ёш чемпион ва совриндорларимизни, уларнинг устоз ва мураббийлари, ота-оналарини, барча спорт мухлисларини, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман.
Бу, ҳеч шубҳасиз, азамат ёшларимизнинг эл-юртимизга ҳақиқий Наврўз совғаси бўлди.
Янги Ўзбекистонга албатта мана шундай ғалабалар ярашади.
Янги Ўзбекистонга миллионлаб тенгдошларига ўрнак ва намуна бўладиган мана шундай ватанпарвар, қаҳрамон ёшлар керак.
Ўз даврида жаҳонни лол қолдирган буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўлган бундай ёшларимиз билан халқимиз, Ватанимиз ҳақли равишда фахрланади.
Катта раҳмат сизларга, азиз фарзандларим!
Ҳаёт йўлларингизда барчангизга доимо янги омад ва зафарлар ёр бўлсин!
Муҳтарам ватандошлар!
Мир Алишер Навоий бобомизнинг олам аҳлига, биз – авлодларга қарата “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин!” деб айтган тилакларини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шу маънода, кексаларга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, ёрдам ва кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, беморларнинг дардига дармон бўлиш каби халқимизга хос савобли амалларни нафақат Наврўз айёмида, балки ҳар куни, виждон амри билан адо этишимиз лозим.
Бугун биз барпо этаётган ижтимоий ва халқпарвар давлатда меҳр-шафқат, саховат ва ҳиммат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур.
Мен барчангизни, авваламбор, раҳбар ва мутасаддиларни шу борада янада фаол ва самарали ҳаракат қилишга даъват этаман.
Токи азалдан “одамийлик диёри” деб шуҳрат қозонган Ватанимизда ҳар бир инсон халқимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборини тўла ҳис қилиб яшасин.
Қадрли дўстлар!
Бу йилги хосиятли Наврўз фасли юртимизга кўплаб қувончли воқеалар, қўшалоқ байрамларни бошлаб келмоқда.
Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат топишини тилайман.
Айни вақтда мамлакатимизда эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчангизни қутлайман.
Мустақиллик йилларида Наврўзи олам диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва аҳил оила этиб бирлаштирадиган дўстлик ва нафосат байрамига айланганини биз юксак қадрлаймиз.
Бундай ноёб ва бебаҳо бойлигимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаймиз.
Тинчлик ва бағрикенглик элчиси бўлган бу айём – 21 март Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарори билан Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонлаб келинаётгани албатта барчамизни хурсанд қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга ҳурмат кўрсатиб, бугунги сайил-шодиёнамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини чин дилдан қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига самимий салом ва эзгу тилакларимизни йўллаймиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Барчангизни, бутун халқимизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман.
Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин!
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
-
АҚШ Президенти Ўзбекистон Президентига табрик йўллади
435АҚШ Президенти Ўзбекистон Президентига табрик йўллади
20.03.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Америка халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман.
Ўтган йил давомида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқларимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида бирлашди.
Ушбу уйғониш ва янгиланиш мавсумида Қўшма Штатлар Ўзбекистон халқига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу кунларда янги марраларни белгилаб, мустаҳкам тинчлик ва ўзаро англашув руҳидаги умумий келажак сари саъй-ҳаракатларимизни давом эттирар эканмиз, мен мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланишига ишонаман.
Наврўз муборак!
Ҳурмат билан,
Жозеф Байден,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
-
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихоновнинг “Экологик ҳуқуқга оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақоласи такдим этилмокда
421Экологик ҳуқуқга оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланмоқда
Бугун ҳаётимизда чуқур сифат ўзгаришлари рўй беряпти. Туб ислоҳотлар эса жамиятимизнинг тамоман янгича қиёфасини шиддат билан шакллантирмоқда. Мамлакатимизда мутлақо янги давр бошланди. Бу мажозий ўхшатиш эмас, айни ҳақиқатдир.
Эътироф этиш жоизки. янги таҳрирдаги Конституциямиз тараққий этган давлат — Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олиниши, турфа ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши том маънода халқ Конституцияси бўлаётганини англатади.
Конституциямизнинг янги таҳририда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки. мамлакатимизда экология. атроф-муҳитни мучофаза қилишга бўлган муносабат тубдан ўзгарди Ушбу соҳани бошқариш ва тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Бутунлай, янгича экологик тафаккур, экологик дунёқараш шаклланиб, аҳолининг бу борадаги маданияти юксалмоқда. Зеро, бу ҳаётий заруратдир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашга бағишланган махсус нормалар хусусан ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, Оролбуйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш юзасидан чоралар кўрилиши белгиланмоқда.
Ушбу конституциявий норма Янги Ўзбекистан тараққиёт стратегиясида белгиланган 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, 2030 йилга бориб эса қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати 15 минг Мвт.га тенгбўлиши эвазига иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқарадиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш каби мақсадларга эришиш учун пойдевор бўлади.
Бу нормалар табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши экология ва табиат билан боғлик муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилмоқда.
Атроф-муҳит инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсир қилувчи муҳим омилдир. БМТ маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 20-40 фоизи атроф-муҳит ҳолатига боғлиқ. Қулай атроф-муҳит эса глобал муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда янада долзарб ахамият касб этмоқда. Шу боис, кўпгина ривожланган давлатларда ҳам ушбу муаммо кенг муҳокама этилмоқда ҳамда экология мухофазасига оид янги нормалар конституцияларга киритилмоқда.
Бунда экологияга етказилаётган зарарларни камайтириш муҳим ўрин тутади. Айниқса, айрим шаҳар ва қишлоқларимизда олиб борилаётган қурилишларнинг экологияга зарари белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлмоқда. Чунки сунгги йилларда мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди, Ушбу шароитда фуқароларнингэкологик ҳуқуқларини таъминлаш, қурилишларнинг габиатга зарарли таъсирига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари кўрилади.
Мазкур норма жамоатчилик назоратини кенгайтириш орқали юртдошларимиз ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, аҳолининг саломатлигини ишончли мухофаза этиш учун қулай атроф-муҳитни таъминлашнинг конституциявий кафолатларини кучайтиради.
Боз устига, давлат Оролбўйи минтақаси- нинг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.
Дарҳақиқат, Оролбўйи минтақасида юзага келган глобал экологик муаммо минтақадаги 50 миллион нафарга яқин аҳолининг ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Орол денгизининг қуриган 2,5 миллион гектардан ортиқ майдонида ўрмонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Оролбўйидаги мураккаб экологи- вазият, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, саломатлигини яхшилаш, ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириляпти.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу норманинг белгиланиши минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитлари яратилиши ва турмуш даражасинннг жиддий тарзда яхшиланишини таъминлайди. Барча касб эгалари, биринчи навбатда ижтимоий соҳа вакиллари учун қўшимча имтиёзлар пакети қўлланилади ҳамда тадбиркорлик тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф-муҳитни ҳимоя қилишга йўналтирилган турли лойиҳаларда фаол қатнашиш имконияти пайдо бўлади.
Мазкур норма аҳоли ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, Оролбўйи минтақасида яшовчи одамларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ишсизликни камайтиришни таъминлашнинг конституциявий кафолатларини яратади.