-
Нафас Шодмоновнинг “Беҳбудийнинг васияти” сарлавҳали публицистик мақоласи ўзбек тилида
1031Беҳбудийнинг васияти
Туркистон халқларининг ҳуррияти ва тараққийсига борини сафарбар қилиб, миллатларнинг устози ва пешвосига айланган, фидойилик намунасини кўрсатган буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий учун қайғурган зиёлилар унинг қақшаб турган сиймосини ва қилган ўтли нидосини бир кичик “Васиятнома” орқали намоён этмоққа ҳаракат қилди.
“Васиятнома” уни кўрган кишидан эшитилганига кўра, 1922 йил бошида жадидчилик фаолларидан бири Ҳожи Муин Шукрулло томонидан эълон қилинган. Мақолада мазкур кичиккина “Васиятнома”нинг асл нусхаси йўқолиб кетгани сўзланади. Шунча вақт у топилмадими, энди уни топмоқдан умид йўқ. Васиятнинг моҳияти нима экани маълум. У умрнинг вақтинчалик эканини англаган киши ортида қолаётганларга ўз орзу-армонларидан ташқари, ворислар учун энг муҳим деб билганларини қаттиқ уқтиришдир. Шунинг учун “Васиятнома” бизга керак ва уни тикламоқ бурчимиздир. “Доноларнинг тириклигида айтган сўзларининг ярми васият” деган нақлга амал қилиб, маънавиятимизнинг улуғ намояндаси мероси билан танишиш асл “Васиятнома”ни бизга тақдим қилади.
Бунинг учун Маҳмудхўжа Беҳбудий “Танланган асарлар”идан жой олган мақолаларни синчиклаб ўқишнинг ўзи кифоя қилади. Китобга 1906–1918 йиллар оралиғида ёзилган мақолалар кирган, улар 23 та. Диққат қаратилса, уларни Беҳбудий ўттиз ёшдан кейин, яъни атроф-оламни англаб олган, маълум даражада тажрибага эга бўлган даврида ёзган. Шунинг учун ҳам, улардан васиятлар излаш ўринлидир.
“Ҳақ олинур, берилмас!”
Беҳбудий ҳаёти мамлакатда ижтимоий-сиёсий кескин ўзгаришлар даврига тўғри келди. У умри давомида уч сиёсий босқични кўрди. Шунинг учун ундан бир хилликни талаб қилиш мумкин эмас. Зеро, дастлаб чоризм сиёсати ва ижтимоий муҳитида яшаб, унда Туркистон мусулмонларининг аҳволини ўз ҳаёти, турмушида тўла ҳис қилган, бошидан кечирганларига кўра ҳамда Русияда ҳаракатда бўлган сиёсий кучларнинг туб моҳиятини чуқур ўрганган Беҳбудий пайдо бўлса, сўнг Туркистон мухторияти, ундан сўнг эса ўзи аввал рад этган шўро шароитида миллат тақдирини ҳалокатдан асраб қолиш йўлларини ахтарган зот гавдаланади. Чоризм ҳақида сўзлар экан, Беҳбудий “Ҳозирги Русия давлати тариқи ҳукмронлиги (сиёсий тузуми) ноқис эканлигига ҳар бир хабарлик киши иқрордир”, деб ёзади “Хайру-л-умури авсатуҳо” (“Ишларнинг ўртачаси яхшидир” – ҳадис) номли мақоласида. Бу ноқисликнинг сабаби мамлакатда майдонга чиққан ҳар хил сиёсий фирқа – партияларга бўлинган халқни идора қилишда “иродаи мустақила” – самодержавия, император иродасининг устуворлиги ва унинг имзоси “закун” саналиб, жорий қилинишида эди.
Маҳмудхўжа Туркистон мухториятини зўр мамнуният билан қарши олди. Лекин у мухториятнинг нечоғли заиф, кучли душманлари уни бўғиб ташлашга қодиру ҳозир эканини яхши билар эди. Шунинг учун уни фақат ерли халқларнинг бирлашмоқлари орқалигина сақлаб қолиниши мумкинлигини жон-жаҳди билан тушунтиришга, уқтиришга ҳаракат қилди. “Қозоқ қардошларимизға очиқ хат”, “Муҳтарам самарқандийларға холисона арз” мақолаларида бу яққол кўринади.
“Бовурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, берилмас... Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар...” Сўзларининг таъсирини ошириш учун муаллиф “Қуръон” сўзлари билан мақолани тугатади: “Аллоҳнинг ипига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз!”
Ҳолатни таҳлил қилиб, яхши тушуниб турган Беҳбудий “қоғоз устидаги” мухториятни йўқ қилувчи иллат миллий бирлик ва аҳилликнинг йўқлиги, амалдорларнинг нафсоният ва ғурур ҳавосига берилиши эканидан огоҳлантиради, истиқлолни амалиётга айлантириш учун турли табақаларнинг иттифоқ тузиб, унга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандликларга қарата шундай дейди: “Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи, бир-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлига хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хизмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас”.
Юқоридаги сўзларда 42–43 ёшли зиёлининг жамиятнинг нуфузли уламолари – дин раҳнамолари, катта мулкдорлар табақасига қарата мардона даъвати ундаги катта жасоратни, журъатни кўрсатади.
Улуғ маърифатпарвар қўлдан берилган озодлик оқибатида халқ юз йиллар асирлик домида қолиб, ўз қадр-қимматини, жуда кўп моддий ва маънавий зарарлар кўриб, кейин кетишидан надомат чекади: “Азиз ҳамшаҳарларимға, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаги нафратларни ташлаб, Худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва алъон (ҳозирги ҳолатда) бизнинг ҳаракатсизлигимиз ҳурриятни кеткуруб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз. Бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрниға лаънат ўқурлар”.
Беҳбудий бу сўзларини ҳукман тўғри сўзлар дейди. Бу сўзлари учун баъзи ёшлар ҳам, қарилар ҳам ранжиши мумкинлигини айтади. Бироқ “тўғрини айтмагунча, ишлар тўғриланмас”.
Аллома умрининг охирги тахминан икки йили илк шўро даврига тўғри келади. Унинг хорижий тилларни билиши, кенг мушоҳада ва кўп билим эгаси экани шўроларнинг турли жабҳаларда бошлаган “инқилобий” ишларига жалб этилишига сабаб бўлди. У ҳатто Эрон ва Афғонистон давлатларига консул қилиб юборишгача таклиф қилинган. Бироқ Беҳбудий ўз соғлиги ёмонлигини баён қилиб бош тортади. Лекин мамлакатда туркистонийларнинг ўз мақомига, секин-аста ўз давлатига эга бўлиши учун ҳаракат қилиш, давлат ишларида кўпроқ иштирок этиш лозимлигини тинмай уқтиради. “Охиринда маа-т-таассуф (афсус билан) иқрор этаманки, — деб ёзади у, — сиёсий, илмий, маиший ва аскарий йўлларда замон биздан кўп ишлар талаб этадур... Аммо бизда ишлайтурғон одам оз ва бори ҳам ишламайдур ва ёинки эгри кетадур. Бу фурсатлар ўтганларидек ўтиб кетар. Сўнгра пушаймонликдин бошқа қўлда бир нарса қолмас...”
Миллий давлатчилик учун миллий кадрлар
Маърифатли жамиятнинг муҳим жиҳатларидан бири малакали кадрларга эга бўлишдир. Кадрлар танқислиги ёки умуман йўқлигининг ўзи мамлакат салоҳиятининг пастлигидан далолат. Хонликлар даврида бошланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳарбий соҳалардаги таназзул сабаб Ўрта Осиёда ХХ асрнинг бошига келиб ҳам жуда кўп соҳаларда замонавий кадрлар йўқ ҳисоби эди. Лекин бу дегани мусулмон халқларининг, жумладан, туркистонликларнинг азалий жаҳолатидан далолат эмас. “Тарихдан бехабар баъзи кишилар ва ёинки душманлар мусулмонларни аввалдан охирғача нодон, ваҳший кўрсатурлар. Мусулмонлар дунёда ҳеч нима ихтиро қилмади... дерларки, ул ғалатдур”, деб ёзади Маҳмудхўжа. Узоқ аждодларнинг илмда дунёни лол қилиб кўрсатган нашъу намолари маълум. Улар “ушбу кунги ихтиролар учун асбоб (асослар) ҳозирлаб қўйди”лар. Аммо халқимиз кейинги асрларда “ихтирои башар”дан четда қолгани ҳақиқат эса-да, маърифат билан уйғонмоқ мамлакат қаддини тиклашни таъминлайди. “Ҳозир фаранглар навбатидур, – деб давом этади Беҳбудий. – Бир замон келурки, навбат бошқаларга тегар, бул дунёнинг одатидур”. Бу ерда “бошқаларга” дейилганда эҳтимолий “бизга” мазмуни бор.
Ўн тўққизинчи юз йиллик ўрталарида ҳам Ўрта Осиё халқлари дунёдан узилиб қолган, бошқа давлатлар билан муомала ва муносабати йўқ эди. Бундай шароитда чоризм истилосидан сўнг ерли халқлардан уларнинг манфаатларини қонунлар асосида ҳимоя қилувчи кадрлар жуда зарур эди. “Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладурған кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса дўқтирга борамиз, аммо дардимизни айтмоқға тил йўқ. Ўзимиздин дўқтир йўқ”. Яна бир ўринда: “Иморат қилмоқчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инжинерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз “муҳандис” исмини билмаймиз”, деб ёзади Беҳбудий. Шунингдек, у Туркистон меваси, донаси, тоши, тупроғи, шоҳи, адрас, беқасам, алоча кабилари ҳам Европа бозорларида ўзга эллар даллоллари томонидан арзон олиб кетилиб, бир неча баробар қимматга сотилаётганидан, бундай ишни қилиш учун бизнинг тил биладиган, соҳа илмидан хабардор замонавий савдо кишиларининг йўқлигидан зорланади. Ҳатто, тожир ва бойларнинг илми тижорат, ҳисоб-бухгалтерлик биладиган бир одамлари йўқлигини қандай баҳолаш мумкин эди?
1913 йилда ёзилган “Эҳтиёжи миллат” мақоласида 30 йил бурун Самарқанднинг биргина Ёмини маҳалласида 300 алочабоф ишчи бўлгани, айни замонда улардан 30 нафари қолгани ва яна ўн йилдан кейин улар тугаб кетиши хавфи борлиги таъкидланади. Буларнинг ҳаммасига сабаб маърифат, маорифнинг йўқлиги, билимсизлик эди. “Бу кетишнинг охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун”, дейди муаллиф.
Беҳбудий бу муаммоларни ечиш учун ёшларни аввал замонавий мактабларда сўнг Россия дорулфунунларида ўқитиш ғоясини илгари суради. Бизда, ҳатто, оддий дорулмуаллимин (ўқитувчилар институти) ҳам йўқлиги, уларни бир эмас, кўпини очиш лозимлигини давр зиёли олимлари ва мулкдорлари олдидаги вазифа сифатида белгилаб беради.
Бизнингча, бу васиятлар бизнинг Янги Ўзбекистон шароитига келибгина давлат томонидан бир қадар адо этилмоқда. Мактаб таълими ишлари ислоҳ этилмоқда, Президент мактаблари, ижод ва илмга йўналтирилган махсус мактаблар жорий этилиши кенг кўламда йўлга қўйилди. Айниқса, олий таълим муассасаларининг сони ва қамрови ортиши, хусусан, хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари очилиши, қўшма таълимлар, шунингдек, нодавлат университетлар очилишига йўл берилиши замонавий кадрлар тарбияланишида муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз томонидан ҳар йили иқтидорли ёшларнинг 500 нафарини чет эллардаги нуфузли университетларда таълим олишлари учун шароит ва маблағ ажратилаётгани миллий, маҳаллий замонавий, юксак малакали кадрлар тайёрланишида янги саҳифа очиши шубҳасиз. Бу ишлар халқимизнинг асрий орзулари, Беҳбудийдек маърифатпарварлар армонларининг рўёбга чиқиши далилидир.
Усули жадидия мактаблари
Бугун замонавий ўзбек маорифи, педагогикасининг асосчиси кимлиги ҳақида ўйланса, бунинг жавоби Маҳмудхўжа Беҳбудий дейилса, адолатдан бўлади. Унинг “Китобату-л-атфол”, “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий” каби дарсликлари ўз даври таълимида қанчалик аҳамият касб этган бўлса, “Падаркуш” драмаси ва мақолалари тарбиявий характери билан педагогика фани шаклланишига ундан ҳам кўпроқ хизмат қилди, дея оламиз.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Беҳбудийнинг педагоглик фаолияти умумий жадидчилик ҳаракатининг бир қисми бўлиб, Европада кечаётган жамиятни модернизация қилиш, замонавийлаштиришнинг шарқона кўринишидан иборат эди. Шунинг учун ҳам мактаблар ислоҳоти ва мамлакат тараққиёти масаласи унинг чиқишларида уйғун олиб борилади. “Бошқа миллатларга қаралса, кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки “дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур”.
Яна бир ўринда у дейди: “Миллатлар тараққийиға бир неча сабаблар бўлуб, туб сабаби уламо ва ағниёнинг ҳамият ва ғайратларидур”. Бу ерда ҳамиятли илм аҳли замонавий билимларни ўзлаштириб, уни ёшларга етказиши, ғайратли мулк эгалари эса уларни, умуман, таълимни қўллаб-қувватлаши билан тараққиётга эришилиши ҳақида гап бормоқда.
Жадид мактабларининг моҳияти Беҳбудий томонидан қисқа ва лўнда қилиб шундай талқин қилинади: “... Замона ҳар куни янгилашур. Янги илм ва янги фикрлар ва фунуни замонияни дарбар (ўзида сақлаган, ташувчи) қилган одамларни талаб қилур”. Бинобарин, ана шундай одамларни ўқитиб, тарбиялаб етиштириш жадид мактабларининг мақсади бўлган. Лекин “жоҳилона таассублик”ка берилган, қадимчилар ҳисобланган кишилар бу мақсад моҳиятини тушунмас, жиддий қаршиликлар қилар эдилар. Уларга қарши Беҳбудий бир оғиз сўз билан “Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас”, дея жавоб беради.
Беҳбудийнинг Туркия, Миср, Қрим, Кавказ, Қозон, Россия, Юнонистон, Болгария, Австрия, Германия, Украина, Саудия, Сурия ва бошқа бир қатор юртларда бўлиб, улардаги ҳамда Исмоилбек Ғаспирали каби жадидчилик асосчиларидан таълим ҳақидаги маълумотлар олгани мактаблар ислоҳоти борасидаги қарашларини мукаммаллаштирди. Таълимда илғор мамлакатларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда ҳам пешқадамлигига ҳавас билан қаради. Туркистон ҳам ана шундай давлатлар қаторида бўлишини орзу қилди. 1914 йилда “Ойина” журналида босилган “Муҳтарам ёшларга мурожаат”ида надомат билан шундай фикрларни ёзади: “Ер юзидаги барча миллатлар ўз болаларини(нг) ибтидоий тарбиясиға ва мактабларнинг ҳар жиҳатдан интизоми ва акмолига аҳамият беруб болаларини миллий ва диний руҳда мукаммал етушдурарлар. Анинг учундурки, ўзга миллатлар диний ва миллий ҳиссиётга молик бўлуб, ҳар ишда диёнат ва миллиятни муқаддам тутарлар”. Беҳбудий бу ҳиссиётларни ватанпарварлик омили сифатида тушунади. Муаллиф дунёдаги урушлар ва иқтисодий тортишувларни ўша диёнат ва миллият ҳиссиёти натижаси сифатида кўради. Туркистон халқида бундай ҳиссиётнинг йўқлигидан қайғуради. Унинг фикрича, бу ҳиссиётни мактаблар тарбиялаши керак. Жадидлар устози мактабларни “тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозаси” ҳисоблайди.
Зарарли иллатлардан халос бўлиш ғояси
Беҳбудий келажак даврни “тамаддун асри” деб атайди. Бундай даврда замонавий илмларсиз, қуруқ, чирик тассаубот билан яшаб бўлмайди. Шунинг учун у жадид мактабларида кўпроқ замонавий дунёвий фанларни ўзлаштиришга диққат қаратади. Дунёвий фанларни эса жаҳоннинг тараққий қилган халқлари илм-фани орқали ўрганиш кўзда тутилади. Шунинг учун ҳам рус, немис, француз, инглиз, италян, араб, япон тилларидан бирини, бу тиллар мутахассиси бўлмаса, Кавказ ёки Қрим адабий тилларидан бирини ўрганиш шарт деб белгилайди у. Улуғ маърифатпарвар ёшларни замон билан ҳамнафас бўлишга, замонавий илмларни ўрганишга шу қадар кўп ташвиқ қиладики, бугунги кунда ҳам бу фикрлар ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Буҳбудийнинг замонавий илмларга даъвати ҳамон долзарб бўлгани каби уларни эгаллашда монелик қиладиган иллатлардан ҳам халос бўлмадик, балки улар ортмоқда. Тараққиётга тўсиқ бўладиган иллатлар унинг наздида қуйидагилар:
Биринчиси, тўй ва аза дабдабаларига берилиш. Бу иллатлар сил ёки маховликдан ҳам ёмон, инқирозга, таҳликага, жаҳаннамга сабаб бўлувчи, хонавайрон ва ғариб этувчи иллатлар сифатида Беҳбудий томонидан жуда кўп марта таъкидланади. Тўй хоҳ никоҳ бўлсин, хоҳ хатна халқимизда ўлмагунча қутулиб бўлмайдиган бало бўлса, азада гўёки ўликнинг ҳурмати сифатида етимларнинг ёки беваларнинг ҳоли ўйланмасдан, баъзан қарзларни адо қилишни ҳам унутиб, айниқса, баъзан қарз олиб қилинадиган харажатлар миллат учун кулфат эканидан надомат чекади. Бечора сағир, муштипар аёллар меросдан ҳақларини ололмай, худойи, хайрот, йиртиш ва ҳоказо сарф-харажатлар нафақат исроф, балки катта гуноҳлар сифатида тушунтирилади. Негаки, бу харажатлар халқнинг фойдасига, мамлакатнинг тараққийсига, миллатнинг юксалишига эмас, уларнинг хорликка маҳкум этилишига боис бўлади.
“Бир неча бойваччани биларманки, — деб ёзади Беҳбудий, — энг қаттиқ хизматларга гирифтор. Сабаби недур – илмсизлик. Ҳолбуки, аларнинг тўйига атоси 5 минг сўм сарф этиб эди”. Тўй ёки аза дабдабаси ҳеч кимга ҳеч нарса бермайди. Булар баъзан бойларнинг бир-икки кун номини чиқарса ҳам, тез унутилади, бошқа натижа бермайди. Шунинг учун ҳам, “Бошқа миллатларнинг бойлари фақир ва етимлар учун мактаб ва дорулфунунлар соладурлар, фақир ва етимларнинг ўқумоғи учун вақф-истепендиялар тайин қилур. Бошқа миллат милийўнерлари мактаби ила истипедияси-ла, идора қилатурган газет ва мажалласи-ла, бино қилган доруложизини, барпо қилган жамъияти хайрияси-ла фахр қиладур”. Бу сўзлар ўз даврида ибрат учун эди, албатта. Бизда ҳозирги кунларда ҳам шундай фидойилар борми? Бор бўлса ҳам, беш-ўндан ошмас.
Иккинчиси, сохта обрў ва ҳашам иштиёқи. Ҳар қандай сохталик аслида нуқсонни, ожизликни, нотовонликни хаспўшлашга уринишдир. Сохта обрў ва ҳашамга ружуъ қўйиш кишини ҳақиқатдан узоқлаштиради ва охир-оқибат хорликка мубтало қилади. Беҳбудий бу масалада ҳам жуда кўп тўхталади. Жумладан, унинг “Зўраки бой” мақоласида келтирилган ибратли ҳикоя нафақат давр аҳли бугунги сохтакорликка берилган кишиларга ҳам танбеҳдир.
Учинчиси, вақтни зоя қилишдан қайтариш. Беҳбудий вақт қадрини илм ва унга амал қилинган фойдали фаолият билан боғлайди. Лекин ҳаётда фойдасиз ҳаракатлар билан умрини ўтказаётган кимсалар ҳам борки, уларнинг ҳасратидан жамиятнинг илгари кетиши, тараққиёт бўлишига зарар етади. Беҳбудий буни кўпкари мисолида зикр этади: “Ўн-йигирма чақиримга тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди, кетди. Экин биргина кун кейин сепилган учун пишмай қолар. Биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзан хирманлар чириб кетар”.
Муаллиф маълум бир шаҳарда яҳудийлар ўликларини оқшом элтиб кўмишларини эслатиб, бунга уларнинг кундуз одамларни ишдан қолдирмаслик мақсади сабаб эканини таъкидлайди. Бизда бўлса, тўй, маъракалар учун ҳафталар, баъзан ойлар увол кетишидан озорланади у. Шунингдек, ёшларни вақтнинг қадрига етишга, вақтни имкон қадар илм-фан ўрганишга сарфлашга даъват этади.
Тўртинчиси, ришва – пора бериш. Пора Беҳбудий ва ундан олдин ўтганлар тилида ришва дейилади. Кўпинча, ришва олувчилар қораланади. Лекин Беҳбудий ришва берувчиларни лаънатлайди. Чунки улар замона илмини билмаганидан, ўзга миллат вакиллари бўлган амалдорлар олдида ожизликларидан пора беришга мажбур бўладилар. Ишини пора билан битказган нотавон бир умр шу ақидада қолади, яъни порасиз иш битмаслигига ўрганиб, келажагини қоронғу қилиб қўяди.
Бешинчиси, илм аҳлига нописандлик. Кўп билган дунёни кўпроқ англаши айни ҳақиқат. Дунёни англаган ҳамма ютуқлар ортида илм турганини ҳам тушунади. Дунёдаги катта ютуқларнинг ҳаммаси ҳам шундан. Кичик моддий муваффақиятлар авомнигина эмас, ҳақиқий илм аҳли бўлмаганларни ҳам чалғитади. Ҳақиқий тараққиёт, чин ютуқлар учун ҳақиқий илм аҳлини тарбиялаб етиштирмоқ лозим. Авом илм аҳлига эргашсагина ҳақиқий тараққийга, ютуққа эришилади, деган хулосага келади Беҳбудий ва дейди: “Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизнинг уламо билъакс авомға тобеъдур. Бунинг охири харобдур. Йигирма-ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик илм ва одоб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур”.
Юксак маданиятли ва маънавиятли жамият орзуси
Беҳбудий фикрларини умумлаштириб хулоса қилинадиган бўлса, Туркистон халқининг ҳар бир аъзосини ўқимишли, миллий қадриятлар жонкуяри, ўзлигини англаган, жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларидан баҳраманд, улар истифодасига қодир, миллий тараққиётга монелик қилувчи иллатлардан халос бўлган ва уларга қарши курашувчи шахслардан иборат бир жамият, яъни юксак маданиятли ва маънавиятли жамият орзу қилинган. “Оҳ! Биз қандай кейин қолганмиз. Халқи олам усули жадид ва илми замоний ила осмонларга учар, биз ҳануз бир-биримизни такфир (кофирга чиқариш) ва талъин (лаънатлаш) ила вақт ўткарурмиз”, дейди у. Кўзлангандек жамият аъзолари бўлишлари, жаҳонда муносиб ўрин эгаллашлари учун миллатдошларининг икки эмас, тўрт тилни билишлари лозимлиги кун тартибига жиддий масала қилиб қўйилади.
Маънавий етуклик, маданий баркамоллик ўзликни англашдан бошланади. Ўз ёки фарзанди исмининг бошқалар томонидан нотўғри аталиши, ёзилишига қарши тура олмайдиган, уни тўғрилашга кучи етмайдиган одамдан қандай қилиб етуклик, баркамоллик кутиш мумкин? Шунинг учун ҳам Беҳбудий бу масалани алоҳида муаммо сифатида кўтариб чиқади. Абдуссамадни Абсамат, Абсат деб, Ёдгорни – Жодигар, Лутфуллони – Нутфулла деб ёзиш мирзоларнинг саводсизлиги туфайли юзага келса ҳам, бунга исм эгасининг илмсизлиги ва дидсизлиги сабаб. Худди шундай, дўкон ва корхоналарнинг номларида улар эгаси қўйган номларнинг “Абдукодир”, “Патхулла”, “Обдурахмон” каби бузиб ёзилиши ёхуд болаларга Норқул, Тошмурод, Болтақул каби маъносиз исмлар қўйилиши ҳам мақсадга мувофиқ кўрилмайди. Буларнинг тузатилмаслигига айбдор ким? Беҳбудий айбни жамиятдаги жаҳолатга қўяди. “Бир замон бу ғалат исмларни тўғри ёзиб маҳкамага берилса, маҳкамадан тўғрини ғалат деб қайтарарлар...” Бу муаммолар ҳануз бор эмасми?
Замонавий, маданиятли кишининг фазилатларидан бири санъат орқали эстетик савиясини ошириб боришдир. Бунда театр энг мақбул санъатдир. Чунки унда жуда кўп санъатлар бирлашади. Шунинг учун ҳам Беҳбудий унга алоҳида эътибор қаратади: “Теётр бир навъ мактаб ҳукминдадур”. “Теётрхоналари масхарабозхона бўлмай, балки ибратхонадур. Ва анда мушаххис (актёр) бўлатургонлар ўйунчи ва масхарабоз бўлмай, балки мушаххис ва муаллими ахлоқдурлар”. Беҳбудий бу санъатнинг нозик хусусиятлари ҳақида ҳам мулоҳазалар билдиради:“Теётр учун муҳаррирни(нг) (драматург) не қадар чуқур ўйлагувчи зариф ва назокатлиги лозим бўлса, мушаххисларнинг ҳам товоно ва муқаллид ва ҳар нимарсани ўзидек қилиб кўрсатгувчи, нуктадон бўлиши лозим бўлуб, бул алоҳида бир санъатдурки, овруполилар мунга ҳам алоҳида мактаб ижод қилганлар”.
Беҳбудий театрни тушунмай, уни дин йўли билан манъ қилишга уринувчи кимсаларга “Падаркуш”ни мисол қилиб: “Муҳтарам ҳамшаҳарларимиздан рижо этармизки, келиб кўргонлари гунаҳ бўлгон жойини кўрсатсалар”, дейди. Умуман, дин ҳимоячиси сифатида ҳам Беҳбудий ёшларга дунёвий илмларни пухта ўрганиш диний эътиқодни кучайтириши тўғрисида мисоллар келтириб ўгит беради: “Зотан, исломият шундай бир дини матин ва қобили тараққийдурки, на қадар илми замоний кўп ўқуса, инсонни яна дини исломга ақидаси шунча мустаҳкам бўлур”.
Биз улуғ бир аждодимизнинг йўқолган кичик “Васиятнома”сини топа олмасак ҳам, унинг аслини англамоққа қасд қилган эдик. Васиятнома инсоннинг орзу-армонлари ифодаси экан, уларни васият соҳибининг дунёқараши, фикрлари, сўзлари ва амаллари англатади. Улуғларнинг мақсад, ғоялари ҳам улуғ бўлиши “Васиятнома”си мазмунини ҳам ана шундай даражага олиб чиқади. “Васиятнома”нинг ҳар бир банди ворислар томонидан адо этилганда руҳлар ором топади. Маҳмудхўжа Беҳбудий дунёқараши, фикрлари, сўзлари ва амаллари унинг орзу-армонларини, бизга нималарни васият қилганини англатади. Биз улардан қайсиларини адо қилдик, қайсилар ҳамон адо этилишини кутмоқда? Аждодларга содиқ авлодлар васиятларни муносиб адо этадилар.
Нафас Шодмонов,
филология фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
-
Ўзбекистон Президенти умра амалларини бажарди
450Ўзбекистон Президенти умра амалларини бажарди
19.07.2023
Давлат раҳбари лавозимига сайланганидан кейин илк хорижий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муқаддас Макка шаҳрига борди.
19 июль - ислом оламида бошланган ҳижрий 1445 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида давлатимиз раҳбари эҳромга кириб, умра амалларини бажарди. Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиш шарафига муяссар бўлди.
Шавкат Мирзиёев динимиз арконларига мувофиқ Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилди. Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, барча юртдошларимиз, ёш авлодимиз бахту иқболи ва ёрқин келажагини тилаб дуолар қилинди.
Таъкидлаш жоизки, айнан шу куни Каъбанинг кисвасини алмаштириш маросими бўлиб ўтди.
-
O‘zbekiston - Niderlandiya do‘stlik jamg‘armasi raisi bilan uchrashuv bo‘lib o‘tdi
468O‘zbekiston - Niderlandiya do‘stlik jamg‘armasi raisi bilan uchrashuv bo‘lib o‘tdi
BRYUSSEL, 20-iyul. /“Dunyo” AA/. O‘zbekiston madaniyati, sanʼati va sayyohlik salohiyatini keng targ‘ib qilishga yo‘naltirilgan tadbirlar doirasida O‘zbekistonning Belgiyadagi elchixonasida O‘zbekiston - Niderlandiya do‘stlik jamg‘armasi raisi Daliya Oltuntepe bilan suhbat bo‘lib o‘tdi, deb xabar qilmoqda “Dunyo” AA muxbiri.
Suhbat avvalida Daliya Oltuntepe O‘zbekistonda bo‘lib o‘tgan Prezidentilik saylovida kuzatuvchi sifatida ishtirok etishi asnosida Samarqand viloyatining bir qator saylov uchastkalarida bo‘lganligi, bu siyosiy tadbir zo‘r uyushqoqlik bilan va yuqori saviyada tashkil etilganini qayd etar ekan, saylov jarayoni ochiq va shaffoflik muhitida o‘tganligini alohida taʼkidladi.
Shu bilan birga, u o‘zi rahbarlik qilayotgan do‘stlik jamg‘armasi tashabbusi bilan Niderlandiyaning turli hududlarida iqtisodiy, madaniy, ilmiy va maʼrifiy tadbirlar o‘tkazilishi asnosida mamlakatning keng jamoatchiligi O‘zbekiston tarixi, madaniyati, sanʼati, iqtisodiy va sayyohlik salohiyati bilan yaqindan tanishish imkoniyatiga ega bo‘lganligini aytdi.
Suhbatdosh “Duma Tours” sayyohlik kompaniyasi asoschisi va menejeri sifatidagi faoliyati doirasida O‘zbekistonning sayyohlik salohiyatini Yevropa mamlakatlarida, jumladan, Benilyuks mamlakatlarida keng targ‘ib etishga katta eʼtibor qaratayotganiga, O‘zbekistonga yo‘l olayotgan sayyohlar oqimini ko‘paytirish ustida amaliy ishlar olib borayotganiga alohida urg‘u berdi.
Daliya Oltuntepe do‘stlik jamg‘armasining istiqbollari to‘g‘risida ham atroflicha to‘xtaldi. Rejada O‘zbekistonning milliy bayramlari, buyuk siymolarining tavallud sanalari munosabati bilan turli madaniy-gumanitar tadbirlar tashkil etish, Benilyuks mamlakatlarida O‘zbekistonning sayyohlik salohiyati taqdimotlarini muntazam o‘tkazish, o‘zbekistonlik turoperatorlar uchun treninglar tashkil etish, O‘zbekiston - Niderlandiya do‘stlik jamg‘armasining veb-saytida O‘zbekistonda olib borilayotgan islohotlar natijasida erishilgan muvaffaqiyatlar to‘g‘risidagi, uning sarmoyaviy va sayyohlik salohiyatini targ‘ib etishga yo‘naltirilgan maqola va maʼlumotlarni joylashtirish singari tadbirlar mavjudligini maʼlum qildi.
Shu bilan birga, suhbatdosh iyul oyining oxirida O‘zbekistonga borishini, Xalqaro do‘stlik kuni munosabati bilan Toshkentda o‘tkaziladigan tadbirda ishtirok etajagini aytdi.
Maʼlumot tariqasida qayd etish joizki, 2017 yili Niderlandiya Qirolligining bir guruh fuqarolarining tashabbusi bilan ikki mamlakat o‘rtasidagi madaniy-gumanitar, iqtisodiy, sarmoyaviy va turizm sohalaridagi hamkorlikni rivojlantirishga hissa qo‘shishga daʼvat etilgan O‘zbekiston-Niderlandiya do‘stlik jamg‘armasi (UzNed) tashkil etilgan edi.
Daliya Oltuntepe 2019 yildan beri ushbu jamg‘arma raisi sifatida faoliyat ko‘rsatib kelmoqda. Ushbu jamg‘arma O‘zbekiston-Niderlandiya hamkorligi uchun eng muhim platformalardan biriga aylangan.
-
Хорижий ҳамкорлардан самимий қутловлар
456Хорижий ҳамкорлардан самимий қутловлар
14.07.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари сайловдаги ишончли ғалабаси ва лавозимига киришгани муносабати билан хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат етакчилари, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келишда давом этмоқда.
Хорижий ҳамкорлар қайд этганидек, мамлакатимизда ўтган умумхалқ сайлови Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ортга қайтмас ислоҳотлар дастури ҳамда давлатимиз халқаро нуфузини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг навбатдаги тасдиғи бўлди.
Қутловларда мамлакатимиз билан дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани алоҳида таъкидланиб, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин,
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров,
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон,
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов,
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов,
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев,
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко,
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған,
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён,
Қатар Амири Давлати Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний,
Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму,
Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий,
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф,
Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ,
Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль,
Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла,
Венгрия Президенти Каталин Новак,
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан,
Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян,
Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб,
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Қатар Давлати Амири ўринбосари Шайх Абдуллоҳ бин Ҳамад Ол Соний,
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав Нозирий;
Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили,
Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович,
Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будайвий,
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюнь.
Қутловлар келиши давом этмоқда.