-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги нутқи
436Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг барча иштирокчиларини чин қалбимдан қутлайман.
Авваламбор, анъанавий илиқ қабул ва тадбирни юксак даражада ташкил этгани учун Тожикистон Республикаси Президенти ҳурматли Эмомали Шарипович Раҳмон номига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Бугунги учрашувимизда Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевни кўриб турганимдан хурсандман. Сизнинг иштирокингиз минтақа мамлакатларининг Озарбайжон билан чуқур тарихий боғлиқлиги ва ҳамкорликнинг ҳозирги юксак даражасининг яна бир тасдиғидир.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали вакили Каха Имнадзе жанобларини ҳам қутлайман. У бошқараётган Минтақавий превентив дипломатия маркази Марказий Осиёда кўп қиррали шерикликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганини қайд этмоқчиман.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугунги бешинчи Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши ва унда илгари сурилаётган ташаббуслар бизнинг ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шерикчиликка асосланган муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги интилишларимизни намоён этмоқда.
Умумий саъй-ҳаракатларимиз туфайли ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш ва ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида жиддий олдинга силжишга эришдик.
Бизнинг сиёсий мулоқотларимиз ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда. Мулоқот ва ҳамкорлик учун турли платформалар ишга туширилди.
Шу кунларда Душанбеда анъанага айланган етакчи аёллар, ректорлар, ёшлар учрашувлари, иқтисодий форум ва кўргазмалар, бир қатор маданий-гуманитар тадбирлар муваффақиятли ўтмоқда.
Энг асосийси – Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланмоқда. Бизнинг минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.
Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоизга кўпайди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Масалан, товар айланмаси 2,5 баробардан зиёд ошди. Ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 6 марта, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими эса 45 фоизга ўсди. Бундан ташқари, ички минтақавий туризм кўрсаткичлари 2 баробар ошди.
Ҳурматли учрашув қатнашчилари!
Минтақа мамлакатлари фаолиятининг халқаро майдонда яқиндан мувофиқлаштирилгани умумий саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз. Бизнинг мамлакатларимиз 2017 йилдан буён Марказий Осиёдаги тараққиёт ва шерикликнинг муҳим масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 8 та резолюциясини қабул қилиш юзасидан ташаббусларни илгари суришди.
Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда ва кенг эътироф этилмоқда. “Марказий Осиё плюс” форматида қарийб 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти таъсис этилгани буни тасдиқлайди. Ана шу мулоқотлар доирасида ташқи ишлар вазирлари даражасида бизнинг биргаликдаги ҳаракатимиз бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугунги кунда бизнинг барча мамлакатларимиз дунёда кузатилаётган геосиёсий рақобат ва зиддиятларнинг оқибатларини тўлиқ ҳис этмоқда. Бу ўринда савдо ва транспорт-логистика занжирларининг узилиши, инвестиция ва технологиялардан фойдаланиш борасидаги чекловлар, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича муаммоларнинг кескинлашуви ҳақида сўз бормоқда.
Иқлим ўзгаришлари алоҳида хавотир уйғотмоқда.
Ана шундай хавф-хатарларга самарали қарши туриш имконияти кўп қиррали шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга боғлиқ.
Шу муносабат билан ҳамкорлигимиз истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирмоқчиман.
Биринчи. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик минтақавий шериклик ва интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир.
Биз ушбу йўналишда минтақа мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитларни яратмоқдамиз.
Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан, минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилишни таклиф этамиз.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташқи савдо фаолияти бўйича масъул бўлган вазирларнинг доимий учрашувини ўтказиш механизмини ишга туширишни таклиф қиламиз.
Иккинчи. Саноат кооперациясини ривожлантириш.
Бизда бу соҳада муваффақиятли шериклик бўйича тажриба бор. Бу – енгил автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва шунингдек, Озарбайжон билан чегараолди ҳудудлари кооперациясидир.
Учинчи давлатларга экспорт қилишни кўзлаган ҳолда минерал ўғитлар, полимерлар, металлдан тайёр буюмлар, тайёр тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз тизимли тус олиши учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Учинчи. Бу – транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликдир.
Асосий ташқи бозорлардан жўғрофий жиҳатдан узоқлигини ҳисобга олганда, бизнинг мамлакатларимизда юкларни ташиш учун кетадиган харажатлар улуши товарларнинг сўнгги қийматига нисбатан 50 фоизгача етмоқда.
Айни вақтда дунёдаги ўртача кўрсаткич 11 фоиздан ошмайди. Натижада бизларнинг иқтисодиётимиз ривожланган давлатлардагидан кўра 2-3 марта кўп транспорт харажатини кўтаришга мажбур бўлмоқда.
Мамлакатларимизнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш, Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблаймиз.
Бизнинг биргаликдаги фаолиятимизга озарбайжонлик шерикларни фаол жалб этишни таклиф қиламан.
Тўртинчи. Энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш.
Афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир.
Биз бундай шароитда тармоқ вазирликлари ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдоримиз.
Бундан ташқари, электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишига айланиши лозим.
Бизнинг минтақамиз, шунингдек, гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Биз Тожикистонда Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқмоқдамиз, Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини амалга ошириш масаласини фаол ҳал этмоқдамиз.
Шу билан бирга, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.
Бешинчи. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Биз яқинда Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафеълигида дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан келган вазир ва экспертлар иштирокида халқаро конференция ўтказдик. Бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар давомида бизнинг минтақамиздаги заиф нуқталар яна бир бор қайд этиб ўтилди.
Булар – аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалаларидир.
Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир.
Олтинчи. Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланмоқда.
Шу муносабат билан, келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказмоқчимиз. Минтақа мамлакатлари делегацияларини ушбу анжуман ишида фаол иштирок этиш учун таклиф қиламан.
Форум якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” деб номланган резолюцияси лойиҳаси тайёрланади.
Шунингдек, Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ҳам иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга қўшилган амалий ҳисса бўлиши мумкин.
Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун биз экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Умумий тарих, урф-одат, маданият ва қадриятларга – Марказий Осиёнинг ноёб цивилизацияси муштараклиги ва ранг-баранглигига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бизнинг энг муҳим анъанавий устувор йўналишимиздир.
Биргаликдаги маданият, санъат ва кино кунлари, “дўстлик кечалари”, ёшлар форумлари, ижодкор зиёлиларнинг учрашувлари, илмий симпозиум ва спорт мусобақаларини ўтказиш эзгу анъанага айланиши лозим. Ушбу йўналишдаги ишларнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий-гуманитар ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилишни таклиф этамиз.
Айни вақтда бизнинг ноёб маданий-тарихий ва маънавий меросимизни халқаро майдонда кенг тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур. “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлади. Бунда умумий минтақавий контентни шакллантириш учун олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Буларнинг барчаси бир-бирини ўзаро тушуниш ва умумминтақавий ўзига хосликни англаш туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳурмат саммит иштирокчилари!
Ҳеч шубҳасиз, бизнинг келажагимиз – бу бизнинг ёшларимиздир. Шу маънода, бугун имзоланадиган Марказий Осиё давлатлари ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этамиз.
Шунингдек, мамлакатларимиздаги истеъдодли ёшлар учун илм-фан ва таълим соҳасида Ал-Хоразмий, Форобий, Жомий, Махтумқули, Чингиз Айтматов каби Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, аллома ва файласуфлар номидаги минтақавий грант ва стипендиялар таъсис этиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ёш авлодни экстремистик ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Минтақавий комплекс дастур ишлаб чиқиш зарур, деб биламиз.
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири, деб ҳисоблаймиз. Умумий таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича жамоавий қарорлар ишлаб чиқиш учун биз доимий равишда ва ўзаро ишонч асосида фикр алмашиб туришимиз лозим.
Шу муносабат билан хавфсизлик масалалари бўйича давлатларимизнинг Хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириб бориладиган мунтазам йиғилишларни ўтказиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаймиз.
Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқишга киришишни таклиф этамиз.
Хавфсизликка нисбатан анъанавий ва янги хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги сценарийларни амалда қўллаш бўйича қўшма ҳарбий-ўқув машқларини давом эттириш муҳимдир.
Фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида Минтақавий тизимни шакллантириш бугунги кун талаби, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган энг асосий омиллардан бири Афғонистондаги вазиятдир.
Афғонистоннинг бугунги ҳокимияти билан доимий ва очиқ мулоқот, ушбу мамлакатни минтақадаги иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш ғоят муҳимдир.
Ўзбекистон бундан буён ҳам афғон халқига зарур ёрдам кўрсатади, шу мақсадда Термиздаги халқаро хабни гуманитар кўмак учун тақдим этади, афғон фуқароларини махсус ташкил этилган таълим марказида ўқитишни давом эттиради.
Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш билан бирга, Афғонистоннинг ички транспорт йўлларини тиклаш ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Бундан ташқари, афғон томони билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот муҳимдир.
Афғонистон ҳокимияти билан ҳамкорлик бизнинг манфаатларимизни умумий тушунишдан келиб чиқиши ва ўзаро келишилган ҳолда бўлиши зарур.
Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари даражасида Мулоқот гуруҳини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бизнинг учрашувларимиз ва эришган келишувларимизни амалда жорий этиш самарадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаймиз.
Бундан ташқари, кун тартибидаги савдо-иқтисодий масалаларининг бутун комплекси бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Сўзимнинг якунида бугунги учрашувимиз натижалари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга, кенг миқёсдаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонч билдираман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
-
Ўзбекистон – БМТ: умумий барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик
537Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий муҳокамаларида иштирок этади.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда янги суверен, мустақил давлат сифатида БМТга аъзо бўлди. Мамлакатимиз ушбу универсал халқаро ташкилотга аъзо бўлганидан буён у ва унинг ихтисослашган муассасалари билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонда тинчликни таъминлаш ва мамлакатни тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни ҳал қилиш, хусусан, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, туризмни ривожлантириш ва бошқа жабҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси ва ихтисослашган ташкилотлари ишида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75- ва 76-сессиясида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясининг Олий даражадаги сегментида маъруза қилди.
2017 йил июнь ойида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари бўлиб ўтган эди. Давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида (АҚШ) ҳамда 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида (Хитой) ўтказилган «Бир макон, бир йўл» 2-Халқаро форуми доирасида БМТ Бош котиби билан учрашувлар ўтказди. Мазкур учрашувлар натижасида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режалари қабул қилинди ва улар амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги умумий муҳокамалардаги иштироки мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу тадбир давомида бир қатор муҳим халқаро ташаббуслар илгари сурилиб, улар сўнгги уч йил давомида муваффақиятли амалга оширилди.
Ўзбекистон етакчиси БМТ минбаридан туриб глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси доирасида олтита резолюция ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» (2018 йил июнь), «Маърифат ва диний бағрикенглик» (2018 йил декабрь), «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» (2019 йил декабрь), «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида» (2021 йил май), «Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида» (2022 йил июль), «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги (2022 йил декабрь) резолюциялар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан «COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисида»ги (2021 йил октябрь) ва ЮНЕСКО томонидан эса «Хива жараёни: Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантириш» (2021 йил 14-16 сентябрь Хива) резолюциялари қабул қилинди.
Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши глобал курашга қўшган ҳиссаси сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати ўлароқ тарқатилди.
Ўзбекистон кўп томонлама ҳамкорликнинг янги руҳини қўллаб-қувватлаган ҳолда аъзо давлатлар билан биргаликда БМТ доирасида кейинчалик қабул қилиш учун Бош Ассамблеянинг бир қатор резолюциялари лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда.
1993 йилдан бери Тошкентда БМТ ваколатхонаси фаолият юритяпти. Ўзбекистонда, шунингдек, «БМТ оиласи»ни БМТнинг Тараққиёт Дастури (БМТТД), БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг Таълим, фан ва маданият ташкилоти (ЮНЕСКО), БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), БМТнинг Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича ташкилоти (БМТ аёллар), БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ), Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ва БМТ ТД раҳбарлиги остидаги БМТ кўнгиллилар дастури тақдим этмоқда.
БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO), БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) ва БМТнинг Европа иқтисодий Комиссияси (ЕИК) каби ташкилотлар ҳам БМТ тизими фаолиятига ҳисса қўшмоқда. Жаҳон банки БМТ тизимининг мустақил ихтисослашган муассасаси сифатида ташкилотнинг мамлакатимиздаги фаолиятига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
БМТнинг Ўзбекистонга ривожланиш мақсадларига кўмак бериш бўйича дастури ўрта муддатли истиқболда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш контекстида Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро ҳамкорликнинг самарали воситасидир.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш доирасида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги олий ва юқори даражадаги сиёсий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.
Ўзбекистон Афғонистонда афғон халқи бошига улкан офатлар олиб келган, бутун минтақа учун жиддий таҳдидлар манбаига айланган кўп йиллик қонли урушга чек қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг Афғонистонни можародан кейинги тикланиш дастурларини амалга оширишга самарали ҳисса қўшмоқда. Хусусан, Ўзбекистон–Афғонистон чегара ҳудудида халқаро гуманитар юкларни етказиб бериш учун кўприк очди, шунингдек, Афғонистонда кўплаб инфратузилма объектларини барпо этишга кўмаклашиляпти.
Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва айрим давлатларга Афғонистондаги инсонпарварлик фаолиятини Термиз орқали амалга оширишда ҳам ҳар томонлама ёрдам бераяпти. Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан Афғонистонга инсонпарварлик юкларни марказлаштирилган ва мақсадли етказиб беришни таъминлаш мақсадида Термиз шаҳрида Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби ташкил этилди. Термизнинг имкониятларидан БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси ва Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳам кенг фойдаланмоқда.
2018 йил март ойида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Декларация ўша йилнинг апрель ойида БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг 72-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва Тошкент конференцияси ҳақида маълумот БМТ Бош котибининг 2018 йил сентябрь ойида эълон қилинган «Афғонистондаги вазият ва унинг халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун оқибатлари» маърузасига киритилди.
2022 йил июль ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича конференция ўтказилиши ҳам Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатда барқарор тинчлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси бўлди.
Айни пайтда БМТ доирасида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари суриш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон билан БМТ ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик тобора фаоллашиб бормоқда. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев эътиборни яна бир ўткир ва зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган сайёравий муаммо – Орол фожиасига қаратиб, жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини «ушбу экологик ҳалокатнинг Марказий Осиёда яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш ва Оролбўйи минтақасидаги табиий ҳамда биологик мувозанатни сақлашга» қаратишга чақирмоқда.
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий муҳокамаларида илгари сурилган ташаббусига мувофиқ, 2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилди. Унинг тақдимоти 2018 йилнинг ноябрь ойида ташкилот Бош котиб Антониу Гутерриш иштирокида ташкилот штаб-квартирасида бўлиб ўтди.
Тақдимот чоғида БМТ раҳбари таъкидлаганидек, «ушбу тузилма маҳаллий аҳоли турмуш шароитини сезиларли даражада яхшилайди ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшади».
Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция уюштирилди. Унда 28 давлатдан 250 га яқин иштирокчи, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари қатнашди.
2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг ялпи мажлисида «Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш» махсус резолюциясини қабул қилди. Ушбу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан бўлиб ўтган учрашув чоғида илгари сурилган эди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва Марказий Осиёнинг барча бешта давлати номидан тақдим этилган мазкур ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Ҳужжатга Шимолий ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлик қилгани Ўзбекистон раҳбари ташаббусининг долзарблиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилганидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлигида диний бағрикенгликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш, ёшлар ҳаёти билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқида Ўзбекистон таклиф этаётган резолюциянинг асосий мақсади «барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат» эканини таъкидлади. Ҳужжат «бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш»га қаратилган.
Жамиятнинг барча жабҳаларида рўй бераётган чуқур ўзгаришларга мувофиқ, Ўзбекистон илк бор 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига (ИҲК) ўз номзодини илгари сурди ва кўпчилик давлатлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътиборга лойиқ. 2018 йилда Парижда, 2019 йилда Самарқандда ва 2022 йилда Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ва ЮНЕСКО бош директори Одри Азуленинг учрашувлари бўлиб ўтди.
2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Тарихий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси тузилди. Ўша йили Хивада Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКО билан ҳамкорликда «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми ташкил этилди. Мазкур форум натижасида ишлаб чиқилган «Хива жараёни: Марказий Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантириш» резолюцияси ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2021 йил ноябрдаги 41-сессиясида бир овоздан қабул қилинган эди.
2022 йил июль ойида Ўзбекистон тарихда биринчи марта 2022-2026 йилларга мўлжалланган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита аъзоси бўлди.
2022 йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин давлат вакиллари ва халқаро ташкилотлар расмийлари иштирокида ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. 2023 йил 10-24 май кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 216-сессияси якунлари бўйича «Тошкент декларациясини амалга ошириш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг болалар тарбияси масалалари умумбашарий тараққиётга эришишнинг муҳим омили экани тўғрисида»ги резолюцияси бир овоздан қабул қилинди.
Шу кунга қадар ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига ўзбек маданиятининг 12 элементи киритилган. Жумладан, «Шашмаком», «Бойсун тумани маданий муҳити», «Катта ашула», Аския», «Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар», «Наврўз», Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази , «Лазги», «Миниатюра санъати», «Бахшичилик», «Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш» ҳамда «Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари» каби элементлар Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатидан ўрин олган.
Мамлакатимизда халқаро туризм фаол ривожланмоқда. Бунда Ўзбекистон 1993 йилда аъзо бўлган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўлида туризмни ривожлантириш бўйича ЮНВТО минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм университети ташкил этилган бўлиб, у энг машҳур ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасидаги биринчи университет ҳисобланади.
Жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтади.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга қарши кураш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, миллий соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш соҳаларида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасидаги ҳамкорлик асослари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ўртасидаги икки йиллик ҳамкорлик шартномаси ҳисобланади.
Ўзбекистон делегациялари Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси сессияларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
2021 йилдан буён ЖССТ мамлакатга соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва уни тажриба ҳудуди (Сирдарё)да синовдан ўтказиш, шу жумладан давлат тиббий суғуртасини жорий этишда кўмаклашувчи етакчи ташкилот ҳисобланади.
Сўнгги йилларда БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги фаолияти ҳам сезиларли даражада фаоллашди. 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Жаҳон болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш» форуми муваффақиятли ўтказилди.
2021 йил 11 февраль куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган ЮНИCЕФ Ижроия кенгаши сессиясида жамғарманинг Ўзбекистон бўйича 2025 йилгача бўлган янги ҳамкорлик дастури тасдиқланди.
Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Ўзбекистонда аҳоли ва репродуктив саломатлик соҳасидаги дастурларни амалга оширишда БМТ тизимида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича жамғарма билан самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги босқичда ЮНФПАнинг бешинчи мамлакат дастури амалга ошириляпти, унинг доирасида репродуктив саломатлик бўйича турли тренинглар, семинарлар, конференциялар ўтказилмоқда. Мамлакатимизда аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этил этиляпти, шунингдек, клиник протоколларни янгилаш, тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
2022 йил ноябрь ойида ЮНФПА билан ҳамкорликда республикада аҳоли масалалари, демографик фан ва тадқиқотларни ривожлантириш бўйича давлат органларининг салоҳиятини ошириш мақсадида Демографик лаборатория ишга туширилди.
Ўзбекистон билан БМТнинг Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган – «БМТ аёллар» ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарали кечаётир. Мазкур тузилма билан биргаликда гендер ва ёшлар масалаларига бағишланган халқаро форум ҳамда конференциялар мунтазам ташкил этиляпти, ихтисослаштирилган йўналишларда лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда кейинги йилларда муносиб меҳнат учун шарт-шароит яратиш, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш, ишчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида эришилган ютуқларни юксак баҳолайди. Мамлакатимизда ХМТнинг 20 та конвенцияси, жумладан, 10 та асосий конвенциядан 9 таси ратификация қилинган. ХМТ тавсияларини инобатга олган ҳолда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ва Меҳнат кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Айни пайтда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ёшлар, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун таълим, бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларни ўз ичига олган «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури» амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) мамлакатимизнинг муҳим ҳамкорларидан бирига айланди. Айни пайтда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва у амалга ошириляпти. ХМТ билан биргаликда республикада меҳнат миграцияси, чегараларни бошқариш, одам савдосига қарши курашиш, меҳнат муҳожирларини ёллаш бўйича мутахассислар малакасини ошириш cингари лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилаётир.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари БМТ раҳбарияти ва аъзо давлатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Чунки, Ўзбекистон томони илгари сураётган ташаббуслар глобал ташкилотнинг глобал мақсадларига, жумладан, сайёрамизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Барқарор тинчликнинг фаол тарафдори ва халқаро майдонда ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ташаббускори сифатида Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликка доимо катта эътибор қаратиб келади.
Албатта, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбарларининг жаҳон форумидаги иштироки, Ўзбекистонда умуминсоний барқарор тараққиёт йўлида замонамизнинг глобал муаммоларини ҳал этишга хизмат қиладиган янги муҳим ғоя ва ташаббусларни эълон қилиш имконини беради.
«Дунё» ахборот агентлиги
Тошкент ш.