-
Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди
492Самарқандда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси 25-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Самарқандга “Бутунжаҳон маданий туризм пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимов ва ЮНВТО бош котиби З.Пололикашвили томонидан имзоланди.
-
Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди
521Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.
Глобал сайёҳлик ташкилотининг 140 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирокида 20 октябрь кунига қадар давом этадиган бош тадбирида давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон етакчиси туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди.
Сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди, солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди, кредит ва молиявий ёрдам кучайтирилди. Пандемия чекловларига қарамасдан, икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди.
Меҳмонхона ўринлари сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрути очилди, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.
Натижада Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказиш режа қилинган.
Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон энг тез ривожланаётган туризм маскани ва энг хавфсиз давлат сифатида халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон раҳбари Туризмни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган стратегияда замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади. Юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган янги автомобиль ва темир йўллар қурилади, авиатранспорт парки 2 баробар кенгайтирилади, авиақатновлар сони тўрт баробар оширилади. Катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади.
“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади.
Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сонини ҳозиргидан уч баробар кўпроққа оширилади.
Марказий Осиё давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш масалалари диққат марказида бўлади.
Умуман, туризм йўналишларини ривожлантириш ҳисобидан келгусида камида 1 миллионта янги иш жойлари яратиш режалаштирилган.
Айни пайтда Ўзбекистон етакчиси глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш эканини қайд этди. Халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги кўрсатиб ўтилди. Бу борадаги амалий қадамлар сифатида ЮНВТО доирасида “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этиш, шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро университети ҳамкорлигида Глобал “яшил” туризм стартаплари лабораториясини яратиш таклиф қилинди.
Имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
ЮНВТО доирасида тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибалар билан алмашиш учун платформа - Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ўзбекистон кенгашнинг биринчи йиғилишини Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз етакчиси яқинда Самарқандда очилган туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дунёда ўхшаши йўқ ЮНВТО Халқаро туризм академиясида мутахассисларни ўқитиш учун махсус грантлар ажратилишини эълон қилди.
Ўзбекистон раҳбари ёшлар учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланадиган Жаҳон ёшлар туризми саммитининг навбатдагисини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф этди.
“Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ЮНВТО махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси билдирилди. Ушбу режани амалга ошириш билан Самарқандда очилган “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланади.
Глобал медиа кампусини таъсис этиш ва унинг форумларини ҳар икки йилда бир марта Бош Ассамблея сессиялари доирасида ўтказиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Биринчи медиа кампусини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилди.
Давлатимиз раҳбари делегатларни Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти Бош Ассамблея сессияси муваффақиятли ўтишини ва унда янги натижаларга эришилишини тилади.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясидаги нутқи
1068Ҳурматли Бош котиб жаноблари!
Ҳурматли делегация раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясининг очилиш маросимида барчангизни самимий қутлашдан бахтиёрман.
Ташкилотимизнинг юбилей йиғилиши Буюк ипак йўлининг дурдонаси, Янги Ўзбекистоннинг йирик сайёҳлик маскани бўлган ушбу қадимий шаҳарда ўтказилаётгани чуқур рамзий маънога эга.
Жаҳон цивилизациялари чорраҳасида жойлашган бу бетакрор шаҳар асрлар мобайнида Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлайдиган, савдо, илм-фан ва маданиятнинг чинакам маркази бўлиб келган. Машҳур Римга тенгдош бўлган ушбу боқий замин улкан салтанатлар пойтахти, улуғ аллома ва мутафаккирлар, азиз авлиё зотлар камол топган юрт сифатида бизга ҳамиша ғурур бағишлайди.
“Ер юзининг сайқали” дея шуҳрат қозонган, Шарқнинг икки буюк Уйғониш даври ривожига улкан ҳисса қўшган Самарқанд бугунги кунда жаҳоннинг замонавий сайёҳлик марказларидан бирига айланиб бормоқда. Нуфузли халқаро тадбиримизнинг айнан бу азим шаҳарда ташкил этилаётгани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.
Хуш келибсиз кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга, азиз меҳмонлар!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Маълумки, туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири ҳисобланади. Глобаллашув жараёнлари инсонларнинг дунё бўйлаб эркин ҳаракатланишига кенг имкониятлар эшигини очди.
Бутунжаҳон туризм кенгаши маълумотларига кўра, коронавирус пандемиясидан аввал жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 10 фоизи, экспортининг эса 7 фоизи сайёҳлик секторига тўғри келган.
Афсуски, пандемия ушбу тармоққа жиддий зарба берди. Натижада туризм экспорти даромадлари сезиларли даражада қисқарди, миллионлаб иш ўринлари йўқотилди.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва сизлар вакиллари бўлган давлатлар ҳукуматлари томонидан олиб борилган тизимли ишлар натижасида бугунги кунда глобал туризм қайта оёққа турмоқда. Барча мамлакатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари ва яқин ҳамкорлиги туфайли ушбу тармоқ янги муаммо ва таҳдидлар қаршисида ўзининг мослашувчан ва барқарорлигини намойиш этмоқда.
Ўтган йили дунё миқёсида салкам бир миллиард турист хорижга саёҳат қилди. Бу пандемияга қадар бўлган кўрсаткичнинг салкам 70 фоизини ташкил этди. Жорий йилда ушбу рақам янада ўсиши кутилмоқда.
Кўплаб давлатлар ҳозирги мураккаб вазиятда ўз иқтисодиётини тиклаш ва долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда туризм соҳасига таянмоқда. Глобал рақобат муҳити кучаймоқда. Бу албатта бежиз эмас: соҳага киритилаётган ҳар бир доллар келгусида 3-4 баробар даромад келтиришини барчангиз яхши биласиз.
Яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни эса бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойини ҳосил қилишга имкон беради.
Шу маънода, туризм мамлакатларимизнинг умумий фаровонлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим омилидир, десак, муболаға бўлмайди. Айни пайтда, у жаҳон халқлари ўртасида маданий алмашувларни кучайтирадиган, бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлайдиган қудратли воситадир.
Ҳурматли форум қатнашчилари!
Биз Ташкилотимизнинг туризмни дунёнинг барча минтақаларида жадал ривожлантириш ва уни жаҳон иқтисодиёти драйверларидан бирига айлантириш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Унинг соҳадаги янгича ёндашувлари, хизматлар сифатини кескин ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлари ҳамда инфратузилма лойиҳаларига катта урғу бераётгани таҳсинга сазовордир.
Айниқса, Ташкилотнинг глобал кун тартибида туризмнинг асосий ўрин эгаллаши, таълим салоҳиятини ошириш, камбағалликни қисқартиришда сайёҳлик соҳаси улушини ошириш, кўп томонлама шериклик алоқаларини кучайтиришга қаратилган интилишлари барчамизнинг муштарак мақсадларимиз билан уйғундир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда ишончли ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорига айланди.
Ўтган даврда мамлакатимиз учун хавфсиз туризм бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, стартап лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шаҳарларимизда Ташкилотнинг минтақавий анжуманлари ўтказиб келинмоқда.
Яхши хабардорсизлар, биз сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли, ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини амалга оширяпмиз. Унда асосий эътиборни демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратмоқдамиз.
Олиб бораётган “очиқ эшиклар” сиёсатимизда туризм тармоғига устувор аҳамият беряпмиз.
Салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизимини қўллаяпмиз. Яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди.
Биз сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитларни яратдик. Солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этдик, кредит ва молиявий ёрдамни кучайтирдик. Янги меҳмонхоналар қуриш ва халқаро брендларни жалб этиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун субсидиялар ажратилмоқда. Шу туфайли пандемия чекловларига қарамасдан, биз икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳасини амалга оширдик.
Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида туристик инфратузилмани яхшилаш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ инвестиция сифатида киритилди. Бугунги анжуманимиз ўтказилаётган “Ипак Йўли” сайёҳлик маркази ана шундай йирик лойиҳалардан биридир.
Бундан ташқари, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туризм полицияси ташкил этилди.
“Амирсой” қишки курорти, “Афсоналар водийси”, “Зомин” ва “Чорвоқ” зоналари кўплаб хорижий сайёҳлар эътиборини тортадиган халқаро туризм масканларига айланди.
Анъанавий турмуш тарзи ва ноёб ҳунармандчиликка эга бўлган туризм қишлоқлари ташкил этилмоқда.
Сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида меҳмонхона ўринлари сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрути очилди, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.
Сайёҳлик соҳасида профессионал кадрларни тайёрлашга катта эътибор беряпмиз. Ўзбекистондаги 35 та олий таълим муассасасида халқаро стандартлар асосида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Самарқандда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида 19 та мамлакатдан келган талабалар таҳсил олмоқда.
Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди.
Мисол учун, сайёҳлар сони бу йил Япониядан – 5 баробар, Ҳиндистон ва Италиядан – 3,5 баробар, АҚШдан – 2 баробарга ортди.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказишни режа қиляпмиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Кенг кўламли ишларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “энг тез ривожланаётган туризм масканлари” рўйхатида, шунингдек, машҳур “Геллоп” ижтимоий тадқиқот марказининг “Сайёҳлик учун энг хавфсиз давлат” рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимиз АҚШнинг “National geographic traveler awards” рўйхатида “Йил янгилиги” ҳамда “Гастрономик туризм” номинациялари ғолиби бўлди.
Ўзбекистон ўтган йили “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси”да “энг кучли саёҳат йўналиши” сифатида тан олинди.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Биз ўз олдимизга жуда катта мақсад ва режаларни қўйганмиз ва бу борада сизлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Жумладан, Туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқмоқдамиз.
Бу борадаги асосий йўналиш сифатида замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратамиз.
“Тошкент–Самарқанд” ва “Навоий–Бухоро” йўналишлари учун яна 6 та тезюрар поезд олиб келинади, юртимизда 600 километр қўшимча темир йўллар қурилади.
2025 йилдан бошлаб “Тошкент–Хива” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади, 2026 йилдан эса ушбу йўналиш Нукус шаҳригача узайтирилади.
Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд” ва “Тошкент–Андижон” йўналишларида хусусий шериклик асосида пуллик автомагистраллар қурилади. Натижада ушбу йўналишларда манзилга етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради.
2030 йилга қадар яна 56 та замонавий авиалайнер олиб келамиз ва авиапаркимиздаги самолётлар сонини 100 тага етказамиз. Бундан ташқари, авиақатновлар сони 4 баробар оширилади. Барча аэропортларда “очиқ осмон” режими жорий қилинади, ҳудудлардаги 6 та йирик аэропорт хусусий шериклик асосида янгиланади.
Шунингдек, катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади.
Биз юртимизнинг маданий туризм салоҳиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратамиз.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига 200 дан зиёд моддий ва 6 та номоддий объектларимиз киритилган.
“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади.
Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сонини ҳозиргидан уч баробар кўпроққа оширамиз. Ана шу эзгу мақсадда табаррук зиёрат масканларининг географияси кенгайтирилиб, уларнинг ягона харитаси яратилмоқда.
Самарқандда улуғ мутафаккир бобомиз Имом Бухорий ҳазратлари хотирасига бағишлаб бунёд этилаётган муҳташам меъморий мажмуа бу борадаги улкан лойиҳаларимиздан бири бўлишига ишонаман.
Минтақамиз давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш, Марказий Осиёда транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, жумладан, “Бир тур – бутун минтақа” дастурини амалга ошириш диққатимиз марказида бўлмоқда.
Мухтасар айтганда, тиббий, экологик, гастрономик, этно, экстремал ва бошқа туризм йўналишларини ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларимиз ҳисобидан келгусида камида 1 миллионта янги иш жойлари яратишни мақсад қилганмиз.
Ҳурматли форум қатнашчилари!
Дунё туризм индустриясининг эътиборга молик йирик тадбири – Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Марказий Осиё минтақаси учун катта тарихий воқеадир.
Ишончим комилки, ушбу анжуман Ташкилотимизга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва унга янги шиддат бағишлашга хизмат қилади.
Алоқаларимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш учун қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман.
Биринчидан, глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлашдир.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган низо ва беқарор вазиятлар соҳа ривожига пандемиядан ҳам кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда.
Минг афсуски, бу жараёнлар оқибатида жозибадор ва анъанавий йўналишларда туризм салоҳияти ва сайёҳлар сони кескин пасаймоқда, хавфсиз туризм учун доимий тусга эга бўлган хатар ва таҳдидлар ортмоқда, уларнинг салбий таъсири қўшни минтақаларга ҳам тобора кенгроқ тарқалмоқда, бутунжаҳон маданий мерос объектлари ва кўҳна архитектура ёдгорликлари вайрон қилинмоқда ва ҳатто айримлари Ер юзидан йўқ бўлиб кетмоқда.
Бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш учун барчамиз ҳамжиҳат ва якдил бўлиб, бор куч ва саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз керак.
Шу мақсадда, ҳозирги мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Иккинчидан, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Шунингдек, Ташкилотимизнинг “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этишни таклиф қиламиз.
Ташкилот кўмагида яқинда иш бошлаган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро университети ҳамкорлигида Глобал “яшил” туризм стартаплари лабораториясини яратмоқчимиз.
Биз энг яхши инновацион ечимларни яратиш мақсадида грант маблағларини ажратишга тайёрмиз. Барча аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларни ушбу лойиҳага қўшилишга таклиф этамиз.
Учинчидан, имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида биз Ташкилотимиз доирасида 2025 йилни “Бутун жаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.
Тўртинчидан, Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу платформа маданий мерос объектларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибалар билан алмашиш, тавсия ва самарали ечимларни шакллантириш имконини беради.
Кенгашнинг биринчи йиғилишини қадимий Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрмиз.
Бешинчидан, бугун биз Самарқандда туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган, дунёда ўхшаши йўқ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академиясини очдик.
Ишончим комилки, ушбу Академия глобал таълим хабига айланади ва жаҳон туризм саноатини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон иқтидорли мутахассислар учун махсус грантларни тақдим этади ва давлатларингиз вакилларини бу дастурда фаол иштирок этишга чақиради.
Олтинчидан, Ташкилотимиз билан яқин ҳамкорликда Жаҳон ёшлар туризми саммитини Тошкентда ўтказиш ҳақидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз, деган умиддаман.
Аминманки, ушбу форум ёшларимиз учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланади.
Еттинчидан, “Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ташкилотнинг махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббусини билдирамиз.
Ушбу режани амалга оширишда биз бугун Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликда очган “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланиши мумкин, деб ҳисоблаймиз.
Яна бир масала. Эътиборингизни туризм соҳасининг фаол тарғиботчилари – журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларига қаратмоқчиман.
Ташкилотимиз қўшимча платформалар яратиш орқали бу иқтидорли ва жонкуяр ижодкорларнинг катта куч ва салоҳиятини бирлаштиришда фаол роль ўйнаши лозим.
Шу муносабат билан етакчи оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва энг яхши саёҳат блогерларини ўзида бирлаштирадиган Глобал медиа кампусинини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Бундай медиа форумларни ҳар икки йилда бир марта Ташкилот Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиялари доирасида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Биринчи медиа кампусни юртимизда қабул қилишга тайёрмиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Сизлар анжуман давомида Самарқанднинг қадимий тарихи, бой маданияти, унинг бетакрор гўзаллиги, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўласизлар.
Бу азим шаҳар дунёнинг барча минтақаларидан ташриф буюрадиган миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этаётган Буюк ипак йўлининг чинакам жавоҳиридир.
Сиз, азизлар, Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонаман.
Бу юксак мақом асрлар бўйи ўз таровати ва беқиёс меросини безавол сақлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Самарқанднинг мўътабар номига ҳар томонлама муносиб бўлар эди.
Ҳурматли дўстлар!
Ҳеч шубҳасиз, бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида қабул қилинадиган ҳужжатлар ва келишувлар глобал туризм индустриясининг жадал ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.
Бош Ассамблея сессияси доирасида ўтказиладиган инвестиция ва таълим форумлари жаҳоннинг барча туроператорлари, олийгоҳлар ва йирик компанияларнинг ўзаро мулоқоти учун самарали майдон бўлишига аминман.
Ушбу форумларда барча ҳудудларимиз ўзларининг бой тарихий ва маданий салоҳиятини, сайёҳлик имкониятларини тўлиқ намойиш қилади ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳалари пакетини тақдим этади.
Бу тадбирларда сизларни фаол иштирок этишга чақираман.
Барчангиз Янги Ўзбекистонни ўзингиз учун кашф этишингизга, ушбу ташриф қалбларингизда унутилмас таассуротлар қолдиришига ишонаман.
Сиз, азиз дўстларимиз учун Ўзбекистон эшиклари ҳамиша очиқ ва барчангиз биз учун доимо қадрли меҳмонсиз.
Бош Ассамблея сессиясининг ишига муваффақият ва омадлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
-
Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан кўп қиррали ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади
874Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш доирасида мамлакатимизда бўлиб турган БМТ тизимидаги ушбу етакчи тузилманинг бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Туризм тармоғини ислоҳ қилишда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айланган ЮНВТО билан ҳамкорликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
“Ипак йўлида туризм” брендини кенг ёйиш, жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизга туризм йўналишларини оммалаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Мамлакатимизда ЮНВТО Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлди.
ЮНВТО бош котиби Ўзбекистон Президентига туризм соҳасининг жорий йилги бош халқаро тадбири юксак савияда тайёрланиши ва ташкил этилишига кўрсатилган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.
Форумда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражали делегациялар иштирок этаётгани глобал ва минтақавий туризм марказларидан бири сифатида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.
Бош Ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Улар якунида мазкур йўналишлар бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидани аниқ шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
-
Президент маҳалла боғига кўчат экди
1071Давлатимиз раҳбари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларига ташрифи чоғида жамоатчилик билан бирга кўчат экди.
Президентимиз ташаббуси билан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш катта ҳаракатга айланмоқда. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат ўтқазилиши мўлжалланган. Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчат бепул етказиб берилади. Шунингдек, 15 октябрдан барча туман ва маҳаллаларда кўчат ярмаркаси ташкил қилинади.
Маҳалла аҳолиси билан суҳбатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ҳақида сўз борди.
- Бугун келишимиздан мақсад - ўтган йилги сабоқдан натижа нима бўлганини кўриш, - деди давлатимиз раҳбари. - Бунинг учун керакли қарорлар қабул қилдик, катта маблағлар ажратдик. Хориждан технологиялар, мутахассислар олиб келдик. Соҳа ходимлари қўшимча ўқитилди, уларнинг ойликлари оширилди. Ҳозир раҳбарларга ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўп қаватли уй, мактаб, шифохоналарга кириб, иссиқликни кафолатлаш бўйича яна топшириқлар бердим. Энг муҳими, бу борада халқ назоратини йўлга қўямиз. Шу билан бирга, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш керак. Сизга ўхшаган кўпни кўрган инсонлар, зиёлилар бунда намуна, давлатга кўмакчи бўлиши зарур.
Жамоатчилик вакиллари куз-қишга тайёргарликни, юртимиздаги ўзгаришларни эътироф этиб, ўз уйлари ва барча муассасаларда иссиқликни асрашда жонкуяр бўлишларини таъкидлашди.